Халқаро форумга муносиб ҳозирлик кўрилмоқда
  • 04 Июль 2017

Халқаро форумга муносиб ҳозирлик кўрилмоқда

Пахта бўйича халқаро маслаҳат қўмитасининг навбатдаги йирик анжумани — “Глобаллашув ва технологик тараққиёт даврида пахта” мавзуидаги етмиш олтинчи ялпи мажлисига Ўзбекистон мезбонлик қилади. Айни пайтда ушбу нуфузли тадбир билан бирга, XIII Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркасини юқори савияда ташкил этиш ҳамда ўтказиш учун қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.

Тошкент шаҳрида “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси томонидан ташкил қилинган матбуот анжуманида шу ҳақда маълумот берилди.

Мазкур халқаро анжуманни ўтказиш учун юртимиз танлангани бежиз эмас. Зеро, жаҳон пахта бозорининг асосий иштирокчиларидан бири сифатида тан олинган Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик тенденциялари ҳамда истиқболларини белгилаб берувчи, тола, калава ип ва тайёр тўқимачилик маҳсулотлари савдоси қоида ҳамда тартибларини шакллантиришга таъсир кўрсатувчи марказлардан бирига айланган.

— Ўтган йили халқаро пахта бозорларида савдолар фаоллашган бир пайтда Тошкентда ташкил этилган XII Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркаси чет эллик мутахассислар, олимлар, йирик савдо компаниялари вакиллари ҳамда трейдерларнинг юқори баҳосига сазовор бўлган эди, — дейди “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси бошқаруви раиси ўринбосари, “Ўзпахтаэкспорт” акциядорлик жамияти бош директори Жамшид Қодиров. — Шу аснода халқаро ҳамжамият вакиллари юртимизда йирик форумлар ўтказиш учун барча шарт-шароит мавжудлигига яқиндан гувоҳ бўлдилар.

Буларнинг барчаси пахта ва тўқимачилик соҳаси ривожида муҳим ўрин тутадиган тадбирнинг юртимизда ўтказилишига мустаҳкам замин яратди.

Йиғилиш ҳамда ярмарка ишида дунёнинг 44 мамлакатидан 1500 га яқин хорижий меҳмонлар ва маҳаллий мутахассислар иштирок этиши кутилаяпти. Унинг кундалиги ниҳоятда ранг-баранг бўлиб, ялпи мажлис ва шуъба йиғилишларида нафақат пахта етиштирувчи мамлакатларда соҳа истиқболи ёки жаҳон бозоридаги бугунги тенденциялар, балки савдо-сотиқ, логистика ҳамда суғурта масалалари қамраб олинган долзарб мавзулар муҳокама қилинади. Айниқса, ғўза селекцияси, янги навларни яратиш, пахта етиштириш агротехнологияси, толага бирламчи ва чуқур ишлов бериш, тўқимачиликдаги ютуқ ҳамда камчиликлар, бу борада Ўзбекистон тажрибасига алоҳида эътибор қаратилади.

Дарҳақиқат, юртимизда сифатли пахта хом ашёси етиштириш, уни чуқур қайта ишлаш ва етказиб бериш бўйича пухта тизим яратилган. Шу боис толамизнинг мавқеи тобора мустаҳкамланиб, экспорт географияси кенгаймоқда. Жумладан, охирги йилларда Покистон, Индонезия, Вьетнам каби янги бозорлар ўзлаштирилди. Бунда компания Халқаро пахта ассоциацияси, Бремен пахта биржаси каби кўплаб тузилмаларга аъзо бўлгани муҳим роль ўйнаяпти.

Шу билан бирга, тизимга татбиқ қилинаётган илғор технологиялар туфайли толанинг сифат кўрсаткичлари тубдан яхшиланаяптики, бу эса бугунги кучли рақобат шароитида жаҳон пахта бозоридан мустаҳкам жой эгаллашимизда ҳал қилувчи аҳамият касб этаётир. Биргина 2016 йилги мавсумда “Олий” ва “Яхши” синфига мансуб толанинг улуши аввалги йиллардагига нисбатан 10 фоиз ортиб, 92 фоизга етгани қувонарли ҳол, албатта.

Анжуманда қўлга киритилаётган шу каби ютуқлар билан бирга, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, инвестициявий лойиҳалар ижроси ҳақида ҳам маълумот берилди. Хусусан, жорий йилнинг ўзида умумий қиймати 27,2 миллион АҚШ долларилик 34 та лойиҳа рўёбга чиқарилиши кўзда тутилган. 

Дарвоқе, “Глобаллашув ва технологик тараққиёт даврида пахта” мавзуидаги етмиш олтинчи ялпи мажлис доирасида анъанавий равишда ўтказиб келинаётган “Йил олими” халқаро мукофоти ўз соҳибига топширилади.

Эслатиб ўтамиз, мазкур нуфузли мукофотга 2013 йилда ўзбекистонлик селекционер олим, Геномика ва биоинформатика маркази директори И. Абдураҳмонов сазовор бўлган эди.

Саид РАҲМОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn