Кичик бизнесга катта эътибор ноанъанавий ишлаб чиқариш тармоқлари ўзлаштирилишига хизмат қилаяпти
  • 18 Июль 2017

Кичик бизнесга катта эътибор ноанъанавий ишлаб чиқариш тармоқлари ўзлаштирилишига хизмат қилаяпти

Тадбиркорлик — иқтисодиётнинг муҳим таянчи. Шу боис мамлакатимизда мазкур соҳа ривожига катта эътибор қаратиб келинаётир. Натижада одамларнинг ишбилармонлик қобилияти юзага чиқиб, ички бозоримиз янги ва сифатли маҳсулотлар билан бойимоқда, экспорт кўрсаткичлари ҳам ошаяпти.

Қолаверса, бу ҳудудларда ишлаб чиқаришнинг ноанъанавий турларини оммалаштириш аҳоли бандлигини таъминлаш имконини бераётгани билан ҳам аҳамиятлидир. Айни пайтда Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида саноат маҳсулотларининг 59,5, капитал қўйилмаларнинг 60, қурилиш ишларининг 85, чакана савдо айланмасининг 92, хизмат кўрсатиш соҳасининг 99 фоизи кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳиссасига тўғри келаётгани фикримиз тасдиғидир. Эътиборлиси, тумандаги мавжуд 865 та кичик бизнес субъектининг 46 таси жорий йилда ташкил этилди.

Шундай ишбилармонлардан бири — Шойим Шарипов йил бошида банкдан олган 200 минг АҚШ доллари миқдоридаги кредит эвазига музқаймоқ тайёрлашга ихтисослаштирилган замонавий линияни ишга туширди. Бир кеча-кундузда 4,5-5 тонна сутдан 15 турдаги музқаймоқ тайёрлаш қувватига эга корхонада 12 кишининг бандлиги таъминланди.

— Корхонамиз учун сутни ён-атрофимиздаги фермер хўжаликларидан шартнома асосида харид қилаяпмиз, — дейди тумандаги илғор тадбиркорлик субъектларидан яна бири, “Согдиана агроиндустрия” масъулияти чекланган жамияти бош технологи Алишер Насриев. — Табиий сутдан фойдаланаётганимиз боис маҳсулотларимиз харидоргирлиги ошиб, эндиликда уни Бухоро ва Қашқадарё вилоятларидаги буюртмачиларга ҳам етказиб бераяпмиз.

Туманда, шунингдек, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, маҳсулот таннархини имкон қадар пасайтириш мақсадида томчилатиб суғоришга асосланган интенсив боғлар яратилаётгани ҳам диққатга сазовор. Масалан, Ҳафтқориён маҳалласи ҳудудидаги уч гектарлик “Исроилобод бўстони” боғи “Адизбобо” фермер хўжалиги таркибида барпо этилган.

— Боғни ташкил қилишдан олдин, — дейди кекса боғбон Илҳом Асадов, — ерни, шамол йўлларини обдан ўрганиб чиқдик. Шундан сўнг бу ерга олхўри, шафтоли, олма, ўрик ва нок каби мевали дарахтларнинг 2700 туп кўчатини қададик. Олти кишини ишга жалб қилдик. Ҳозирги кунда улар боғни меҳр билан парваришламоқда.

Аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш хусусида гап кетар экан, бугунги кунда туманда меҳнатга лаёқатли кишиларнинг қарийб 60 фоизи мазкур соҳада иш билан банд эканини алоҳида қайд этиш жоиз. Бу ҳудудда ишбилармонлик муҳити янги босқичга кўтарилаётганидан яққол далолатдир.

Темур ЭШБОЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn