Кучли билим ва заковат эгаларига омад кулиб боқади
  • 02 Август 2016

Кучли билим ва заковат эгаларига омад кулиб боқади

Кеча мамлакатимиз олий ўқув юртларида тест синовлари бўлиб ўтди. Ёш авлодни пухта билимли, етук малакали мутахассислар этиб камол топтириш мамлакатимиз таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотларнинг пировард мақсадидир.

Зеро, Президентимиз раҳнамолигида соҳани янада такомиллаштиришга юксак эътибор қаратилиб, навқирон авлоднинг ҳеч кимдан кам бўлмай, энг замонавий шарт-шароитларга эга ўқув даргоҳларида илм олишлари, салоҳият ва иқтидорларини кенг намоён қилишлари учун яратилаётган беқиёс имкониятлар бунинг яққол тасдиғидир.

Қувонарлиси, илм-фан, саноат, ахборот-коммуникация технологиялари, спорт каби қатор соҳалар жадал суръатларда тараққий этиб бораётган ҳозирги шароитда ушбу жабҳаларда ўз ўрнини топиб, замон билан ҳамнафас яшашга, Ватан равнақига ҳисса қўшишга интилаётган шижоатли йигит-қизларимиз сафи тобора кенгайиб бораётир. Айниқса, мамлакатимиздаги таълим муассасаларида янгидан-янги мутахассисликлар, илғор педагогик услублар амалиётга фаол жорий қилинаётгани ана шундай эзгу ниятларга қанот бағишламоқда.

Талаба бўлиш орзусида олий ўқув юртларига ҳужжат топшириб, 1 август куни тест синовларида қатнашган минглаб ёшлар тимсолида ҳам буни яна бир карра кўриш мумкин.

Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбарининг шу йил 26 майдаги “2016/2017 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида”ги қарорига асосан, олий таълим муассасаларига абитуриентларни қабул қилиш квотаси белгилаб берилди. Унга мувофиқ, жорий ўқув йилида олий таълимнинг бакалавриат йўналиши учун 57 минг 907 ўрин ажратилди. Шундан абитуриентлар орасидан 19 минг 120 нафари давлат гранти, 38 минг 787 нафари эса тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинади. Бундан ташқари, махсус сиртқи таълим шакли бўйича Тошкент кимё-технология институтининг Қўнғирот бўлимига 65 нафар, Тошкент ахборот технологиялари университетига эса 50 нафар ўғил-қиз талабаликка олиниши белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази маълумотига кўра, жорий йилда олий ўқув юртларига 663 минг 298 нафар абитуриент ҳужжат топширди. Ушбу кўрсаткич ўтган йилдагига нисбатан таққосланса, бу гал таълим даргоҳларига 57 минг 462 нафар кўп абитуриент ҳужжат тақдим этганлиги аён бўлади.

Тест жараёнлари қандай ўтаётганлигини яқиндан кузатиш мақсадида пойтахтимиздаги бир қанча олий ўқув юртларига бордик. Даставвал янги ташкил қилинган Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида бўлиб ўтаётган кириш имтиҳонларини бевосита кузатдик.

— Юртбошимизнинг шу йил 13 майдаги “Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони мамлакатимиз илмий жамоатчилиги, таълим соҳаси фидойилари, мустақил ҳаётга улуғ ниятлар ила қадам қўяётган йигит-қизлар, қисқаси, барча юртдошимиз томонидан катта қувонч билан кутиб олинди, — дейди мазкур таълим маскани қабул комиссияси масъул котиби Абдулҳай Собиров. — Университетимизда бакалаврлар тайёрлаш бўйича қабул квотасига мувофиқ, 300 та ўрин ажратилди. Жумладан, давлат гранти ҳамда тўлов-контракт асосида тенг миқдорда — 150 нафардан абитуриентни талабаликка қабул қилиш белгиланган. Бу юртимизда она тилимизнинг бундан-да равнақ топиши йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг яна бир ёрқин ифодасидир. Эътиборлиси, ёшларнинг ҳужжат топширишга интилиши ҳам юқори бўлди. Бу йилги илк қабулда 5034 нафар ўғил-қиздан ариза келиб тушди. Бир ўринга ўртача танлов қарийб 17 тани ташкил қилди.

Имтиҳон учун ажратилган аудиториялар қулай ҳамда шинам. Ёшлар қунт билан тест саволларини ечишаяпти. Уларнинг айримлари белгиланган муддат якунига етмасданоқ барча саволга жавоб бериб чиқаётгани эътиборимизни тортди.

— Адабиёт жону дилим, — дейди Сурхондарё вилоятининг Денов туманидан келган абитуриент Малоҳат Хушназарова. — Болаликдан китоб мутолаасига қизиқишим юқори. Ушбу университет ташкил этилганини эшитиб, жуда қувондим ва ҳужжатларимни шу даргоҳга топширдим. Астойдил тайёргарлик кўрдим. Билимимга таяниб, тест саволларига қийналмай жавоб бердим. Насиб қилса, талабалик бахтига муяссар бўламан.

Бизнинг кейинги манзилимиз —  Ўзбекистон Миллий университети. Бу ерда қабул комиссиясига 12 минг 659 киши ариза топширган. Олий ўқув юртининг бакалавр таълим йўналишига 1 минг 324 нафар йигит-қиз талабаликка қабул қилиниши ҳисобга олинса, бир ўринга танлов ўртача 9 тани ташкил этди.

— Таълим даргоҳимизда абитуриентлар тест синовларини муваффақиятли топширишлари учун барча зарур қулайлик яратилди, — дейди ЎзМУ қабул комиссияси масъул котиби Ҳожиакбар Долиев. — Кириш имтиҳонлари 14 та бинода ўтказилди. Ҳар бир бинода махсус штаб ташкил қилинган бўлиб, хавфсизликни таъминлаш, шунингдек, зарур ҳолларда, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш учун тегишли соҳа ходимлари жалб этилди. Тест синовлари кўнгилдагидек ўтганидан хурсандмиз. Ишончимиз комилки, кучли билим эгаларига, албатта, омад кулиб боқади.

Давлат тест марказидан билдиришларича, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридаги олий ўқув юртларида тест синовлари адолатли ўтиши учун барча шарт-шароит яратилди.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Бахтиёр АКРАМОВ олган сурат.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn