«Termiz kargo» экспорт маркази
  • 04 Октябрь 2017

«Termiz kargo» экспорт маркази

Ўзбекистон — Афғонистон ишбилармонлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади

Ўзбекистон — Афғонистон давлатлари ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга хизмат қиладиган Сурхондарё вилоятидаги “Termiz Cargo Centre” халқаро логистика маркази негизида ташкил этилган экспорт марказининг очилишига бағишланган маросим бўлиб ўтди. Унда икки давлат ҳукумати аъзолари, афғонистонлик тадбиркорлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо вазири Э. ўаниев, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон -Ислом Республикасидаги махсус вакили И. Эргашев, Афғонистон Ислом Республикаси Президентининг МДҲ давлатлари билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича махсус вакили Муҳаммад Шокир Коргар, Афғонистон Ислом Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Хон Жон Алаказай Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги алоқалар сўнгги пайтларда тобора ривожланаётганини таъкидлади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистон Президенти Ашраф ўани билан 2016 йил сентябрь ойида мамлакатимизда, 2017 йил июнь ойида Қозоғистоннинг Остона шаҳридаги учрашувлари икки давлатнинг самарали ҳамкорлик муносабатларини янги босқичга кўтаришда муҳим амалий қадам бўлди.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон ва Афғонистон давлатлари ўртасида тобора мустаҳкамланаётган ҳамкорлик алоқалари азалий қўшничилик ҳамда дўстона ришталарни янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Бинобарин, Афғонистон муаммосини ҳал этиш борасида Ўзбекистоннинг принципиал ва амалий позицияси, олиб борилаётган умумий саъй-ҳаракатлари икки давлатнинг стратегик муносабатларини шакллантиришда мустаҳкам асос бўлмоқда. Бу Ўзбекистон олиб бораётган чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ҳамда амалий ташқи сиёсатнинг самарасидир.

Афғонистон Ислом Республикаси Президентининг катта маслаҳатчиси Муҳаммад Ҳумоюн Қаюмининг айтишича, мамлакатларимизнинг ўзаро муштарак мақсадлари азалдан қардош бўлиб яшаб келган халқларимизни  бир-бирига боғлаб, дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларига янгича руҳ бахш этаётир. Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили иш бошлагани бу борада муҳим аҳамият касб этиб, барча жабҳада ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш имконини яна кенгайтирмоқда. Шубҳасиз, бугунги тадбир ана шу йўлдаги муҳим қадамлардан биридир.

“Termiz kargo” экспорт маркази мамлакатимиз товар ишлаб чиқарувчилари ва тадбиркорлари билан афғонистонлик ишбилармонлар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Ушбу замонавий марказда қўшни давлат тадбиркорларига сифатли хизмат кўрсатиш учун барча қулайлик яратилган. Хусусан, консуллик вакили, божхона терминали биноси, маҳсулотларни сақлаш учун омборхоналар, шунингдек, тижорат банкларининг шохобчалари мавжуд. 

— Ўзбекистоннинг мамлакатимизда барқарорликни тиклаш йўлида олиб бораётган ишларидан миннатдормиз, — дейди аф-ғонистонлик тадбиркор Ҳожи Хайриддин Мойил. — Энди бизга зарур саноат маҳсулотлари билан шу ернинг ўзида танишиш, харид қилиш учун катта имконият мавжуд. Юртингизда яратилган қулай инвестициявий муҳит, ўзаро қўшничилик алоқаларининг янги шароитда равнақ топаётгани Ўзбекистонда ҳам фаолиятимизни олиб боришга қулайлик туғдирмоқда. Марказнинг кўргазма залига қўйилган маҳсулотларнинг сифати ва нархи бизда катта қизиқиш уйғотди. Энг муҳими, ушбу марказда яратилган шароитлар халқаро талабларга мослиги билан таҳсинга лойиқ.

Дарҳақиқат, “Termiz kargo” экспорт маркази кўргазма залида мамлакатимиздаги 80 дан ортиқ корхоналар ўзларининг 300 дан зиёд маҳсулотлари, жумладан, автомобиллар, озиқ-овқат, енгил саноат, кимё маҳсулотлари, минерал ўғитлар, электротехника  воситалари, қурилиш моллари ва қишлоқ хўжалиги техникаларини намойиш этмоқда. Шу ернинг ўзида ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларга доир шартномалар имзоланаяпти.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Н. Отажонов, Сурхондарё вилояти ҳокими Э. Турдимов, Афғонистон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сайид Шаҳобиддин Темурий ҳамда бошқалар сўзга чиқди.

Илҳом РАҲМАТОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn