Томорқачиликда «хонқа тажрибаси»
  • 27 Октябрь 2017

Томорқачиликда «хонқа тажрибаси»

 

Бу усул республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам жорий этилади.

Хонқаликлар азалдан ишбилармонлиги, тадбиркорлиги билан ном қозонган. Кейинги йилларда кичик бизнесга қаратилаётган эътибор, соҳа вакилларига яратиб берилаётган шарт-шароитлар уларнинг айни шу жабҳадаги қобилиятларини тўлиқ юзага чиқаришда қўл келмоқда. Натижада тадбиркорлар сафи тобора кенгайиб, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим роль ўйнаяпти.

Аммо туман аҳолисининг барчаси ҳам жамиятда ўз ўрнини топиб олган, доимий иш жойи, даромад манбаига эга, деб бўлмайди. Жорий йил бошида туман ҳокимлиги томонидан тузилган ишчи гуруҳ хулосаси ҳам фикримизни тасдиқлайди. 

Ушбу гуруҳ аъзолари уйма-уй юриб, 44 та маҳалладаги 46 минг 650 та хонадоннинг иқтисодий аҳволи, бандлик масалаларини ўрганишганда, шундан 1003 таси  кам таъминланган оила эканлиги маълум бўлди. Эътиборли жиҳати, ўтган қисқа давр ичида мазкур оилалар ҳаётида туб бурилиш юз берди. Оилалар аъзоларининг кўпчилиги иш билан таъминланиб, турмуш шароити яхшиланди. 

Табиий савол туғилади: бунга қандай қилиб эришилди?

Янги тизим иш берди

Бунда қўшимча даромад манбаи бўлган томорқа ерларидан унумли фойдаланишга жиддий эътибор қаратилгани муҳим омил бўлди. Яъни дастлаб 58 нафар фуқаронинг томорқа имкониятларидан келиб чиқиб, бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари ишлаб чиқилди. Унга кўра, кам таъминланган оилаларга тадбиркорлар бириктириб қўйилди. Яъни ишбилармонлар кўмаги билан томорқаларга юқори даромад келтирадиган экинлар экиш, етиштирилган ҳосилни тадбиркорлар томонидан сотиб олиш бўйича тизим яратилди. 

Мадир қишлоғидаги “Хонқа дон агро экспорт” масъулияти чекланган жамиятига қарашли 11 гектар боғ шу усулда кам таъминланган оилаларга бириктирилди. Аҳолига оралиқ экинлар етиштириш учун уруғлик, минерал ўғит, кимёвий воситалар — деҳқончилик учун неки зарур бўлса, барчаси етказиб берилди. Агротехника тадбирлари ўз вақтида бажарилгани туфайли экспортбоп маҳсулотлар етиштиришга муваффақ бўлинди. Олинган даромаднинг 50 фоизи боғда доимий меҳнатга жалб қилинган 11 нафар фуқарога иш ҳақи сифатида тақдим этилди. 

Бундан ташқари, 17 та кам таъминланган оилага томорқасидан унумли фойдаланишлари учун уруғлик, минерал ўғит, -кимёвий препаратлар етказиб бериш, техника хизмати кўрсатишда ушбу агрофирма яқиндан ёрдам кўрсатди. Натижада шунча оила мўмай даромад манбаига эга бўлди. 

— Томорқамизда бодринг, помидор, саримсоқпиёз, булғор қалампири етиштиришни йўлга қўйганмиз, — дейди Томадурвадик қишлоғилик Самандар Рўзматов. — Бир йилда ўртача уч марта ҳосил олаяпмиз. Бу йил банк кредити ҳисобига 2 сотих майдонда ихчам иссиқхона ҳам ташкил этдик. Даромадимиз яхши. Фарзандларимнинг ҳар бирига алоҳида уй-жой қилиб бердим. Замонавий автоуловларимиз ҳам шу томорқанинг даромади ҳисобидан. 

Одамларнинг розилиги — бу энг катта натижа!

Аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича яратилган янги усул чорвачилик ва паррандачилик тармоқларида йўлга қўйилгани ички бозорни арзон ва сифатли маҳсулотлар билан тўлдиришга ҳам хизмат қилаяпти. Масалан, “Қўшкўпир парранда” масъулияти чекланган жамияти томонидан  жами уч мингта жўжа озуқа маҳсулотлари билан бирга, кам таъминланган оилаларнинг ҳар бирига 50 — 100 тадан тақсимлаб берилди ва парваришланган паррандаларни яна корхонанинг ўзи сотиб оладиган бўлди.

Қирқёп қишлоғидаги “Сулаймон Абдулҳай” фермер хўжалиги эса 30 бош наслли қорамолини тумандаги 10 та кам таъминланган оилага бириктириб қўйди. Ушбу оилалар қорамолни парваришлаб, кунлик соғилган сутнинг тенг ярмини иш ҳақи сифатида оладиган бўлди. Бундан ташқари, уларни рағбатлантириш учун сигирнинг иккинчи бузоғи ҳадя қилиб берилиши кўзда тутилган. Шу тариқа одамлар иш билан таъминланиб, рўзғорига барака кираяпти. 

— 2016 йилнинг 9 ойи мобайнида ижтимоий қўллаб-қувватлаш комиссиясига моддий ёрдам сўраб 20 нафар фуқаро мурожаат қилган эди, — дейди “Дурвадик” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Кўпалбой Нуруллаев. — Кам таъминланган оилаларда томорқадан самарали фойдаланиш борасида олиб борилган амалий ишлар натижасида жорий йилда ёрдам сўраб мурожаат қилувчилар сони 50 фоиз камайди. Юртимизда амалга оширилаётган бундай хайрли ишлардан тадбиркорлар ҳам, кам таъминланган оилалар ҳам рози бўлмоқда. 

Мисли хазина 

Эҳтиёжманд оилалар даромадини ошириш, бандлигини таъминлашга қаратилган пухта чора-тадбирлар натижасида кам таъминланган 437 та оила вакилларидан 1047 нафари ишга жойлаштирилгач, ушбу оилаларнинг иқтисодий аҳволи яхшиланди ва кам таъминланганлар  сафидан чиқарилди. Бунда ишчи гуруҳ томонидан одамлар орасида томорқа ерларидан оқилона фойдаланиш ҳисобига кўпроқ даромад топиш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш борасида олиб борилган тарғибот-ташвиқот ишлари ҳам кутилган самараларни берди. Сабаби, туман бўйича 122 та кам таъминланган оила 391 миллион сўмлик микрокредитлардан унумли фойдаланиб, ўз бизнесини йўлга қўйди. 

Президентимизнинг 2017 йил 9 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони битмас-туганмас хазина манбаи бўлган томорқа имкониятларидан самарали фойдаланиш борасида янги истиқболларни очиб берди.

— Сир эмас, илгари деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари уруғлик, минерал ўғит, ёнилғи-мойлаш материаллари, техника таъминотида айрим муаммоларга дуч келарди, — дейди Хонқа тумани фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Ҳамза Жуманиёзов. — Эндиликда бу борада ҳеч қандай қийинчилик бўлмайди. Чунки кенгаш қошида деҳқонларга комплекс хизмат кўрсатиш маркази фаолият кўрсатади. 

Экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлиги ҳар ойда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларида муҳокама қилиб борилиши эса ер ҳақиқий эгасини топишида муҳим аҳамият касб этади.

Деҳқон меҳнатига юксак баҳо

Бугун тумандаги хонадонларда ҳар қарич ердан унумли фойдаланиб, дур ундирилаётганига гувоҳ бўласиз. Томорқаларда турли сабзавот ва полиз экинлари етиштириш баробарида, чорвачилик, паррандачилик, асаларичиликни йўлга қўйиш, интенсив боғлар яратиш, енгил конструкцияли иссиқхоналар ташкил этишга одамларда интилиш кучайган. Чунки улар томорқа халқимизни бой қилиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг энг муҳим омили эканлигини аллақачон англаб етишган. 

Президентимиз халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясидаги нутқида туманда -томорқачилик жабҳасида эришилаётган ютуқларни алоҳида эътироф этиб, “Хонқа тажрибаси” деб атади. Ушбу усулни бошқа  ҳудудларда ҳам жорий қилиш чоралари кўрилаётганини таъкидлади. Бу туман аҳлининг томорқа ерларидан самарали фойдаланиш орқали оилалар иқтисодини кўтариш, бандлик масалаларини ҳал этиш, эл дастурхони файзу баракасини  таъминлаш, экспорт имкониятларини ошириш борасида олиб бораётган ишларига юксак баҳодир.

Дарвоқе, туманда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари билан агрофирмалар ўртасида изчил ҳамкорлик йўлга қўйилган. Яқинда бўлиб ўтган II Халқаро мева-сабзавот ярмаркасида “Хонқа омад агрофирма”, “Хонқа дон агроэкспорт”, “Хонқа агро фрукте экспорт” масъулияти чекланган жамиятлари 2,5 миллион АҚШ долларилик маҳсулотлар экспорти бўйича  шартномалар имзоладилар. Бу хонқаликлар томорқасида етиштирилган мева-сабзавотлар хориж бозорларидан ҳам муносиб жой эгаллайди, деганидир.

Одилбек ОДАМБОЕВ, 

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn