Таназзулдан тараққиётга юз бурган тармоқ ёхуд йилқичилик ва от спортидаги бугунги ўзгаришлар ҳақида
  • 03 Август 2017

Таназзулдан тараққиётга юз бурган тармоқ ёхуд йилқичилик ва от спортидаги бугунги ўзгаришлар ҳақида

Айтишларича, отнинг қулоқлари орасидан беҳишт шамоли эсиб турармиш. Шунданми, эгарга минган киши дунё ташвишларини унутиб, ўзини руҳан тетик ҳис этар, касаллик эса унинг яқинига йўламас экан.

Ота-боболаримиз от парваришланган хонадон файз-баракали бўлишини бот-бот уқтиришининг боиси ҳам шунда.
Дарҳақиқат, халқимиз отни инсоннинг чин дўсти, эр йигитнинг қаноти, деб билади.
Ўзбек ўғлонлари эса азалдан от ўйнатиб, эгар устида улғайган, десак, муболаға эмас. Бироқ кейинги йилларда йилқичилик соҳаси эътибордан четда қолиб, таназзул ёқасига келиб қолган эди. Бугунги кунда республикамизда жами 211 минг 662 бошдан кўпроқ от мавжудлиги, уларнинг асосий қисми, яъни 85,1 фоизи шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликлари ҳиссасига тўғри келаётгани, атиги 9,4 фоизи фермер хўжаликлари, қолгани эса бошқа корхоналарда парваришланаётгани шундан далолат беради, албатта.

Тарихий ҳужжат
Ана шундай мураккаб бир пайтда давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида йилқичилик ва от спортини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилингани айни муддао бўлди. Соҳа фидойиларининг айтишича, у мустақиллик йилларида эълон қилинган тармоққа оид илк ҳужжатдир.
Қарорда йилқичилик ва от спортини ривожлантириш, унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, янги авлод чавандозларини тайёрлаш, аҳолининг кенг қатлами, айниқса, ёшлар ўртасида от спортини оммалаштириш энг устувор вазифа сифатида белгилаб берилган. Унинг изчил ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон от спорти федерацияси ваколати кенгайтирилиб, Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерациясига айлантирилди.
Бу тармоқ истиқболида қандай бурилиш ясайди?
— Президентимизнинг қарори ўз вақтида қабул қилинган тарихий ҳужжат бўлди, — дейди Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси раиси ўринбосари — бош котиб Эльдар Анарбаев. — Унга кўра, йилқичиликни ривожлантириш федерациямиз зиммасига юклатилгани нафақат ушбу тармоқ, балки от спорти истиқболи сари ташланган муҳим қадамдир. Негаки, спортнинг мазкур тури тараққий этиши, халқаро доирада юқори натижаларга эришилиши, энг аввало, йилқичилик равнақига боғлиқдир. Юртимизда масаланинг шу жиҳатига жиддий эътибор қаратилаётгани диққатга сазовор.

Инвестициявий жозибадорлик индикатори
Очиғини айтиш керак, от спорти энг қиммат спорт тури ҳисобланади. Шу билан бирга, сердаромад ҳамдир. У орқали давлатга мўмай даромад келиб тушади. Буни статистик маълумотлар ҳам тасдиқлайди. Масалан, Францияда ушбу спортдан олинадиган соф фойда йилига ўртача 13 миллиард еврони ташкил этади. Бу кўрсаткич Австралияда 11 миллиард доллар, АҚШда эса 100 миллиард долларга тенг!
— Биласизми, чет эллик инвесторлар бирор давлатга сармоя киритишдан олдин, унинг иқтисодиётини ҳар томонлама ўрганиш чоғида бир жиҳатга алоҳида эътибор қаратишар экан, — дея сўзида давом этади Э. Анарбаев. — Бу йилқичилик ва от спортининг йўлга қўйилганидир. Сабаби, мазкур соҳа ривожи инвестициявий жозибадорлик индикатори ҳисобланар экан. Шу маънода, Ўзбекистонимизни, ҳеч иккиланмай, сармоявий салоҳияти юқори мамлакатлар қаторига киритиш мумкин. Чунки йилқичиликни комплекс тараққий эттириш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётир. 
Чиндан ҳам, юртимизда бир-бири билан чамбарчас боғлиқ бўлган ушбу тармоқлар истиқболи порлоқ. Тарихга назар соладиган бўлсак, ҳозирги пайтда соҳада пешқадам ҳисобланаётган айрим давлатларда ҳали йилқичилик йўлга қўйилмаган бир пайтда бизнинг заминда от спорти шаклланиш босқичидан ўтиб, ривожланиш поғонасига етганди. Ахир тўй-тантаналар “Кўпкари”, “Оломон пойга”, “Ағдариш” каби миллий ўйинларсиз ўтмаган. Полвону чавандозлар, айғирларнинг зўри ана шундай спорт мусобақаларида сараланган.
Афсуски, миллий ўйинларимизга эътиборнинг сусайиши йилқичилик равнақига ҳам соя ташлади. Охир-оқибат зотли отлар камайиб, четникига кўз тика бошладик. Оддий ҳақиқат шуки, бугун юртимиз чавандозлари халқаро мусобақаларда Германия, Голландия, Польша сингари хориж давлатларидан катта маблағ эвазига олиб келинган айғирлар билан иштирок этаяпти.
Савол туғилади: юртимизда спорт отлари етиштириш имконсизми?
— Имкони бор, албатта, — дейди суҳбатдошимиз. — Бунинг учун наслчилик ишларини яхшилаш, шунингдек, соҳа тараққий этган давлатлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарур. Қарорда айни шу йўналишлар бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган. Шундан келиб чиқиб, яқинда от спорти бўйича Осиёнинг энг кучли давлати ҳисобланган Қатарда бўлиб, ўзаро тажриба алмашиб қайтдик. Энг муҳими, зоотехник, мураббий, ветеринар, тақачи ва чавандозларни ушбу мамлакатда доимий равишда бепул ўқув курсларига жалб этиб, тажрибасини ошириш бўйича келишувга эришдик. Бундай ҳужжат Россия от спорти федерацияси билан ҳам имзоланиши кутилаяпти.
  
Қорабайир — миллий ғуруримиз
Давлатимиз раҳбари Қашқадарё вилоятига қилган ташрифида йилқичиликда наслчиликни сақлаш ва ривожлантириш, айниқса, Қорабайир зотини кўпайтириш бўйича зарур йўл-йўриқ ҳамда кўрсатмалар берган эди. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки пайдо бўлиши ўзбек халқи тарихи билан узвий боғлиқ бўлган мазкур зот миллий ғуруримиз, ифтихоримиздир. 
— Қорабайир ўзининг қатор  биологик хусусиятлари билан бошқа зотлардан устунликка эга, — дейди қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Дўстмуҳаммад Холмирзаев. — Яъни тоғ шароитига яхши мослашади, иссиқ ва совуққа бардошли. Пойгада, айниқса, узоқ масофага чопиш, тўсиқлардан сакраб ўтишда бошқа отлардан асло қолишмайди. Миллий от спорти — “Кўпкари” мусобақаларида эса унга тенглашадигани топилмайди.
Қорабайир отларининг тана тузилиши ўта хушбичим ва қотма бўлади. Тўши кенг, бўйни қисқа эса-да, анча йўғон, қарчиғайи унча баланд эмас. Ранги, асосан, қора, тўриқ, жийрон, кўк, малла, чавкар, шунингдек, саман тусда бўлади.
От табиатан ҳуркак жонивор ҳисобланади. Аммо бу — Қорабайирга ёт хислат. У довюраклиги, жанговарлиги билан чавандозлар ишончини, ишқибозлар меҳрини қозониб келмоқда. Юртимизда бу зотнинг “Оловхон”, “Ўзбекистон” каби типлари яратилган. Бу борадаги изланишлар якунига етказилмагани ачинарли. Аммо Қорабайир генофонди сақлаб қолингани энг катта муваффақиятдир.
Президентимиз ташрифидан сўнг Яккабоғ туманида ушбу ноёб зотли отларни кўпайтиришга ихтисослаштирилган замонавий мажмуа бунёд этилмоқда. У 2018 йилнинг 1 январига қадар фойдаланишга топширилиши, 200 тагача йилқи боқилиб, учқур тулпорлар етказиб берилиши кўзда тутилган.
Дарвоқе, айни пайтда пойтахт вилоятидаги “Машъал”, “Баркамол авлод болалар от спорти” сингари от клубларида ҳам Қорабайирни кўпайтириш йўлга қўйилган. 

Олимпиадага ўз отларимиз билан борамиз
Очиғи, дунёда от зотлари жуда кўп. Лекин улар орасидан Қорабайир, Ахалтака ва немис зотларига талаб нисбатан катта. Нега?
— Негаки, улар ўз йўналиши бўйича энг яхши кўрсаткичларга эга, — дея изоҳ беради Эльдар Анарбаев. — Пойгада Ахалтака, тўсиқлар ошиб югуришда немис зотлари, миллий от ўйинларида Қорабайир чиндан-да тенгсиз. Шунинг учун юртимиздаги от заводлари, йилқичилик хўжаликларида ушбу зотларни кўпайтириш, уларнинг наслини яхшилашга жиддий аҳамият берилаяпти. Чунки олдимизга Олимпиада ўйинларига ўз отларимиз билан боришни асосий мақсад қилиб қўйганмиз.
Шу ўринда 2018 йилда Германияда бўлиб ўтадиган Жаҳон кубогининг финал босқичи ҳақида тўхталиб ўтсак. Унда дунёнинг энг сара отлари билан энг кучли
40 нафар чавандоз иштирок этса, шулардан бири — ўзбекистонлик Нуржон Тўёқбоев эканлиги таҳсинга лойиқ. У “Олтин лига” номи билан машҳур бўлган ушбу нуфузли мусобақанинг тўсиқлардан от сакратиш тури бўйича йўлланмасини “КингКорнет” лақабли тулпори билан Марказий Осиё лигасининг уч босқичида ҳам Гран-при соҳиби сифатида қўлга киритди.
Аслида, жаҳон кубогида қатнашишнинг ўзи — шараф. Аммо биз мақсадни юксак қўйиб, чавандозимиз совринли ўринларни эгаллашидан умид қилиб турибмиз. 
 Айтиш жоизки, юртимизда спорт отлари етказиб берадиган от заводи яна биттага кўпаймоқда. Пойтахт вилоятининг Бўстонлиқ туманида немис зотли отларни кўпайтиришга ихтисослаштирилган “Ўзбек спорт отлари” масъулияти чекланган жамияти ташкил этилаяпти. 
Унинг биринчи босқичида 40 миллиард сўм миқдорида инвестиция ўзлаштирилиб, отхоналар, машғулот ва мусобақа ўтказиладиган майдонлар қурилади. Энг асосийси, Германиядан наслли биялар олиб келиниб, 2018 йилда 50 та қулун олиниши кутилаяпти. 2020 йилда эса бу кўрсаткич 200 тага етказилиши қувонарлидир.
Келажакда бу ерда дунё стандартларига жавоб берадиган лаборатория, замонавий жарроҳлик маркази ишга туширилиши, ҳудудларда эса филиаллари ташкил этилиши режалаштирилган.

Ноёб арғумоқлар маскани
Ҳозирги кунда республикамизда 13 та наслчилик хўжалиги фаолият юритаётгани, мавжуд отлардан 11 минг 116 боши наслдорлиги, жумладан, 527 боши наслли бия эканлигини инобатга оладиган бўлсак, зотдор отларни кўпайтириш имкониятимиз юқорилиги ойдин бўлади. Ўрта Чирчиқ туманидаги “Ўзбегим отлари” от заводида ноёб тулпорлар сирасига кирадиган Ахалтака зоти кўпайтирилади.
— Президентимиз Тошкент вилоятига ташрифи давомида от заводимиз фаолияти билан яқиндан танишиб, соҳани ривожлантириш, айниқса, наслчиликни яхшилаш, зотдор тулпорларни кўпайтириш бўйича қимматли маслаҳатларини берди, — дейди “Ўзбегим отлари” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Аваз Исмоилов. — Бу эса бизни янги лойиҳаларни амалга ошириш, фаолиятимизни кенгайтиришга руҳлантирди. Айни пайтда қўшимча отхоналарни қуриш ишларини бошлаб юбордик. Яна бир муҳим йўналиш, яъни Ахалтака отларининг янги линияларини яратиш устида изланаяпмиз. Булар тез орада ўз самарасини беради. 
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Ахалтака зоти бундан беш минг йил муқаддам пайдо бўлган қадимий от тури ҳисобланади. Улар учқурлиги, абжирлиги, чидамлилиги, кўркам кўриниши билан алоҳида ажралиб туради. Олимлар бу зот аслида бизнинг заминимизда пайдо бўлган, деган фикрни илгари суришади. Ушбу арғумоқлар, асосан, ҳозирги Фарғона водийси, Хоразм вилояти ҳудудларида учраган. Бироқ унинг генофонди Туркманистонда сақланиб қолган.
— Дунёда мавжуд Ахалтака отларининг қарийб 10 фоизи бизнинг заводимиз улушига тўғри келади, — дейди зоотехник Галина Славская. — Уларнинг аксарияти мамлакат ва халқаро миқёсдаги чемпионатлар иштирокчиси ҳамда совриндори, айтиш мумкинки, Ўзбекистон фахрига айланган. Мисол учун, “Галлас” лақабли тулпор ёш айғирлар ўртасида жаҳон чемпиони, мутлақ Осиё чемпиони ҳисобланади. Унинг чиройли хатти-ҳаракатлари, йўртиб юришини айтмайсизми?! 
Галина Славская билан бир бор суҳбатлашган киши отлар оламига шўнғиб кетади. Бу соҳа фидойиси беназир жонзотлар нимани хуш кўриши-ю, парваришлашда қайси жиҳатларга эътибор қаратиш зарурлигини жуда яхши билади. Таъбир жоиз бўлса, отчиликда ўзига хос мактаб яратган. Эътиборли жиҳати, у от заводидаги 300 га яқин йилқилар эришган натижаларнигина эмас, балки улар қайси айғир ёки биядан урчигани-ю, барча кўрсаткичларини йилма-йил ёддан айтиб беради.      
— От — меҳрталаб жонивор, — дейди Г. Славская — Ундан эътиборингизни аямасангиз, энг содиқ дўстга айланади. Айниқса, спорт отларини етиштиришда бу ўта муҳим жиҳат саналади. Шунинг учун заводимизда йилига 60 та тойчоқ олинса, уларнинг ҳар бири парваришига алоҳида ёндашамиз. Натижада халқаро мусобақаларда юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган спорт отлари сони тобора кўпаймоқда.
Бугун йилқичилик ва от спорти тармоғида туб ўзгаришлар даври бошланди. Бевосита Президентимиз ташаббуси билан мазкур жабҳада олиб борилаётган ислоҳотларда ҳеч бир масала эътибордан четда қолмаяпти. Спорт, хизмат отлари етиштириш, наслчиликни яхшилаш баробарида, тизим моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, отчопарларни халқаро андозаларга мувофиқ, қайта қуриш ва модернизациялаш ишлари жадал давом эттирилмоқда. Бу каби саъй-ҳаракатлар яқин йилларда ўзбек йилқичилиги ва от спорти довруғини дунёга кенг ёйишга хизмат қилишига ишонамиз.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn