Жаҳоннинг энг нуфузли тўқимачилик компания ва етакчи трейдерлари ўзбек пахта толасига катта қизиқиш билдираяпти
  • 14 Октябрь 2017

Жаҳоннинг энг нуфузли тўқимачилик компания ва етакчи трейдерлари ўзбек пахта толасига катта қизиқиш билдираяпти

Жорий йилнинг 23 октябрь куни Тошкент шаҳрида Пахта бўйича халқаро маслаҳат қўмитаси (ICAC)нинг етмиш олтинчи ялпи мажлиси ҳамда XIII Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркаси ўз ишини бошлайди.

Президентимизнинг жорий йил 28 июндаги Ф-4983-сонли фармойишига мувофиқ, “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси томонидан тегишли вазирлик ҳамда идоралар билан ҳамкорликда мазкур нуфузли тадбирларни юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш учун қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.

Қўмитанинг ўтган йилги йиғилиши якунида “Глобаллашув ва технологик тараққиёт даврида пахта” мавзуидаги анжуманни Тошкентда ўтказиш ҳақида қарор қабул қилинган эди. Шубҳасиз, бу жаҳон пахта ҳамда тўқимачилик саноатининг йирик марказларидан бири сифатида тан олинган Ўзбекистон мавқеи тобора ортиб бораётганининг яна бир ёрқин далилидир. Зеро, юртимизда дунё миқёсида пахта толаси бозори сиёсатини белгиловчи нуфузли тадбирлар, йирик форумлар ўтказиш учун барча шарт-шароит мавжуд. Айни шу жиҳат анъанавий ярмарка ишини яқиндан кузатган чет эллик мутахассислар, олимлар, йирик савдо компаниялари вакиллари, трейдерларининг эътирофига сазовор бўлган.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Пахта бўйича халқаро маслаҳат қўмитаси 1939 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг таркибида Доимий қўмита, Пахта синовининг инструментал услубларини тижорий стандартлаштириш бўйича мақсадли гуруҳ (CSITC), Пахта ишлаб чиқаришни ижтимоий, экологик ва иқтисодий тавсифлари буйича экспертлар гуруҳи (SEEP), Биотехнология бўйича экспертлар гуруҳи, Хусусий секторга маслаҳат гуруҳи (PSAP), Пахта соҳасини ривожлантириш бўйича халқаро форум (IFCP), Пахтани бирламчи қайта ишлаш бўйича экспертлар гуруҳи сингари соҳа равнақида муҳим ўрин тутадиган тузилмалар фаолият юритади.

Бугунги кунда қўмитага дунёнинг пахта етиштирувчи ҳамда қайта ишловчи 30 дан ортиқ давлатлари аъзо бўлган. Жумладан, Ўзбекистон 1992 йилда ушбу нуфузли ташкилотга тенг ҳуқуқли аъзо сифатида қўшилган.

Эътиборлиси, мамлакатимиз орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, яъни 1996 йилда қўмитанинг 55-ялпи мажлисига мезбонлик қилиб, йирик тадбирни юқори савияда ўтказган эди. Ташкилотнинг бу галги Тошкент форумида ҳам иштирокчиларга жаҳон пахта ва тўқимачилик саноатини ривожлантиришга доир муҳим масалаларни муҳокама қилишга, тола ишлаб чиқарувчилар ҳамда харидорлар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга, ўзаро манфаатли илмий-техник, савдо-иқтисодий алоқалар истиқболларини белгилаб олишга қулай мулоқот майдони яратиб берилади.

Қўмита бозор нархларини белгиламайди, бозор механизмларига ҳам аралашмайди. Аммо унинг Котибияти бозордаги жорий ҳолатни баҳолаш учун зарур, айни пайтда ўта қимматли маълумотларни тақдим этади. Бинобарин, у органик пахта етиштириш, янги ғўза навларини яратиш ва синаш каби тармоқдаги янги ишланмаларни кузатиб боради. Толани холис таснифлаш ишларида фаол қатнашади.

