Хорижий инвестор: яратиб берилаётган имкониятлардан мамнунмиз
  • 20 Июль 2017

Хорижий инвестор: яратиб берилаётган имкониятлардан мамнунмиз

Бугун қайси соҳада бўлмасин, янгиланишларнинг гувоҳига айланаяпмиз. Чунончи, енгил саноат тармоғида ҳам ижобий ўзгаришлар кўзга ташланаяпти. Илгари Сирдарё вилоятида мазкур соҳада саноқли корхоналар фаолият юритарди. Эндиликда уларнинг сони кўпайиб, ҳудуд иқтисодий салоҳиятида муҳим ўрин тутмоқда.

Жумладан, шу йилнинг баҳорида туркиялик инвестор томонидан Гулистон шаҳрида “Sirdaryo best fashion” хорижий корхонаси ишга туширилди. Натижада ҳудуднинг бу соҳадаги экспорт имкониятлари кенгайди.
Бинобарин, корхонада тайёрланаётган маҳсулотлар юз фоиз ташқи бозорга йўналтирилмоқда. Белгиланган бизнес-режага кўра, келгуси йилда экспорт ҳажми 10 миллион АҚШ долларигача кўтарилади.
— Жорий йилнинг май ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг фаолиятимиз билан атрофлича танишганидан бошимиз осмонга етди, — дейди хорижий корхона технологи Демир Ҳусайин.
— Ушбу ташриф асосида Ўзбекистонда хорижий ишбилармонларга кўрсатилаётган доимий эътиборни яна бир бор чуқур ҳис этдик. Қолаверса, буни юртингизда биз, чет эллик ишбилармонларга яратилган қулай инвестициявий муҳитдан ҳам билса бўлади.
Мазкур енгил саноат субъектининг ишлаб чиқариш жараёни тўлиқ замонавий технологияларга асосланган. Масалан, матони бичиш-кесиш ишлари компьютерлаштирилган ҳолда амалга оширилса, тикув дастгоҳларида ҳам ана шундай автоматик бошқарув дастурлари мавжуд.
— Меҳнат шароитимиз ҳавас қиларли даражада, — дейди чевар Наргиза Қўшиева. — Шу боис мазкур корхонада ишлаш истагидагилар кўп. Жамоамиз, асосан, касб-ҳунар коллежларини битирган ёшлардан иборат. Улар фаолиятини бошлашдан олдин маълум муддат жараённи пухта ўрганиш босқичидан ўтган. Яна бир жиҳати, бу ерда ҳеч бир ходим меҳнати эътиборсиз қолмайди. Юқори сифат ва натижага эришган чеварларга малака тоифалари берилади ҳамда шунга яраша маош белгиланади. Албатта, ушбу тартиб барчамизни изланишга, интилишга ундайди ва энг муҳими, маҳсулотимиз рақобатдошлиги таъминланади.
Айни чоғда корхонада 500 нафарга яқин кишилар меҳнат қилмоқда. Технолог Демир Ҳусайиннинг айтишича, ҳадемай, жамоа аъзолари сони қарийб 1000 нафарга етказилади. Бу ерга нафақат вилоят маркази, балки узоқ-яқин туманларда яшаётган ёшлар ҳам ишга жалб этилган. Уларнинг келиб-кетишлари учун эса махсус автобуслар ажратилган.
Этиборлиси, корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати ҳам анча салмоқли: яъни йилига 4 миллион дона кийим-кечак тайёрланади. Либослар дизайни эса буюртмачиларнинг ўзлари томонидан тақдим қилинаяпти. Бундай ҳамкорлик, албатта, бозор талабларига мос маҳсулот ишлаб чиқаришда муҳим аҳамият касб этаётир.


Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn