ЮНИСЕФ Ўзбекистон Ҳукуматига мазкур муассасаларга кириш имкониятини тақдим этишга тайёр эканлигидан мамнуният билдиради. Чунки ЮНИСЕФ Ўзбекистонда озодликдан маҳрум этилганлар жазони ўтайдиган муассасага кириш имконига илк бор эга бўлмоқда. Бундай саъй-ҳаракатлар БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг вояга етмаганларнинг озодликдан маҳрум бўлган жойлардаги аҳволига оид 2013 йилда тақдим қилинган тавсияларини амалга ошириш йўлидаги биринчи қадамдир.
Озодликдан маҳрум этилиш ҳар бир бола учун оиладан ажралиш, жамиятдан узоқлашиш демакдир. БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясига мувофиқ, озодликдан маҳрум қилинган болалар ҳам бошқа болалар эга бўлган ҳуқуқларнинг барчасига эга бўладилар. Умуман олганда, озодликдан маҳрум этиш жараёни шундай ташкил қилиниши лозимки, болаларнинг ҳуқуқлари муҳофаза этилсин ва таъминлансин ҳамда бола жазони ўтаб бўлиб, қайтиб келганидан кейин унинг жамиятдаги амалий роли рағбатлантирилсин. Озодликдан маҳрум қилиш, қачонки бошқа мақбул ечимлар мавжуд бўлмаган ҳолда, энг охирги чора сифатида қўлланилиши даркор.
“Ташрифимиз чоғида биз ушбу муассасаларда болалар учун энг маъқул шароитларни таъминлаш ва болаларнинг жамиятга реинтеграциялашуви жараёнини яхшилаш имкониятларини яратиш мақсадида келгусидаги ҳамкорлигимизни муҳокама қилдик”, деб таъкидлади ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн. “ЮНИСЕФ ташкилоти БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг тавсиялари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 июлдаги ПФ-5106-сонли Фармони ва 2017 йил 11 августдаги ПҚ-3200-сонли қарорида кўзда тутилган йўналишларга мувофиқ, вояга етмаганларга нисбатан одил судловни қўллаш тизимида ислоҳотларни амалга оширишда Ўзбекистон Ҳукуматига кўмаклашишга тайёр эканлигини яна бир бор тасдиқламоқда”.