Кутубхона глобал тармоққа уланди
  • 15 Апрель 2014

Кутубхона глобал тармоққа уланди

Тошкент ирригация ва мелиорация институтининг Бухоро филиали қошидаги ахборот-ресурс марказида корпоратив ахборот-ресурсларнинг марказлашган тизими жорий этилиши фойдаланувчилар, жумладан, талабалар учун катта қулайлик яратди.

— Ахборотдан фойдаланувчилар эндиликда “Кармат” дастури шарофати билан ўзларига керакли қўлланма ёки адабиётга шу ернинг ўзида  буюртма бериши ва уни республикамизнинг исталган олий ўқув юртидан олиши мумкин, — дейди  марказ раҳбари Орзигул Тиллаева. — Бунда уларга йиғма электрон каталог кўмакка келади. Биз ҳам ҳозиргача 1100 дан зиёд номдаги адабиётни шу дастур каталогига киритдик. Китобхонларнинг электрон рўйхати эса 200 тага етиб қолди. Бундан ташқари, институт кафедралари томонидан берилган электрон маълумотларни ҳам компьютерлар хотирасига киритганмиз. Марказ кутубхона фонди эса физика, олий математика, кимё, тупроқшунослик, мелиорация сингари жами 41 бўлимдан иборат.
Дарвоқе, яқинда мазкур ахборот-ресурс марказининг замонавий биноси фойдаланишга топширилди. У давлатимиз томонидан ажратилган икки миллиард сўмга яқин маблағ эвазига барпо қилинди. 160 ўринли ўқув ва видеоанжуман заллари ҳамда қўшимча хоналардан иборат марказда ахборотдан фойдаланувчилар учун барча шарт-шароит муҳайё қилинган.

Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn