Инновацион технологиялар тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш имконини беради
  • 06 Июль 2017

Инновацион технологиялар тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш имконини беради

Тўқимачилик ва енгил саноат тармоқларига инновацион технологияларни изчил татбиқ этиш ҳисобига тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини муттасил равишда кўпайтиришга устувор аҳамият қаратилаяпти. Бундан кўзланган асосий мақсад заминимизда етиштирилган пахта хом ашёсини ўзимизда тўлиқ қайта ишлашга эришишдир.

Маълумотларга қараганда, 1991 йилда республикамизда тайёрланган пахта толасининг атиги 7 фоизи маҳаллий корхоналарда қайта ишланган бўлса, ҳозирги кунга келиб, бу кўрсаткич 53 фоизга етказилди. Ушбу натижага эришилишида истиқлол йилларида соҳага 2,5 миллиард АҚШ доллари миқдорида инвестиция жалб этилиб, 300 дан ортиқ йирик лойиҳалар амалга оширилгани муҳим омил бўлди.

Кеча пойтахтимизда “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти томонидан тўқимачиликни ривожлантириш, ҳудудларда инвестициявий лойиҳаларни бажариш ҳисобига янги иш ўринлари яратиш масаласига бағишлаб ташкил этилган матбуот анжуманида шу хусусда сўз юритилди. 

Бугунги кунда жамият таркибида 450 дан зиёд тўқимачилик, тикув-трикотаж корхоналари фаолият юритаётган бўлиб, улар йилига 590 минг тоннадан ортиқ калава ип, 485 миллион квадрат метр газлама, 103 минг тонна трикотаж мато, шунингдек, 132 миллион жуфт пайпоқ ҳамда 660 миллион дона тайёр буюм ишлаб чиқариш қувватига эга. Бироқ бу мавжуд имконият даражасида эмаслигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан тизимга янгича бошқарув ва ишлаб чиқариш усулларини жорий этиш, ташқи бозорда рақобатдош маҳсулотлар тайёрлашни кўпайтириш, экспорт салоҳиятини ошириш борасида вазифалар қўйилаётганининг боиси ҳам шунда. 

— Президентимизнинг 2016 йил 21 декабрдаги қарорига биноан, 2017 — 2019 йилларда республикада енгил саноатни ривожлантириш дастури қабул қилинган, — дейди “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти бошқармаси бошлиғи Санжар Тўхтаев. — Унинг доирасида умумий қиймати 2,2 миллиард долларлик 132 та инвестициявий лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган. Жорий йилнинг ўтган даврида ушбу лойиҳалардан тўққизтаси рўёбга чиқарилиб, Наманган, Сурхондарё, Жиззах, Қашқадарё, Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида замонавий корхоналар ишга туширилди. 

Шу билан бирга, қиймати 600 миллион долларлик 60 га яқин қўшимча лойиҳалар ишлаб чиқилиб, уларнинг ҳам ижросини таъминлаш чора-тадбирлари кўрилаётир. Буларнинг барчаси яқин уч йил мобайнида енгил саноат тизимида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 3,7 баробар, экспорт миқдорини эса деярли 2 баробар ошириш, 27 мингта иш жойи яратишга мустаҳкам пойдевор бўлади. 

Яна бир янгилик. Жорий йилдан эътиборан тўқимачилик кластерларини бунёд этишга киришилди. Унинг ўзига хос жиҳати шундаки, пахта етиштириш, толани қайта ишлашдан тортиб то тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришгача бўлган барча жараённи тўлиқ қамраб олади. Бундай замонавий мажмуаларни Бухоро, Навоий, Сирдарё ва Андижон вилоятларида барпо қилиш учун инвесторлар жалб этилди. Жумладан, Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида қурилаётган тўқимачилик -кластерида 50 миллион доллар миқдоридаги инвестиция ўзлаштирилади. Корхона 2018 йилнинг охирги чорагида тўлиқ ишга тушади. 

Анжуманда бошқа тўқимачилик кластерлари ҳақида ҳам батафсил маълумотлар берилди.

Саид РАҲМОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn