Ўзбекистон ва Қирғизистон тадбиркорлари Андижонда тажриба алмашди
  • 06 Октябрь 2017

Ўзбекистон ва Қирғизистон тадбиркорлари Андижонда тажриба алмашди

Мамлакатимиз билан Қирғизистон ўртасидаги қардошлик ришталари тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Ҳамкорлик алоқалари, айниқса, давлатимиз раҳбарининг қўшни давлатга расмий ташрифидан сўнг янада кенгайди. Қирғизистон Республикасининг Баткен, Ўш ва Жалолобод вилоятлари губернаторлари иштирокида бир гуруҳ тадбиркорларнинг Андижон вилоятига ташрифи иқтисодий, ижтимоий, маданий соҳалардаги ўзаро ҳамжиҳатликнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.

150 нафардан ортиқ ишбилармонлардан таркиб топган делегация аъзолари вилоятнинг Хўжаобод туманида амалга оширилаётган ишлар, тадбиркорларга яратиб берилган шароитлар, кенг имкониятлар ҳамда эришилаётган ютуқлар билан танишдилар. Меҳмонларда “Навигул” Ўзбекистон — Германия қўшма корхонасининг фаолияти, айниқса, катта таассурот қолдирди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашга ихтисослаштирилган мазкур агрофирмада уруғни ундиришдан тортиб, қайта ишланган маҳсулотни экспорт қилишгача бўлган жараён тизимли йўлга қўйилган.

— Мен Қирғизистон Республикасида худди шунга ўхшаш агрофирма ташкил этганман, — дейди Ўш шаҳрида фаолият юритувчи тадбиркор Бектенбек Ўмурбеков. — Бу турдош корхоналарнинг бир-биридан фарқли жиҳатлари кўзга ташланиб турибди. “Навигул” корхонаси айнан хом ашё етиштирилаётган ҳудуднинг ўзида барпо қилинганлиги эътиборга молик. Қолаверса, унинг энг илғор технологиялар билан жиҳозлангани ҳавасимни келтирди. Мен етакчилик қилаётган агрофирма қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирадиган ҳудудда жойлашмаган. Хом ашё тайёрланадиган жойда эса маҳсулотни қайта ишлаш қуввати мавжуд эмас. Андижон вилоятига ташрифимиздан сўнг бу каби муаммоларни бартараф қилиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқмоқчиман.

Қирғизистон делегацияси аъзолари, шунингдек, “Само” бренди остида трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқараётган корхонада ҳам бўлдилар. Бу ерда тайёрланаётган, эркаклар, аёллар ва болалар учун мўлжалланган 100 дан ортиқ турдаги кийим-кечаклар нафақат ички бозорда, балки хорижда ҳам харидоргир. Корхона мамлакатимизнинг ўзида ўнга яқин савдо дўконларига эга.

Айни пайтда Тошкент шаҳридаги “Ўзэкспомарказ”да Ўзбекистон ҳамда Қирғизистон саноат маҳсулотлари кўргазмаси давом этмоқда. Бундай тадбирлар икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни бундан-да мустаҳкамлаш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга хизмат қилади.

Саминжон ҲУСАНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn