Молиявий ҳамкорлик алоқалари кенгаймоқда
  • 06 Июль 2017

Молиявий ҳамкорлик алоқалари кенгаймоқда

Кеча “Invest Finance Bank” акциядорлик тижорат банки ва Осиё тараққиёт банки ўртасида Савдони молиялаштириш дастурини амалга ошириш бўйича келишув имзоланди. Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда сўзга чиққан Осиё тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги доимий ваколатхонаси раҳбари Такео Кониши ва бошқалар алоҳида таъкидлаганидек, бу ҳамкорлик янги имкониятларни юзага чиқаришда муҳим аҳамият касб этади.

Бинобарин, кейинги йилларда ОТБнинг мамлакатимиз молия муассасалари билан алоқалари тобора кенгаймоқда. Тижорат банклари орқали иқтисодиётнинг турли тармоқлари, хусусан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига кредитлар ажратиш ҳажми ортиб бораётгани аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилаяпти. 

Шу кунгача мазкур дастур бўйича Осиё тараққиёт банки кредитлари “Асака” банки, “Ўзсаноатқурилишбанк”, “Ҳамкорбанк” ва “Ипак йўли” банки орқали йўналтирилаётган эди. Эндиликда эса улар сафига “Invest Finance Bank” ҳам қўшилди. Савдони молиялаштириш дастури асосида тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган маблағ миқдори эса 1,3 миллиард долларни ташкил этади. 

Эътиборли жиҳати, ушбу дастур ишбилармонликни нафақат молиявий рағбатлантириш, балки соҳа вакиллари учун турли семинарлар уюштириш, уларнинг  экспорт-импорт бўйича тажрибасини ошириш сингари вазифаларни ҳам қамраб олган. 

Ҳозирги кунда Осиё тараққиёт банки минтақадаги 200 дан зиёд молия муассасалари билан мазкур йўналишда ҳамкорлик қилиб келмоқда. 

Эришилган келишув  халқаро ташкилотларнинг республикамиз банк-молия тизимига  бўлган ишончи тобора мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради. Қолаверса, бу иқтисодиётимизнинг муҳим соҳаларидан бири — кичик бизнесни ривожлантиришга хизмат қилиши билан алоҳида ажралиб туради.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn