Ҳавзалар баракаси 40 минг тоннага кўпаяди
  • 20 Июль 2017

Ҳавзалар баракаси 40 минг тоннага кўпаяди

Сунъий ва табиий кўллар хазинаси
Жаҳон кўрсаткичлари билан таққосланганда...
Арзон, лекин қимматбаҳо
Вьетнам технологиясининг афзалликлари нимада?
Айдаркўл ва Арнасойда пайдо бўлган денгиз сирлари

2017 йилда мамлакатимизда 105 минг тонна балиқ етиштириш кўзда тутилган. Бу ўтган йилдагига нисбатан қарийб 40 минг тонна кўп, деганидир. Хўш, аҳолига луқмаи ҳалол етказиб бериш ҳажмини кўпайтириш учун қандай амалий чора-тадбирлар кўрилаяпти?
Саволга жавоб олиш мақсадида Президентимизнинг шу йил 1 майдаги қарорига биноан ташкил этилган “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси мутасаддиларига мурожаат қилдик.
— Республикамизда мавжуд сув ресурсларидан оқилона фойдаланилса, балиқ етиштириш ҳажмини бундан ҳам кўпайтириш мумкин, — дейди “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси раиси биринчи ўринбосари Руҳилло Қурбонов. — Очиғини айтиш керак, илгари юртимизда табиий ва сунъий сув ҳавзаларидан самарасиз фойдаланилгани, балиқ чавоқлари етказиб бериш тизимли йўлга қўйилмагани оқибатида тармоқда маҳсулдорлик пасайиб кетган эди. Аниқроғи, сунъий кўлларнинг ҳосилдорлиги жаҳондаги ўртача кўрсаткичлардан ҳам анча паст — гектарига 20 центнердан ошмасди.
Бугунги кунда давлатимиз томонидан қишлоқ хўжалигининг истиқболли соҳаларидан бири бўлган балиқчиликни ривожлантириш, унга хорижнинг илғор тажрибаларини ўрганган ҳолда, интенсив технологияларни кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилаяптики, бунинг самараси шу йилнинг ўзида яққол сезила бошлайди. Аҳолига арзон балиқ ва балиқ маҳсулотлари етказиб бериш ҳажми кескин ортади.
Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбарининг яқинда қабул қилинган “Балиқчилик тармоғини бошқариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳа тараққиёти сари ташланган муҳим қадам бўлди. Мазкур ҳужжатда тармоқни бошқариш тизимини такомиллаштириш, балиқчилик ва балиқ овлаш ташкилотлари фаолияти самарадорлигини ошириш, маҳсулотни қайта ишлаш қувватларини кенгайтириш, балиқ етиштиришнинг илмий асосланган усуллари ҳамда интенсив технологияларини жорий этиш бўйича кўплаб вазифалар белгилаб берилди.
Шундан келиб чиқиб, юртимизда фаолият кўрсатаётган 3 мингдан ортиқ балиқчилик хўжаликлари тасарруфидаги 352,4 минг гектар табиий, 25,4 минг гектар сунъий сув ҳавзаларида интенсив технологиялар жорий қилинаяпти. Бунда хориж давлатларида ўзини оқлаган ҳамда энг самарали ҳисобланган “қафас” усулидан кенг фойдаланилмоқда. Шу мақсадда хориждан маҳсулдор балиқ турлари олиб келинаётир. Бу борадаги дастлабки лойиҳа Навоий вилоятидаги “Аква Тўдакўл” қўшма корхонасида ҳаётга татбиқ этилди. Бунинг учун Вьетнам давлатидан сазаннинг 30 минг дона чавоғи олиб келинди. Уларни парваришлаш жараёнида маҳаллий иқлим шароитига мослашиши, ривожланиш суръати ва маҳсулдорлиги устида илмий изланишлар ҳам олиб борилиши диққатга сазовор.
Мутахассисларнинг айтишича, балиқ чавоқлари хориждан келтирилаётгани бежиз эмас. Чунки юртимизда етиштириладиган сазан, оқ дўнгпешона, оқ амур, чипор дўнгпешона каби балиқ турлари тупроқ ҳавзаларида парваришлашга мослашган. Улар бугун амалиётда кенг қўлланилаётган интенсив технологиялар, хусусан, “қафас” усулида боқишга мўлжалланмаган. Шу боис янги технология учун Вьетнам сазани, Африка лаққаси каби маҳсулдор балиқ турлари келтирилаяпти.
— “Вьетнам технологияси” деб ном олган қафасда балиқ етиштириш усулининг афзаллиги шундаки, ҳавзалардаги қурилмаларга юқори тиғизликда чавоқлар ташланиб, уларни омихта ем билан боқиш эвазига маҳсулдорликни бир неча баравар ошириш мумкин, — дейди Р. Қурбонов. — Масалан, Африка лаққаси яхши парваришланса, жуда тез вазн йиғади, шунингдек, бир йилда 2 мартагача овланади. Бу масаланинг иқтисодий жиҳати. Асосий мақсад эса мавжуд сув ресурсларидан унумли фойдаланишдир.
Гап шундаки, бугунги кунда табиий сув ҳавзаларининг ҳар 5 — 20 минг гектари битта ижарачига берилади. Агар бу ерга ўртача 1000 та қафас қўйиладиган бўлса-чи? Қўшимча равишда 250 та иш ўрни яратилиб, шунча одамнинг бандлиги таъминланади. Ўз навбатида, балиқ етиштириш ва овлаш ҳажми ортади. Тизимда олиб борилаётган бугунги ислоҳотлар замирида нафақат иқтисодий, балки ижтимоий масалаларни ҳал этишдек эзгу мақсад-муддаолар мужассамдир.
Ҳозирги пайтда Хоразм, Сирдарё, Қашқадарё, Самарқанд ҳамда Тошкент вилоятларидаги ҳавзаларга қафаслар ташланаяпти. Бунинг учун зарур бўлган ускуна ва жиҳозлар кафолатли равишда етказиб берилаётгани, қафаслар марказлашган ҳолда ишлаб чиқарилаётгани айни муддао бўлаётир.
Шу ўринда табиий савол туғилади: Вьетнам технологиясининг рентабеллиги қанча?
Вьетнамнинг “Nguen Duc Chi Co LTD” компанияси бош директори Нгуен Ван Чининг сўзларига қараганда, бу усулнинг рентабеллиги ниҳоятда юқори бўлиб, 20 — 30 фоизни ташкил этади. Шунинг учун ҳам Вьетнам географик жойлашувига кўра, сув ресурсларига жуда бой бўлса-да, балиқ етиштиришда сунъий ҳавзалардан кенг фойдаланилади. Мисол учун, ўтган йили 6,6 миллион тонна балиқ маҳсулотлари овланган бўлса, шундан 3,8 миллион тоннаси турли хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ҳавзаларда интенсив усулда етиштирилган. Уларнинг балиқ экспортидаги ҳиссаси эса 65 фоизни ташкил этди.
— Бизнинг компания Хоразм вилоятидаги “Эшон Равот балиқ” фермер хўжалиги билан ҳамкорликда шу усулда балиқ етиштиришга киришди, — дейди вьетнамлик тадбиркор. — Бунинг учун 400 гектар ер ажратилиб, ҳавза бунёд этилди. Улар зарур қурилмалар билан жиҳозланиб, балиқлантирилмоқда. Келишувга мувофиқ, бу йил юртингизда янги усулда балиқ етиштириш бўйича ишлаб чиқариш тажрибасини олиб борамиз. Келгусида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаб, кўплаб лойиҳаларда иштирок этишни ният қилганмиз.
Ҳисоб-китобларга қараганда, битта намунавий қафас учун 7 миллион сўм, унга лойиқ тўр учун 2 миллион сўм маблағ сарфланади. Унинг ёрдамида эса бир мавсумда ўртача 3 тонна балиқ етиштирилади. Луқмаи ҳалолнинг ҳар килограмми 10 минг сўмдан сотилган тақдирда, бу 30 миллион сўм даромад олинади, деганидир. Агар балиқ чавоқлари хариди, омихта ем, ишчи ва мутахассислар маоши, шунингдек, бошқа харажатларга ўртача яна 10 миллион сўм маблағ сарфланса ҳам, харажатлар биринчи йилдаёқ тўлиқ қопланиб, соф фойда олиш мумкин. Бу қурилмалар 5 — 7 йилгача таъмирсиз ишлатилишини инобатга оладиган бўлсак, балиқчиларнинг моддий манфаатдорлиги йил сайин ортиб бораверади.
Уюшма мутахассисларининг таъкидлашича, юртимиз балиқчилари фақат Вьетнам технологияси билангина чекланиб қолишаётгани йўқ. Табиий кўлларга ўсимликхўр, шунингдек, ҳавзада урчимайдиган балиқ чавоқларини ташлаш эвазига балиқлантиришга асосланган аралаш усул, ёпиқ айланма сув тизими орқали балиқ етиштириш сингари интенсив технологиялардан ҳам ўз ўрнида фойдаланилаётир.
Шу билан бирга, тоғли ҳудудларда совуқ сувга мослашган қимматли балиқ турлари кўпайтирилмоқда. Бунга Тошкент вилоятидаги “Golden Fish” корхонаси фаолияти яққол мисол. Бу ерда гулмоҳи (форель), бакрабалиқ (осётр), лосось балиқлари етиштирилиб, ички бозор кенг ассортиментдаги арзон ва сифатли балиқ маҳсулотлари билан тўлдирилмоқда.
Дарвоқе, кўплаб тадбиркорлар креветка, қисқичбақа каби импорт ўрнини босувчи денгиз маҳсулотлари етиштиришга бел боғлашгани ҳам қувонарлидир. Олимларнинг ўрганишлари эса юртимиз иқлим шароитида бунинг имкони борлигини тасдиқлади. Негаки, Айдар — Арнасой кўллар тизимида креветкалар, бошқа ҳавзаларда эса қисқичбақалар пайдо бўлиб, табиий равишда кўпаймоқда.
Умуман олганда, давлатимиз раҳбарининг қарорига биноан, балиқчилик ривожига тўсиқ бўлиб турган муаммо ва камчиликлар бартараф этилиб, тармоқда озуқа базасини мустаҳкамлаш, соҳа учун етук мутахассислар тайёрлаш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича тизимли ишлар олиб борилаяпти, истиқболли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Бу эса аҳолининг парҳез маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини тўлиқ ва узлуксиз таъминлаш, импорт ҳажмини камайтириб, экспортга кенг йўл очишга хизмат қилади.


Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn