Барқарор энергия таъминоти — ривожланиш кафолати
  • 11 Июль 2017

Барқарор энергия таъминоти — ривожланиш кафолати

2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида электр энергияси ва табиий газ ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, аҳоли ҳамда иқтисодиёт тармоқларининг энергия ресурсларига бўлган талабини тўлиқ қондириш, қолаверса, энергетика объектларини модернизациялаш каби муҳим вазифалар ҳам қамраб олинган.

Бу бежиз эмас, албатта. Чунки 2030 йилга бориб, юртимизда электр энергияси истеъмоли деярли 2 баробар, яъни 100 млрд. кВт.соатдан ошиши башорат қилинаяпти.

Шундан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, ҳозирги кунда электр энергияси ҳосил қилиш балансини қайта кўриб чиқиш ва аниқлаштириш, янги қувватларни ташкил этиш ҳамда мавжуд ресурсларни тежаш энг долзарб масалалардан бирига айланмоқда. Бу борада мавжуд иссиқлик ва гидроэлектр станцияларини модернизациялаш, ўрнатилган қувватларни ошириш, иш режимларини оптималлаштириш, ёқилғи сарфини камайтириш бўйича илмий-амалий ишларни давом эттириш лозим.

Республикамизда электр энергиясини ҳосил қилиш балансида гидроэнергетиканинг ўрни анча пастлиги (7-8 фоиз) боис ушбу йўналишда ечимларни амалиётга кенг татбиқ қилиш устувор аҳамият касб этаётган эди. Президентимизнинг 2017 йил 18 майдаги “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони мазкур ишларни жадаллаштиришга хизмат қилиши билан алоҳида ажралиб туради. Бинобарин, унда мамлакатимиз гидроэнергетика салоҳиятидан самарали фойдаланиш, сув-энергетика ресурсларини бошқаришнинг ягона тизимини шакллантириш, электр энергияси ишлаб чиқариш таркибида қайта тикланувчи манбалар улушини изчил ошириш, янги экологик тоза энергия ҳосил қилувчи қувватларни яратиш каби кўплаб вазифалар белгилаб берилди.

Табиий-иқлим шароити Ўзбекистонга ўхшаш мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, марказлашган электр таъминоти тизимидан ташқари, жойларда ҳар бир корхона, яшаш бинолари имкониятидан келиб чиқиб, айниқса, қуёш энергиясидан сув иситиш ва электр энергиясини ҳосил қилиш мақсадида кенг фойдаланиш ривожланган.

Иқтисодиёт тармоқларининг катта миқдорда электр энергияси истеъмол қилувчи корхоналари базасида ноанъанавий энергия манбалари (биоэнергия, ишлаб чиқариш чиқиндилари, иссиқликни утилизациялаш ва ҳоказолар) асосида электр энергияси ишлаб чиқаришни амалга оширувчи кичик станцияларни қуриш ва уларнинг мавжуд электр тармоқларига уланиши, корхоналар томонидан электр энергиясини сотиб олиш билан бир вақтда бундай ресурсларни сотишни ҳам амалга ошириш мақсадга мувофиқ.

Шунингдек, ноанъанавий энергия манбаларидан ҳосил қилинадиган электр энергиясини сотишга “яшил тарифлар” белгилаш, ҳар бир истеъмолчи ўзи ишлаб чиқарадиган энергиядан фойдаланишдан ташқари, уни сотишдан манфаатдор бўлиши лозим. Бу борада электр энергиясига бўлган талабнинг камида 25 — 30 фоизи жойларда ишлаб чиқарилишини таъминлашни туман ҳокимликлари ихтиёрига топшириш, ноанъанавий энергия манбаларини жорий этувчиларга банк кредитлари ажратилиши айни муддаодир.

Қолаверса, ижтимоий-маиший объектларнинг ишончли электр таъминотига эришиш мақсадида махсус тоифали истеъмолчи бўлмаган баъзи бир саноат корхоналарининг электр истеъмоли графигини ўзгартириш, “нагрузка пики”ни текислаш, бунда истеъмолчиларнинг ҳам манфаатдорлиги инобатга олиниб, электр энергиясига вақт бўйича табақалаштирилган тарифларни жорий этиш масаласини кўриб чиқишни замоннинг ўзи тақозо қилмоқда. Ваҳолонки, бир қатор ривожланган давлатларда бундай тарифлар аллақачон қўлланилиб, ижобий натижаларга эришилган. Бу тажриба жорий этилгач, электр энергияси истеъмоли графиги текисланади. Истеъмолчиларнинг иқтисодий манфаатдорлиги таъминланиб, электр тармоқларидаги “зўриқишлар” камаяди.

Ялпи ички маҳсулот бирлигини ишлаб чиқариш учун Ўзбекистонда Европа Иттифоқи давлатлари ўртача кўрсаткичига нисбатан тахминан тўрт-беш баравар, Марказий Осиё минтақаси ўртача кўрсаткичига нисбатан эса икки баравар кўп энергия сарфланмоқда. Юқори энергия сарфи мамлакат иқтисодиётига анчагина ортиқча “юк” ҳисобланади. Жаҳон банки ҳисоботига кўра, юқори энергия сарфи ялпи ички маҳсулотнинг 4,5 фоизини ташкил этган.

Саноат Ўзбекистон иқтисодиёти барқарорлигини таъминлаш нуқтаи назаридан муҳим. Шу билан бирга, энергиядан самарали фойдаланиш талаб этиладиган асосий сектор ҳам мазкур соҳа ҳисобланади. Яъни жами ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг қарийб 40, табиий газнинг  20 ва нефть маҳсулотларининг 6 фоизи ушбу тармоқда ишлатилади. Бундан кўринадики, энергияни тежаш, айниқса, саноат учун жуда зарурдир.

Таҳлиллардан маълум бўлишича, мана шундай омиллар асосида фаолият юритилса, кичик корхоналарда 19 — 24 фоиз, йирик корхоналарда эса 7 — 16 фоиз тежамкорликка эришилади. Зотан, саноатда энергия истеъмолини 15 фоизгача -қисқартириш эвазига 7,7 млрд. АҚШ доллари миқдоридаги маблағни иқтисод қилишга замин яратилади.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 26 майдаги “2017 — 2021 йилларда қайта тикланувчи энергетикани янада ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарорида бошқа идора ҳамда ташкилотлар қаторида “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамиятининг Илмий-техник маркази зиммасига қайта тикланувчи манбалардан самарали фойдаланиш учун маҳаллий ишланмалар ва амалий тадқиқотларни, шунингдек, синовдан ўтган илғор хориж технологияларини трансфер қилиш имкониятларини таҳлил этиш асосида иқтисодиёт ҳамда ижтимоий соҳа тармоқларида қайта тикланувчи манбаларни мақсадли жорий қилиш, қуёш энергетикасини ривожлантириш бўйича амалий чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Шу боис айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги томонидан ажратилган грантлар асосида электр энергетика соҳасининг барқарор ривожланиши учун сув оқимлари, қуёш ҳамда шамол энергияси манбаларидан биргаликда фойдаланишни таъминловчи электр станцияларини барпо этиш ва уларни умумий электр тармоқларига улашнинг илмий-технологик асосларини ишлаб чиқиш, республикамиз шароитида жўшқин бўлмаган сув оқимларидан самарали фойдаланиш каби мавзулардаги илмий-амалий лойиҳалар бўйича ишлар янги босқичга кўтарилмоқда. Жумладан, олимларимиз томонидан Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Навоий вилоятининг чўл ҳудудларидаги шамол харитасини аниқлаштириш, имкониятдан келиб чиқиб, шамол-қуёш (уйғунлашган) электр станциялари каскадларини қуришга киришиш ва йирик истеъмолчи корхоналарнинг технологик ҳудудларида 20 — 100 киловаттлик кичик станцияларни барпо этишга доир тавсиялар ишлаб чиқилаяпти.

Хулоса ўрнида айтганда, ёқилғи-энергетика комплексини модернизация қилиш, электр энергияси ҳамда табиий газ етказиб бериш ва истеъмол қилиш соҳасида шартнома мажбуриятларига сўзсиз риоя этиш, шунингдек, суд ҳужжатлари ижросининг таъсирчан механизмларини яратиш мамлакатимизда олиб борилаётган, энг аввало, иқтисодиёт тармоқларини жадал равнақ топтириш, инвестициявий жозибадорлик ҳамда ишбилармонлик фаоллигини ошириш, ишлаб чиқаришни кенгайтиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларнинг пировард мақсади ҳисобланади. Президентимизнинг 2017 йил 29 майдаги Фармони асосида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида Мажбурий ижро бюросининг ташкил этилиши бу борадаги кафолатли саъй-ҳаракатлар самарасидир.

Ҳаким МУРОТОВ,

«Ўзбекэнерго» АЖ Илмий-техник маркази директори,

техника фанлари доктори, профессор.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn