Ўзбекистон заминида етиштирилган пахта толаси халқаро стандартларга тўла мос келади
  • 24 Октябрь 2017

Ўзбекистон заминида етиштирилган пахта толаси халқаро стандартларга тўла мос келади

 Муҳаммад НАЖИМ, Халқаро пахта тадқиқотчилари уюшмаси раиси ўринбосари:

— Мутахассис сифатида дунё қишлоқ хўжалиги, хусусан, пахта етиштиришдаги тажриба ва амалиётларни мунтазам ўрганиб, таҳлил қилиб бораман. Биласизми, бу борада Ўзбекистон алоҳида аҳамиятга эга. Чунки давлатингиз жаҳонда пахта етиштириш ҳамда уни қайта ишлаш борасида энг йирик мамлакатлардан бири ҳисобланади. Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркаси эса соҳа вакиллари учун муҳим тажриба алмашув ҳамда истиқболли ҳамкорликни йўлга қўйиш ёки ривожлантириш учун йирик майдондир. Шу боис мазкур тадбирларга қизиқиш жуда юқори. 

Ўзим мисрликман. Бизда ҳам пахта етиштирилиши баробарида, хориждан ҳар йили 120 минг тонна пахта толаси сотиб олинади. Шулар орасида Ўзбекистон ҳам бор. Яъни ушбу йўналишда юртингиз билан ҳамкорлигимиз яхши йўлга қўйилган. 

Яна бир гап. Галдаги форумга пахта хом ашёси етиштирувчи давлатлардан ҳам кўплаб вакиллар таклиф этилган. Бу, ўз навбатида, иштирокчилар учун юртингизнинг ижтимоий-иқтисодий, инвестициявий салоҳияти билан яқиндан танишиш баробарида, ўзаро тажриба алмашиш, манфаатли келишувларга эришиш имконини беради. 

Ориф АҲМАД,  

“Teamcot” компанияси директори (Бангладеш):

— Ўзбек пахта толасидан тайёрланган маҳсулотлар жаҳон бозорида юксак қадрланади. Бу бежиз эмас. Чунки Ўзбекистон заминида етиштирилган пахта толаси халқаро стандартларга тўла мос келади. 

Ўзбекистон бу борада Бангладешнинг муҳим ҳамкорларидан бири саналади. Яъни биз тўқимачилик саноати учун зарур бўлган хом ашёнинг асосий қисмини юртингиздан харид қиламиз. 

Ярмаркага тўхталадиган бўлсак, у аъло даражада ташкил этилган. Бу ерда пахта етиштирувчи, деймизми, саноатчи бўладими, қисқаси, ҳамма иштирокчи учун керакли маълумотларни олишга етарлича шарт-шароит яратилган. Хоҳловчилар бемалол музокара ўтказиб, шартномалар имзолаши мумкин.

 Аҳад КЕРМОНИЙ, 

“Ferdows Textile Co.” компанияси бош директори (Эрон):

— Биз юртингизда ташкил этилган пахта ва тўқимачилик ярмаркасининг деярли барчасида қатнашганмиз. Ўтган вақт мобайнида шунга амин бўлдикки, Ўзбекистонда бу борада улкан ўзгаришлар кузатилмоқда. Яъни илгари унда фақат пахта хом ашёсини харид қилиш мумкин бўлган бўлса, эндиликда яримтайёр ва тайёр маҳсулотлар бўйича ҳам шартномалар тузиш имконияти вужудга келди. 

Ярмаркада намойиш этилаётган маҳсулотларнинг барчаси замонавий ҳамда сифатли. Бир қарашдаёқ харидор эътиборини тортади. Шу маънода, айтиш мумкинки, мазкур тадбир қайта ишлаш саноати вакиллари учун ҳам ниҳоятда фойдалидир.

«Халқ сўзи» мухбири

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn