Унга кўра, янги завод “Жиззах” эркин иқтисодий зонасида қурилади ҳамда бу ерда 2019 йилдан эътиборан ички ва ташқи бозор учун йилига 16 минг дона “Peugeot” ҳамда “Citroёn” брендлари остида йўловчи ва юк ташишга мўлжалланган енгил тижорат автомобиллари тайёрланади. Устав капитали 30 миллион еврога тенг бўлган “Uzbekistan Peugeot Citroёn Automotive” қўшма корхонаси ҳар икки томоннинг тенг улушлари асосида фаолият юритади.
“Пежо Ситроен” гуруҳи янги технологиялар, замонавий ишлаб чиқариш жараёнини жорий қилиш ҳамда мутахассислар малакасини оширишга кўмаклашади. Шунингдек, завод ишлаб чиқаришни бошқариш, маҳсулот сифати, етказиб бериш ва савдо масалаларида “Пежо Ситроен”нинг замонавий тизими бўйича иш олиб боради.
Бундан ташқари, қўшма корхонада ўзимизнинг ишлаб чиқарувчиларни жалб этиш орқали биринчи йилдаёқ 50 фоиз маҳаллий маҳсулотлардан фойдаланиш кўзда тутилаяпти. Ҳозирги кунда “Ўзавтосаноат” АК таркибидаги 30 га яқин йирик заводлар, 160 дан ортиқ кичик корхоналар айнан Маҳаллийлаштириш дастури асосида иш юритмоқда.
Қурилиши режалаштирилаётган қўшма корхона автомобиллари ички ҳамда ташқи бозорларда сотилади.
“Ўзавтосаноат” АК бошқаруви раиси ўринбосари Рустам Юсуповнинг таъкидлашича, ушбу лойиҳанинг амалиётга татбиқ қилиниши маҳаллий автомобиль саноати ривожи йўлидаги яна бир дадил қадамдир. Бинобарин, аҳоли бандлигини таъминлашга кўмаклашувчи янги қўшма корхона республикамиз саноати тараққиётида муҳим ўрин тутади.
2016 йил якунларига кўра, 54 миллиард евро миқдорида савдо ва даромад кўрсаткичларига эга “Пежо Ситроен” гуруҳи автомобилсозлик соҳасида ўзига хос тажриба тўплаган. Хусусан, компания мутасаддилари мижозларга эркинлик ҳамда қулайлик яратишга ҳаракат қилади. Унинг автомобиллари эса атроф-муҳитга заҳарли газларни кам чиқариши борасида Европа давлатларида етакчилардан биридир.
“Пежо Ситроен” гуруҳи вице-президенти Кристоф Бержераннинг билдиришича, мазкур лойиҳа корхонанинг беш йилликка мўлжалланган тараққиёт дастурига тўла мос келади. Яъни у енгил тижорат автомобиллари савдосини ривожлантириш учун яна бир катта имкониятдир.
К. Бержеран қўшма корхона ташкил этилишини шахсан қўллаб-қувватлагани учун давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик изҳор этди.
Айни пайтда “Ўзавтосаноат” АК таркибидаги корхоналарда меҳнат қилаётган 24 мингдан зиёд ишчи-ходимлар томонидан енгил ва юк автомобиллари, автобуслар ҳамда уларнинг эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқарилмоқда. Янги завод эса ишчилар сонини ошириш баробарида, юртимиз автомобилсозлик саноати янада равнақ топишига хизмат қилади.
Д. ЖУМАБОЕВ.