Бугунги кунга қадар йиғилиш ҳамда ярмарка ишида дунёнинг 44 та мамлакатидан 1500 га яқин хорижий меҳмонлар ва маҳаллий мутахассислар иштирок этиш истагини бирдирган. Негаки, соҳа мутахассислари, экспертлар, олим ҳамда иқтисодий таҳлилчилар ялпи мажлис, шуъба йиғилишлари, техник семинарларда пахтачилик тармоғининг стратегик йўналишлари ва иқтисодиётни барқарор ривожлантиришнинг илғор тажрибалари ҳақида энг янги маълумот ҳамда тавсияларни биринчилардан бўлиб олиш имконига эга бўладилар.

Дарҳақиқат, унда халқаро пахта бозорининг ҳозирги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилиш асносида, муҳим саноат хом ашёси етиштириш, уни бирламчи ҳамда чуқур қайта ишлаш, савдо, логистика ва суғурта масалалари юзасидан 15 дан зиёд очиқ ҳамда мавзули сессиялар ўтказилиши назарда тутилган. Шунингдек, ғўза селекцияси, агротехникаси, ҳосилни зараркунанда ва касалликлардан муҳофаза этиш, тола сифатини баҳолаш каби масалалар Ўзбекистон тажрибаси мисолида ўрганилади. Шу маънода, ялпи мажлис дунё пахта саноатининг бугунги аҳволи, ютуқ ҳамда камчиликларини муҳокама қилиш, маҳсулот етказиб берувчилар ва қайта ишловчилар учун ўзаро манфаатли маслаҳат майдони бўлади.

Таъкидлаш керакки, кейинги йилларда юртимизда пахта етиштириш ҳамда уни қайта ишлаш борасида улкан ютуқларга эришилмоқда. Бу қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоғи бўлган пахтачиликда чуқур ислоҳотлар олиб борилаётгани, навларни тўғри жойлаштиришдан тортиб, экинни парваришлаш, ҳосилни йиғиштириб олиш, қайта ишлаш ва етказиб бериш бўйича яхлит тизим яратилгани самарасидир.

Мамлакатимизда, энг аввало, ғўза селекциясига давлат миқёсида жиддий эътибор қаратилиб, илмий тадқиқотлар олиб бориш учун қулай шарт-шароитлар яратиб берилди. Натижада мустақил тараққиётимиз даврида селекциячи олимлар томонидан ғўзанинг 110 дан зиёд янги навлари яратилиб, улардан 30 дан ортиғи Давлат реестрига киритилди. Асосий майдонларда парваришланаётган ушбу навлар ҳосилдорлиги, эртапишарлиги, толасининг ранги, пишиқлиги, микронейри, шунингдек, бошқа техник кўрсаткичларининг устунлиги билан алоҳида ажралиб туради.

Соҳа мутахассисларининг айтишича, тола баҳосини белгилашда сифат энг бирламчи омил ҳисобланади. Ушбу жиҳат инобатга олинган ҳолда, мавжуд пахта тозалаш корхоналари модернизациялаштирилиб, ишлаб чиқаришга инновацион ишланмалар жалб этилаётир.

— Бугунги кунда республикамизда мавжуд 100 га яқин пахта тозалаш заводлари, 23 та ёғ-мой комбинати, 21 пахта терминалида реконструкция ҳамда модернизациялаш тадбирлари изчил олиб борилмоқда, — дейди “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси бошқармаси бошлиғи Маъруф Абралов. — Мазкур жараёнга етакчи илмий, академик, лойиҳа-конструкторлик ташкилотлари, шунингдек, машинасозлик-қурилиш корхоналари кенг жалб қилингани амалиётга янги авлод ускуналарини муваффақиятли татбиқ этиш имконини бераётир. Хусусан, биргина 2017 йилги Инвестиция дастури асосида умумий қиймати 27,2 миллион АҚШ долларилик 34 та инвестициявий лойиҳа ҳаётга жорий қилинаётгани диққатга сазовор.

Тизимдаги бу каби техник ва технологик янгилашлар, амалиётга татбиқ этилаётган инновацион ишланмалар туфайли толамизнинг сифат кўрсаткичлари тубдан яхшиланаяпти. Бу эса бугунги кучли рақобат шароитида жаҳон пахта бозоридан мустаҳкам жой эгаллашимизда ҳал қилувчи аҳамият касб этаётир. 2016 йилги мавсумда “Олий” ҳамда “Яхши” синфига мансуб толанинг улуши аввалги йиллардагига нисбатан 10 фоиз ортиб, 92 фоизга етгани қувонарли ҳол, албатта.

— Жаҳон пахта бозорининг таҳлили ўзбек толасининг мавқеи тобора мустаҳкамланиб, харидоргир бўлиб бораётганини кўрсатаяпти, — дейди “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси бошқарувчи раиси ўринбосари, “Ўзпахтаэкспорт” АЖ бош директори Жамшид Қодиров. — Шу туфайли экспорт географияси кенгайиши баробарида, ҳамкорларимиз ҳам кўпаймоқда. Кейинги пайтда анъанавий бозорлар билан чекланиб қолинмасдан, янги савдо йўлаклари очилгани, жумладан, Покистон, Индонезия, Вьетнам каби давлатларга маҳсулот етказиб берилаётгани бунга асос бўла олади. Бундай муваффақиятларга эришишда компания Халқаро пахта ассоциацияси, Бремен пахта биржаси каби кўплаб тузилмаларга аъзо бўлгани, энг асосийси, оқилона экспорт сиёсати юритилаётгани муҳим роль ўйнаяпти.

Шу ўринда мамлакатимизда амалга оширилаётган тузилмавий ислоҳотлар боис толани чуқур қайта ишлаш ҳажми ҳам муттасил равишда ортиб бораётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Агар мустақилликнинг дастлабки йилларида толанинг атиги 5 фоизи ўзимизда қайта ишланган бўлса, ҳозирги кунга келиб, бу кўрсаткич 45 фоиздан ошди. Республикамизнинг чекка ҳудудларида ҳам янги қувватлар ишга туширилаётгани, мавжудлари тубдан модернизация қилинаётгани бунда қўл келаяпти. Эътиборлиси, ушбу йўналишдаги ишлар кўлами тобора кенгайтирилмоқда. Унинг тагзаминида яқин йиллар ичида ялпи пахта ҳосилининг 70 фоизини ўзимизда қайта ишлашга эришиш, четга хом ашё эмас, аксинча, қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулотлар сотиш мақсади мужассам.

Пахта бўйича халқаро маслаҳат қўмитасининг 76-ялпи мажлиси доирасида анъанавий равишда ўтказиб келинаётган “Йил олими” халқаро мукофоти ҳам ўз соҳибига топширилади. Бизга ғурур ва ифтихор бағишлайдиган жиҳат шундаки, мазкур нуфузли мукофотга 2013 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти, Геномика ва биоинформатика маркази директори, селекциячи олим, профессор И. Абдураҳмонов сазовор бўлган эди.

Ярмарканинг асосий тадбирлари ўтказиладиган “Ўзэкспомарказ” Миллий кўргазма мажмуаси майдонлари ҳам шай ҳолатга келтирилмоқда. Бу ерда тизим корхоналарининг ишлаш жараёнини тўлиқ акс эттирувчи экспонатлар, жорий йилги пахта ҳосилидан олинган толалардан намуналар намойиш қилинади.

Ўн учинчи бор ўтказиладиган халқаро ярмарка ҳамда нуфузли форум ўзбек пахта толаси ва тўқимачилик маҳсулотлари етказиб беришни янада мақбуллаштириш, экспорт жуғрофиясини диверсификациялаш, хорижий компаниялар билан узоқ муддатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга кенг йўл очиб беради.

Саид РАҲМОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn