Жиззах нефтни қайта ишлаш мажмуаси саноатимизда ёрқин саҳифа очади
  • 27 Октябрь 2017

Жиззах нефтни қайта ишлаш мажмуаси саноатимизда ёрқин саҳифа очади

Ўзбекистон тараққиётнинг жадал босқичига ўтаяпти. ўарбу Шарқ, Жанубу Шимол томонга очилган дарвозаларимиз, Буюк Ипак йўлининг муҳим транспорт-логистика йўналишлари, меҳмондўст халқимиз, йилдан-йилга салоҳияти ортиб бораётган иқтисодиётимиз — узоқ-яқин мамлакатларни биз билан манфаатли алоқаларни ўрнатишга ундаяпти.

Зафаробод “мўъжизаси”

Бу, ўз-ўзидан, ёнилғи-энергетика захирасини яратишни талаб этади. Президентимиз ғоялари асосида ишлаб чиқилган, мамлакатимизнинг яқин истиқболига мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида юртимизнинг ҳар соҳада барқарор юксалишининг асосий мезонлари белгилаб берилган. Жумладан, Жиззах вилоятида нефтни қайта ишлашга ихтисослаштирилган улкан мажмуа қурилиши келгусида ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий масалаларни оқилона ечишга хизмат қилиши билан алоҳида эътиборга моликдир.

Шу йилнинг апрель ойида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Жиззах вилоятига ташрифи чоғида Зафаробод туманида нефтни қайта ишлаш мажмуаси қурилишига тамал тоши қўйилди. Ушбу йирик лойиҳа халқимиз орасида кенг қўллаб-қувватланди, уларнинг келажакка ишончи янада мустаҳкамланди, десак, муболаға бўлмайди.

Нефть-газ соҳаси вакилларининг фикрича, бундай улкан лойиҳага ўз-ўзидан қўл урилгани йўқ. Чунки мустақиллик йилларида нефть-газ саноати мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи тармоқларидан бирига айланди. Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, Муборак газни қайта ишлаш заводи, Шўртан газ-кимё мажмуаси, Устюрт газ-кимё мажмуаси каби йирик корхоналар ташкил этилди, мавжудлари модернизация қилинди. Россия, Хитой, Жанубий Корея, АҚШ, Малайзия ҳамда -бошқа давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўлга қўйилди.

Бугун шуни комил ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистон нефть-газ соҳасида ўз ўрни ва салоҳиятига эга бўлган давлатлардан бирига айланди. Ўзбекистоннинг Каспий денгизи қаъридан нефть қазиб олиш лойиҳаларига таклиф этилаётгани мамлакатимиз қудратига, мутахассисларимиз салоҳиятига бўлган юксак ишончни яққол тасдиқлайди.

Ҳар жиҳатдан қулай

Алоҳида таъкидлаш керакки, мазкур мажмуани барпо қилиш давлатимиз раҳбарининг доимий назорати ҳамда эътиборида. Хусусан, Президентимизнинг Қозоғистон Республикасига, Россия Федерациясига амалга оширган давлат ташрифлари чоғида ушбу масалалар юзасидан қатор музокаралар олиб борилди. Масалан, мамлакатимиз раҳбарининг Қозоғистонга давлат ташрифи доирасида Остонада бўлиб ўтган бизнес форумида “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти томонидан “Казмунайгаз”, “Казтрансгаз” ва “Казтрансойл” компаниялари билан музокаралар ўтказилди. Ушбу учрашувлар давомида Омск — Павлодар — Чимкент нефть қувури тармоғи орқали хом ашё етказиб бериш тўғрисида шартнома имзоланди.

Янги саноат корхонасини қуриш учун Жиззах вилояти танлангани бежиз эмас. Юқорида қайд этганимиздек, унга хом ашё қувур орқали келтирилади. Омск — Павлодар — Чимкент нефть қувурининг бир тармоғи айнан Жиззах вилоятига яқин ҳудудга туташган. Шу жойдан атиги 95 километр қувур тортилса, янги мажмуани хом ашё билан таъминлаш арзонга тушади. Ваҳолонки, нефтни транспорт орқали ташиш катта харажат талаб қилади. Шу жиҳатдан олганда, завод учун жуда қулай ҳудуд танланган. Қолаверса, Жиззах вилояти мамлакатимиз марказида жойлашган, экспорт режалаштирилаётган қўшни давлатларга яқин. Буларнинг барчаси корхонага хом ашёни арзон нархларда келтириш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни ички ҳамда ташқи бозорларга минимал харажатлар билан етказиш имконини беради.

Ҳатто, коммуникация тармоқлари масаласида ҳам харажат кўп эмас. Унчалик узоқда бўлмаган цемент заводига тортилган электр, газ ва коммуникация тизимларига уланишнинг ўзи кифоя. Автомобиль ҳамда темир йўлларига чиқиш ҳам қулай.

2,2 миллиард долларга тенг

Қиймати 2,2 миллиард АҚШ долларилик мазкур лойиҳа йилига 5 миллион тонна нефтни қайта ишлаш қувватига эга. Натижада “Евро-5” стандартидаги 3,7 миллион тонна бензин ва дизель ёнилғиси, 700 минг тонна авиация керосини, сиқилган газ, бензол, битум ҳамда бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқариш ўзлаштирилади. Эътиборлиси, бу корхонада ҳам худди Жиззах цемент заводидаги сингари энергия тежамкор, сифатли маҳсулот тайёрлашни таъминлайдиган, атроф-муҳитга зарар етказмайдиган технологиялар ўрнатилади.

— Мамлакатнинг нефть маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондирмасдан, иқтисодиётнинг асосий тармоқларини ривожлантириб бўлмайди, — дейди иқтисод фанлари номзоди Сайидфозил Зокиров. — Шу маънода, Жиззах нефтни қайта ишлаш мажмуаси узоқни ўйлаб қилинаётган иш. Ушбу корхона Ўзбекистоннинг яқин ва узоқ истиқболда барқарор тараққий топишининг муҳим кафолатига айланиб, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, марказга иқтисодий жиҳатдан боғлиқлигини камайтиришда ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Қолаверса, янги мажмуа нафақат Ўзбекистон, балки қўшни мамлакатларнинг “қора олтин”дан ишлаб чиқарилган маҳсулотларга бўлган талабини қондиришда қўл келади.

Минг хил маҳсулот

— Оддий одамлар йирик лойиҳалар натижасини ўз ҳаёти, турмуши мисолида кўргиси келади, — дейди Қизириқ туманилик Элмурод Йўлдошев. — Бугун жойларда одамларимиз бензин тақчиллиги, ёнилғи масалаларида қатор муаммоларга дуч келаётганидан кўз юмиб бўлмайди. Жиззах нефтни қайта ишлаш заводи қурилиши юртдошларимизни қувонтириб юборди. Чунки бу келажакда олис туманлар, қишлоқларга ҳам зарур ёнилғи узлуксиз етказиб берилишини -кафолатлайди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ вакилларининг айтишича, Президентимиз ташаббуси билан соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, лойиҳаларнинг барчаси, авваламбор, бугун одамлар дуч келаётган ана шундай муаммо ҳамда камчиликларни бартараф қилишга қаратилган. Асосий мақсадлардан бири халқнинг газ ва бензинга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондиришдир. Жиззах нефтни қайта ишлаш мажмуасининг 2020 йилда ишга туширилиши бензин, унинг сифати билан боғлиқ муаммоларга чек қўяди.

— Нефтдан минг турдан зиёд маҳсулот олинади, — дейди Жиззах синов ва сертификатлаштириш маркази давлат корхонаси бўлим бошлиғи Аброр Аҳмедов. — Бензин, дизель ёнилғиси, керосин, автомобиль мойлари, битум, мазут, полиэтилен, синтетик тола, винилацетат, винилхлорид, бензол, фенол, ацетон, метилметакрилат, сульфат аммоний, пропилен, этилен, нефть смоласи ана шулар жумласидандир. Шунча миқдорда нефтни қайта ишлаш нафақат ёнилғи-мойлаш маҳсулотларига бўлган эҳтиёжимизни тўла қондиради, балки хом ашёни чуқур қайта ишлаш йўли билан кимё саноатининг ўнлаб соҳаларини тараққий топтиришга катта имконият яратади.

Бугун иқтисодиётни нефть маҳсулотларисиз тасаввур этиш мушкул. Тўғри, айни пайтда жаҳон миқёсида муқобил энергия манбаларини яратиш жараёни ҳам қизғин кечмоқда. Аммо ҳали-ҳануз “қора олтин”га талаб камайгани йўқ. Шундай экан, ушбу завод юртимиз иқтисодиётини ривожлантиришда беқиёс аҳамиятга эга бўлиши, шубҳасиз.

2000 дан зиёд иш ўринлари яратилади

...Жиззах нефтни қайта ишлаш мажмуаси қурилаётган жойга етиб келганимизда, узоқдан учта улкан бульдозер ўзидан бир жуфт кенг ва текис из қолдирганча ҳаракатланаётганига кўзимиз тушди. Бу излар устидан тез орада улкан қувурлар тортилар экан.

Ишчилар қўрғони бунёд қилинаётган ҳудуднинг теварагига бетон устунлар ўрнатилмоқда. Бу ерда ўнга яқин уйнинг деворлари тикланган. “Enter Enjineering PTE LTD” қурилиш корхонасининг 70 нафардан ортиқ қурувчилари, шунингдек, бошқа мутахассислар ҳозирча барча шарт-шароитга эга уй-контейнерларда яшашаяпти.

Кенгликлар узра бирдан гармсел кўтарилди. Чанг, майда қум аралаш тўзон шувоқ, исириқ ҳамда янтоқнинг уруғ боғлаган шохларига урилиб, силкитади. Қумли шамол одамларни ишдан тўхтата олмайди. Сариқ, қизил каскали, кўк ва кулранг махсус кийимли ишчилар Чимқўрғон даштларининг бу каби инжиқликларига кўникиб қолгани сезилади. Қуёш юзларига буғдой рангини ҳадя этган қурувчиларнинг иштиёқи, ғайрати қаршисида табиат ҳам ожизлик қилаётгандек туюлди. Кўп ўтмай, бу ерда улкан завод қад ростлайди, элнинг, бутун юртнинг корига ярайдиган корхона иш бошлайди.

— Ёшим етмишдан ошди, — дейди Зафаробод туманидаги Бўстон маҳалласида яшовчи Карим Эржигитов. — Бир пайтлар завод деса вилоятимизда кўпчилик пахта заводларини тушунарди. Аҳоли, асосан, деҳқончилик, чорвачилик ортидан кун кўрарди. Рости, йигитларимиз энди кучга тўлиб вояга етганида, қўшни мамлакатларга ишлашга кетишарди. Ўзимизда ёшларнинг барчасини бирдек иш билан таъминлаш имкониятлари чегараланган эди-да. Туманимизда бундай катта лойиҳага қўл урилиши бировнинг тушига ҳам кирмаганди. Умуман олганда, вилоятда бу сингари бир нечта йирик саноат корхоналари фаолиятини йўлга қўйиш устида саъй-ҳаракатлар олиб борилаяпти. Чет элларда ишлаётган юртдошларимиз бугун ана шундай мажмуаларда меҳнат қилиш учун қайтиб келишаяпти. Ахир оиласи бағрида, ўз юртида -ишлаб пул топишга нима етсин?!

Дарҳақиқат, янги мажмуа фаолият бошлаши билан 2 мингдан зиёд иш ўринлари очилади. Бундай йирик корхоналарнинг қурилиши, иқтисодчилар тили билан айтганда, мультипликацион эффект яратади. Яъни 14 мингдан ортиқ кишилар соҳага алоқадор ҳамда хизмат кўрсатиш тизимларида фаолият кўрсата бошлайди. Буларнинг ҳаммаси ҳудуд аҳолисининг турмуш даражасини янада юксалтиради.

— Вилоятимизда ҳар йили касб-ҳунар таълимини 39 минг, олий ўқув юртларини 2 минг нафардан ортиқ йигит-қизлар битириб, меҳнат бозорига кириб келмоқда, — дейди Жиззах вилояти бандлик бош бошқармаси бошлиғи Жалил Мирзабеков. — Қолаверса, узоқ ва яқин мамлакатларда нефть ҳамда газ соҳасидаги йирик компанияларда муайян тажриба ва билимга эга жиззахлик мутахассислар фаолият юритишмоқдаки, улар ўз юртига қайтиб, тараққиётимизга муносиб ҳисса қўшиш ниятидалар. Лойиҳа долзарб ижтимоий масалаларни ҳал этиш, аҳоли бандлигини таъминлашда улкан имкониятлар эшигини очади.

Умуман, Жиззах нефтни қайта ишлаш мажмуаси мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқлари барқарор ишлаши, экспорт салоҳиятимиз юксалиши ҳамда ҳудудларни изчил ривожлантиришнинг локомотивларидан бирига айланиши айни ҳақиқат. Юртдошларимиз ушбу гигант лойиҳага катта умид билан қараётганининг боиси ҳам ана шунда.

А. АБДУСАТТОРОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn