Ғозғон мармари — табиат мўъжизаси
  • 04 Июль 2017

Ғозғон мармари — табиат мўъжизаси

Инсоният ўзлаштирган илк ҳунарлардан бири тошга ишлов бериш ҳисобланади. Дастлабки ов ва меҳнат қуроллари, ҳайкалу тошлардаги битиклар бунга гувоҳдир. Қувонарлиси, асрлар оша сайқал топиб келган тоштарошлик бугунги кунда ҳунармандликнинг энг ривожланган турларидан бирига айланган.

Нуроталик Тоҳир Раҳимов тош билан тиллаша оладиган тажрибали усталардан бири ҳисобланади. У ҳунармандлар сулоласининг саккизинчи авлоди. Мана, қирқ йилдирки, ўозғон мармарларига жило беради, бу нозик касб-корга меҳр қўйган ёшларга билганларини сабот билан ўргатади.

— ўозғон мармари — табиатнинг бебаҳо неъмати, — дейди ҳунарманд. — Турфа ранглар жилоси, ишлов учун қулайлиги унинг алоҳида хусусиятларидан саналади. Қимматли сифатларидан яна бири ўта иссиққа ва намга чидамли эканлигидир. Шу билан бирга, фавқулодда “юмшоқ” ҳамки, нозик нақшларни туширишда дарз кетмайди, синиб, учмайди. Албатта, бунда ҳар бир ишга мос мармар танланиши лозим.

Мамлакатимизда халқ амалий санъатининг ривожланиши, тарихий иншоотлар, меъморий обидаларнинг таъмирланиб, асл кўринишида қайта тикланишида моҳир уста Тоҳир Раҳимовнинг салмоқли ҳиссаси бор. Бинобарин, у истиқлол йилларида кўплаб меъморий мажмуалар, зиёратгоҳу мақбаралар, маданий мерос объектларини таъмирлаш ҳамда реставрация қилиш ишларида фаол иштирок этди. Навоий вилоятидаги Қосим Шайх, “Чашма”, Хўжа Хисрав, Мавлоно Ориф Деҳгароний, Бухоро вилоятидаги Мирсаид Кулол, Абдулхолиқ ўиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Самарқанд вилоятидаги Регистон, Хўжа Аҳрор Валий, Шоҳи Зинда каби ўнлаб иншоотлар шулар жумласидандир.

— Халқимизнинг буюк фарзандлари Алишер Навоий ҳамда Камолиддин Беҳзод мақбараларини реставрация қилишда қатнашганим ҳаётимдаги унутилмас воқеалардан бири бўлди, — дейди Т. Раҳимов. — Бу менга қувонч бағишлаш билан бирга, катта масъулият ҳам юклади. Сабаби, мазкур икки улуғ сиймо қабрининг тошлари ва безакларида ўша давр руҳи ўз аксини топиши талаб этиларди. Шу боис жамоамиз билан юзлаб вариантларни кўриб чиқиб, улар орасидан энг мақбулини танладик. Ўйлайманки, ишимиз барчага манзур бўлди.

Изланиш, фидокорона меҳнат ва ўз касбига бўлган садоқат Тоҳир Раҳимовни элга танитди. Унинг хизматлари эса давлатимиз томонидан юксак баҳоланиб, 2012 йилда “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланди. 2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказилган “Ташаббус” кўрик-танловида совриндорлар сафидан жой эгаллади. Ҳунарманд эришаётган бу муваффақиятлардан, айниқса, унинг шогирдлари кўпроқ севинади.

— Устозим тоштарошликда истеъдоднинг ўзи камлик қилади, дея кўп бор таъкидлайдилар, — дейди ҳунарманднинг шогирдларидан бири Ориф Иброҳимов. — Чунки сабр-тоқат, синчковлик, аниқлик каби касбий фазилатларни эгалламай туриб, бу ҳунарни ўрганиб бўлмайди. Шу боис биз, шогирдлар бу ерга келиб, доимо маслаҳат сўраймиз, касбимизнинг нозик сир-асрорларини қунт билан ўрганамиз.

Тоҳир Раҳимов шогирдлари қуршовида бир зум ҳам бўш ўтирмайди. Айни пайтда Самарқанд, Навоий ва Бухоро шаҳарларида бунёд этилаётган ҳамда қайта таъмирланаётган иншоотлар учун давлат буюртмаларини бажариш билан бирга, ўозғон қўрғонидаги Шоҳимардон зиёратгоҳини таъмирлаш ишларида ҳам бош-қош бўлмоқда.

Ҳунарни “Инсон умрининг безаги” дейишади. Албатта, у эл-юрт корига сафарбар этилса, наинки умр, балки юртни ҳам безайди.

Темур ЭШБОЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn