Назорат-касса машиналари: тадбиркорга ҳам, харидорга ҳам зарур восита
  • 14 Октябрь 2017

Назорат-касса машиналари: тадбиркорга ҳам, харидорга ҳам зарур восита

Назорат-касса машиналари бугунги кун талаби, аниқроғи, савдо ва бошқа хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг қонуний фаолият юритишида зарур воситадир. Шу боис сўнгги пайтларда тадбиркорлик субъектларини тўлов терминаллари, назорат-касса машиналари билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг ушбу йўналишдаги ишлар сифатини янада юксалтириш мақсадида жорий йил 29 сентябрда имзоланган “Фискал хотирали назорат-касса машиналарини қўллаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида юридик ҳамда жисмоний шахслар томонидан нақд пулга товарларни реализация қилиш, аҳоли билан ҳисоб-китобни тезкор амалга ошириш ва тизим назорат функцияси бўйича кўплаб вазифалар белгилаб берилди.

Таъкидлаш керакки, Солиқ кодексининг 72-моддасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида товарларни реализация қилиш, ишлар бажариш ҳамда хизматлар кўрсатишда нақд пул билан ҳисоб-китобни амалга ошириш Назорат-касса машиналарининг давлат реестрига киритилган фискал хотирали назорат-касса машиналарини мажбурий қўллаган ҳолда бажарилиши қайд этилган. Фискал хотирали назорат-касса машиналарининг қўлланилиши Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 17 ноябрдаги қарори билан тасдиқланган низомлар билан ҳам тартибга солинади. Бу тадбиркорлик субъектлари томонидан нақд пулда амалга оширилган ҳисоб-китоблар тўғрисидаги маълумотлар ушбу машинанинг фискал хотирасида сақланади, деганидир.

Тан олиш керак, айни пайтда айрим тадбиркорлик субъектлари томонидан ҳисобланадиган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар суммасини камайтириш, нақд пул тушумларини банк кассаларига топширмасдан яшириш мақсадида харидорларга назорат-касса машинаси чекини бермаслик, уни носоз ҳолатга келтириш, фискал хотирадаги маълумотларни қасддан ўзгартириш, назорат-касса машиналарини йўқотиш орқали бажарилган товар айланмалари тўғрисидаги маълумотларни сохталаштириш каби ҳолатлар ҳам кузатилмоқда. Қолаверса, йирик савдо тармоқларида товарлар ҳисобини юритиш, харидорларга назорат-касса машинасидан чек бериш ягона компьютер тизими орқали амалга оширилиши сабабли улардаги нақд пул тушумлари тўғрисидаги маълумотларнинг ишончлилиги кафолатланмайди. Нақд пул тушумларининг ҳақиқий ҳажмини аниқлаш мақсадида давлат солиқ хизмати органлари ходимлари жуда кўп вақт талаб этиладиган хронометраж тадбирларига мунтазам равишда жалб қилинмоқда. Шу боис давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 18 июлдаги “Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан солиқ тизимини ислоҳ этишнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида солиқ маъмуриятчилиги жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда илғор автоматлаштирилган таҳлил услубларини кенг жорий қилиш, солиқ тўловчиларга, энг аввало, тадбиркорлик субъектларига тўғридан-тўғри мулоқотсиз электрон хизмат кўрсатишга тўлиқ ўтиш белгиланди. Ушбу вазифалар, шунингдек, Фармон билан тасдиқланган “Давлат солиқ хизмати органлари фаолияти ва солиқ маъмуриятчилигининг самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури” ижросини таъминлаш мақсадида “Фискал хотирали назорат-касса машиналарини қўллаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарорга биноан, келгуси йилдан бошлаб Тошкент, Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида 500 тадан 1000 тагача бўлган онлайн назорат-касса машиналари тажриба-синов тариқасида амалиётга жорий этилади. 2018 йилнинг 1 июлидан эса ушбу ҳудудлардаги юридик шахслар, 2018 йилнинг 1 декабридан бошлаб мамлакатимиздаги ҳамма юридик ва жисмоний -шахслар товарларни реализация қилиш, ишларни бажариш ҳамда хизматлар кўрсатишда аҳоли билан нақд пулдаги ҳисоб-китобларни мажбурий тарзда фақат онлайн назорат-касса машиналарини қўллаган ҳолда амалга оширишга босқичма-босқич ўтиши кўзда тутилмоқда.

Онлайн назорат-касса машиналаридан келиб тушадиган фискал маълумотларни қабул қилиш, қайта ишлаш, сақлаш ва Давлат солиқ қўмитасига узатиш фискал маълумотлар оператори томонидан амалга оширилади.

Шу ўринда қарор қабул қилинишига бўлган заруратлар нималардан иборат эди, деган саволга тўхталсак.

Маълумки, бугунги кунда республикамиз бўйича 147 мингта чакана савдо ва пуллик хизмат кўрсатиш шохобчаларига 236 мингта назорат-касса машинаси ўрнатилган. Касса чекидаги маълумотларни давлат солиқ хизмати органларига автоматик тарзда онлайн узатиб бориш тизимини йўлга қўйиш орқали марказлашган тарзда электрон маълумотлар базаси яратилади. Ваҳолонки, бундай база шу пайтгача мавжуд эмас эди. Ушбу маълумотлардан ҳар бир савдо шохобчаси кесимида кунлик, ойлик сотилган товарлар суммасини таҳлил қилиш имконияти вужудга келади.

Тизимнинг яратилиши билан назорат-касса машиналаридан фойдаланмаётган савдо шохобчалари онлайн аниқланиб, тезкор чоралар кўриш, субъектлар томонидан топширилаётган тушумларни таҳлил ҳамда назорат қилиш, нақд пулнинг банкдан ташқари айланмага чиқиб кетишини қисқартиришга эришилади. Натижада бюджетга солиқ тушумлари кўпаяди. Айтиш жоизки, шу кунгача савдо тушумини умуман топширмаган ёки кам топширган савдо шохобчалари тўғрисидаги маълумотлар Марказий банк томонидан 2-3 кундан кейин солиқ органларига тақдим этиларди.

Назорат-касса машинаси орқали харидорларга берилган чеклар ҳақидаги маълумотларни қасддан ўзгартириш, тушум суммасини камайтириш, рўйхатдан ўтмаган НКМдан фойдаланиш, бузиш ёки иккиламчи бухгалтерия юритиш каби салбий ҳолатларга чек қўйилади. Солиқлар тўлашдан қасддан бўйин товлашнинг олди олинади.

Бундан ташқари, назорат-касса машиналарининг тадбиркор ва аҳоли учун қулай жиҳатлари ҳам кўп. Масалан, касса чекларидаги рақамлар уникал (такрорланмайдиган) бўлганлиги сабабли уларни сохталаштиришнинг иложи йўқ. Қолаверса, тадбиркорлик субъектларига тўғридан-тўғри мулоқотсиз электрон хизмат кўрсатилиб, аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга ошириш жараёнига замонавий ахборот технологияларини татбиқ этишнинг янги босқичга кўтарилиши таъминланади. Тадбиркорлик субъектларининг нақд пул тушуми билан боғлиқ фаолиятига аралашиш ҳамда турли назорат тадбирлари ўтказилиши эса камаяди. Бундай янгиланишлар иқтисодиётимиз барқарорлиги, аҳоли турмуш фаровонлиги ва манфаатлари ҳимояланишига хизмат қилади.

Музаффар Юсуф НАЗАРОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Давлат солиқ қўмитаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn