Ўзбекистон — Россия бизнес форуми
  • 04 Октябрь 2017

Ўзбекистон — Россия бизнес форуми

Пойтахтимиздаги Халқаро ҳамкорлик марказида Ўзбекистон — Россия бизнес форуми бўлиб ўтди. Ўзбекистон ва Россия давлатлари стратегик ҳамда ишончли ҳамкор бўлиб, улар ўртасидаги алоқалар барча йўналишда изчил ривожланиб бораяпти. Мамлакатларимиз раҳбарларининг учрашувлари чоғида эришилган келишувлар икки томонлама муносабатларни юқори босқичга олиб чиқишга хизмат қилмоқда. 

Форумдан кўзланган мақсад ҳам ўзаро савдо-сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш, биргаликда янги қўшма корхоналарни ташкил этиш, истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш масалаларни муҳокама қилишдан иборатдир. 

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Н. Отажонов иқтисодиётни либераллаштириш, қулай инвестициявий муҳит яратиш бугун мамлакатимизда ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотларнинг энг муҳим йўналишларидан бири эканлигини, чет эллик инвесторларга бизнес юритиш учун зарур барча шарт-шароит яратиб берилаётганини алоҳида таъкидлади.

Россия Федерациясининг саноат ва савдо вазири Денис Мантуров, ўз навбатида, Ўзбекистонда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар, айниқса, саноат тармоқларини модернизация ҳамда диверсификация қилиш, инвестиция ва бизнес муҳитини яхшилашга қаратилган кенг кўламли амалий чора-тадбирларни юксак баҳолади.

Айтиш жоизки, мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларда савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорлик асосий ўрин тутади. Ўзбекистон Россияга транспорт воситалари, пахта толаси, тўқимачилик маҳсулотлари, мева-сабзавотлар, қора ва рангли металлар, турли хизматлар экспорт қилса,  мамлакатимизга транспорт воситалари, кимё ҳамда қоғоз саноати товарлари, озиқ-овқат маҳсулотлари олиб келинади. 2017 йилнинг январь — август ойлари давомида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 3 миллиард 89,6 миллион АҚШ долларини ташкил этди.

Кейинги пайтларда давлатларимиз ўртасидаги инвестициявий алоқалар тобора кенгаймоқда. Бугунги кунда юртимизда россиялик ишбилармонлар иштирокида очилган корхоналар сони қарийб 1000 тага етгани, шундан 150 га яқини тўлиқ чет эл капитали эвазига бунёд этилгани бунинг яққол далилидир. 

Чет эллик мутахассисларга Ўзбекистоннинг иқтисодий ва инвестициявий салоҳияти, кейинги йилларда эришилаётган ютуқлар, хорижий сармоядорларга тақдим этилаётган имтиёзлар ҳақида маълумотлар берилди. Улар юртимизда яратилган қулай ишбилармонлик муҳитини юқори баҳоладилар ҳамда инвестициявий лойиҳалар юзасидан ўзаро фикр алмашишди.

 Саид РАҲМОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn