Сенсорли бошқарув, юқори ҳаракат ва хавфсизлик
  • 05 Октябрь 2017

Сенсорли бошқарув, юқори ҳаракат ва хавфсизлик

янги корхонанинг маҳсулотларига белгиланган талаблар мезонидир

Гулистон шаҳрида лифт ва эскалаторлар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган, хорижий сармоя иштирокидаги масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Modern Lift Systems” корхонаси фойдаланишга топширилди.

— Бугунги кунгача умумий қиймати 5 миллион АҚШ долларини ташкил этадиган лойиҳанинг 1,5 миллион АҚШ долларилик қисми ўзлаштирилди, — дейди МЧЖ бош директори Камрон Уйғунов. — Корхонамиз йилига 300 та барча турдаги лифт ҳамда 200 та эскалатор тайёрлаш қувватига эга. Мазкур ускуналар ички бозордан ташқари, хорижлик буюртмачиларга ҳам етказиб берилади. Яъни ҳозирча маҳсулотимизнинг камида 30 фоизини экспортга йўналтиришни мўлжаллаяпмиз.

Эътиборлиси, жамият маҳсулотлари замонавий талабларга тўлиқ жавоб беради: техник жиҳатдан хавфсиз, фойдаланишда қулай, экологик тоза. Қолаверса, буюртмачининг хоҳишига кўра, лифт интерьерини турли кўринишда безатиш, тезлигини танлаш имконияти ҳам мавжуд.

Корхона мутахассисларининг айтишича, энг юқори ҳаракатни сониясига 4 метргача етказиш мумкин. Эшикларига сенсор бошқаруви ўрнатилгани эса фойдаланувчилар учун яна бир катта қулайликдир.

Шу билан бирга, лифтлар қаватларни овозли тарзда эълон қилиб боради. Қолаверса, ногиронлар учун ҳам барча қулайлик яратилганлиги эътиборга молик. Хусусан, кўзи ожизлар учун мурватлар тагига брайл ёзуви битилган. Кондиционер ва ҳаво айлантирувчи мосламалар билан жиҳозланган интерьерда электр энергияни захирада сақловчи манба ҳам мавжуд. Қисқача айтганда, бу ерда ишлаб чиқарилаётган лифт ҳамда эскалаторлар жаҳоннинг бошқа мамлакатларида тайёрланаётган турдошлари билан бемалол рақобатлаша олади.

2019 йилда лифт ва эскалаторларнинг зарур эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш кўрсаткичи 40 фоизга етказилади. Бу кўплаб қўшимча иш ўринлари яратилади, демакдир.

Айни чоғда корхонада 25 нафар маҳаллий мутахассис фаолият юритмоқда. Лойиҳа тўла амалга оширилгач, жамоа сафи яна бир неча баробар кенгаяди.

Энг муҳими, шу пайтгача асосий қисми хориждан келтирилаётган лифт ҳамда эскалаторлар ўрнини энди ўзимизда ишлаб чиқарилаётган замонавий турдош маҳсулотлар эгаллайди. Юртимизда жадал олиб борилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишларидан аёнки, айни пайтда импорт ўрнини босувчи бу қурилмаларга эҳтиёж тобора -ортиб бормоқда.

Ҳеч шубҳасиз, “Modern Lift Systems”нинг лифт ва эскалаторлари иншоотларга янада замонавийлик, ажиб кўркамлик бахш этиши баробарида, халқимизга қулай шарт-шароитларда яшаш ҳамда меҳнат қилиш имкониятини беради.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn