Пиллачилик кластерлари бунёд этилади
  • 04 Июль 2017

Пиллачилик кластерлари бунёд этилади

Юртимизда ипакчилик саноатини ривожлантириш, соҳанинг экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган истиқболли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Ипак қурти озуқасини етиштиришдан тортиб, пилла олиш, йигириш, мато тўқиш ва ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган барча босқич қамраб олинадиган пиллачилик кластерларини ташкил этиш шулар жумласидан бўлиб, бу айниқса, чет эллик инвесторларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Айни сабабдан бугунги кунга қадар 60 та ана шундай лойиҳа тайёрланди. Уларнинг ижроси учун 276 миллион АҚШ доллари миқдорида хориж сармояси жалб этилиши кўзда тутилган.

“Ўзбекипаксаноат” уюшмасида чет эллик ишбилармонлар билан бўлиб ўтган учрашувда ушбу масала муҳокама қилинди. Унда Хитой Халқ Республикасидан ташриф буюрган 20 га яқин ипакчиликка ихтисослаштирилган йирик компания ва корхоналар раҳбарлари қатнашди. 

Тадбирда сўзга чиққан “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси раиси Баҳром Шарипов бугунги кунда мамлакатимизда соҳани тараққий эттиришга жиддий эътибор қаратилаётгани, чет эллик инвесторлар, тизим корхоналарига қўшимча қулайлик ва енгилликлар яратиб берилаётганини алоҳида таъкидлади. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 29 мартдаги “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазкур тармоқ истиқболида янги уфқларни очиб бермоқда. 

Дарҳақиқат, ушбу ҳужжатга биноан, ипак қурти озуқа базасини мустаҳкамлаш, сифатли уруғлик етказиб бериш, саноатбоп пилла етиштириш ҳажмини ошириш ва ипак -ишлаб чиқаришни кўпайтиришга қаратилган тизимли ишлар олиб борилаяпти. Бу борада илғор тажрибага эга давлатлар, хусусан, Хитой билан мустаҳкам ҳамкорлик алоқалари ўрнатилмоқда. 

Чет эллик мутахассислар дастлаб юртимизнинг чекка ҳудудларида бўлиб, пилла етиштириш, ипак йигириш ва маҳсулот тайёрлаш жараёни билан яқиндан танишдилар.

— Ўзбекистонда ипакчилик саноатининг салоҳияти ниҳоятда юқори экан, — дейди “Син Фу” компанияси раҳбари Су Пинг Хуа. — Айниқса, табиати қулай бўлиб, бир йилда 2-3 марта пилла етиштириш имконини беради. Бизнинг компаниямиз тутчиликка ихтисослаштирилган бўлиб, ўтган йили Сурхондарё вилоятига 1 миллион туп ҳосилдор тут кўчати етказиб берган эдик. Улар ҳудуд иқлим шароитига мослашиб, баравж ўсаётганини кўриб, жуда қувондик. Бугунги учрашувда ушбу йўналишдаги алоқаларни мустаҳкамлашга келишиб олдик. Унга кўра, иссиқ ва совуқ ҳаво ҳароратига чидамли, яна 10 миллион туп энг муҳими, юмшоқ барг берадиган тут кўчатларини етказиб берамиз.

Учрашувда юртимизда яратилган қулай сармоявий муҳит, чет эллик инвесторларга тақдим этилаётган имтиёзлар ҳақида маълумот берилди. Меҳмонларда пиллани етиштирувчилар, ёрдамчи материаллар ишлаб чиқарувчиларга тақдим қилинаётган солиқ имтиёзлари, пилла йигириш ва ипак газлама тўқиш дастгоҳларининг эҳтиёт қисмлари, шунингдек, бошқа асбоб-ускуналар божхона тўловларидан озод этилгани, айниқса, катта қизиқиш уйғотди.

— Дунёнинг кўплаб давлатларида бўлганман. Аммо ипакчилик учун Ўзбекистондагидек қулай табиий-иқлим шароитини ҳеч бир жойда кўрмадим, — дейди “Rugao Beitefu Making Thread Co. LTD” компанияси раҳбари Цу Гуи Цинг. — Нафақат юртингиз табиати, балки меҳнаткаш халқингиз, тинч юртингиз ҳам менга жуда ёқди ва инвестициявий ҳамкорлик қилишга аҳдлашдик. Келишувга биноан, юртингиз ишбилармонларига ипак йигириш дастгоҳлари етказиб берамиз, малакали мутахассислар жўнатамиз.

Йиғилишда барпо этилажак пиллачилик кластерларининг саноатимиз ривожидаги аҳамияти, экспорт кўрсаткичларини яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлашдаги ўрни ҳақида атрофлича сўз юритилди.

Саид РАҲМОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn