Ҳамкорлик алоқалари кенгаймоқда
  • 07 Октябрь 2017

Ҳамкорлик алоқалари кенгаймоқда

Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” Миллий кўргазма мажмуасида Ўзбекистон — Қирғизистон бизнес форуми бўлиб ўтди.

Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоевнинг мамлакатимизга давлат ташрифи доирасида ташкил этилган мазкур тадбирда икки давлатнинг иқтисодиёт, туризм, энергетика, электротехника, қурилиш материаллари, савдо-саноат, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, тўқимачилик ҳамда енгил саноат каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, компаниялари раҳбарлари, кичик ҳамда ўрта бизнес вакиллари қатнашди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А. Икрамов, Қирғизистон Савдо-саноат палатаси президенти М. Шаршекеев ва бошқалар мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар барча йўналишда, айниқса, савдо-иқтисодий соҳада изчил ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади.

— Қирғизистонлик ишбилармонлар мамлакатимиз тадбиркорлари билан ҳамкорликка катта қизиқиш билдиришмоқда, — дейди Савдо-саноат палатаси масъул ходими ўофиржон Усмонов. — Бугунги кунда юртимизда Қирғизистон капитали иштирокидаги 54 та қўшма корхона фаолият юритаётган бўлса, Қирғизистонда ўзбекистонлик ишбилармонлар томонидан ташкил этилган 49 та корхона ишлаб турибди. Форум доирасида биргаликда қишлоқ хўжалиги, автомобилсозлик, маиший техника воситалари, қурилиш материаллари, тўқимачилик маҳсулотлари ҳамда бошқа товарлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича келишиб олинди. Бу, ўз навбатида, тадбиркорлар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни янада ривожлантиради.

Тадбирда Қирғизистон ишбилармон доиралари вакиллари мамлакатимизда яратилган қулай сармоявий муҳитга юксак баҳо беришди. Янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш масалалари бўйича музокаралар олиб боришди.

— 2008 йилдан бери “Аkfa” компанияси билан ҳамкорлик қилиб, ички бозорга юқори сифатли маҳсулот етказиб бераяпмиз, — дейди қирғизистонлик тадбиркор Суҳбатилла Мирзаев. — Бугунги форумда “Artel” компанияси билан ҳам ҳамкорликни йўлга қўйиб, ўзаро манфаатли келишувларга эришдик.

— Форум биз учун ҳам самарали бўлди, — дейди пойтахтимизда фаолият юритаётган “Anaxmed Gaz Biznes” МЧЖ бош директори ўринбосари Азиз Каримов. — Чунки унинг -доирасида ўсимлик ёғи экспорти бўйича 10 миллион АҚШ долларилик шартнома имзоладик. Келгусида экспорт ҳажмини янада оширишга келишиб олдик.

Айтиш жоизки, бизнес-форумда 200 миллион АҚШ доллари атрофида шартномалар -имзоланди. Тадбирнинг очилишида айтиб ўтилганидек, келгусида икки мамлакат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ва савдо ҳажми 500 миллион долларга етказилади.

Қирғизистонлик тадбиркор Юнусали Макамбаевнинг таъкидлашича, ўзбек ҳамда қирғиз миллати азалдан қардош халқ бўлиб келган. Икки давлатни боғловчи чегара постларининг очилиши савдо соҳасида ҳам улкан имкониятларни яратиб берди. Ишбилармон форумда фарғоналик шериклар билан ҳамкорлик қилиш бўйича шартномалар имзолади. Ана шу асосда келгусида биргаликда эшитиш мосламаларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Икки томонлама фаол савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш имконини берган ушбу тадбирда 17 та ҳужжат имзоланди.

Раҳимжон ШЕРҚУЛОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn