Чет тилларни ўқитиш тизими такомиллашмоқда
  • 23 Апрель 2016

Чет тилларни ўқитиш тизими такомиллашмоқда

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан чет тилларни ўқитишни такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишланган анжуман ўтказилди.

Унда сўзга чиққан Халқ таълими вазири У. Иноятов Президентимизнинг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори навқирон авлоднинг хорижий тилларни чуқур ўзлаштиришини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни сифат жиҳатидан янги -босқичга олиб чиқишда асосий омил бўлаётганини таъкидлади. 

Мазкур ҳужжатга кўра, 2013/2014 ўқув йилидан бошлаб барча умумтаълим мактабларининг 1-синф ўқувчилари учун чет тилларни ўргатиш йўлга қўйилди ва янги давлат таълим стандартлари, ўқув қўлланмалар, дарсликлар яратилди. Шуни ҳам айтиш жоизки, 1-синфларда хорижий тил машғулотлари ўйин тарзида ҳамда оғзаки нутқ дарси шаклида, иккинчи синфда эса алифбо, ўқиш ва грамматикани ўзлаштириш тарзида ўтилмоқда. Синф хоналарининг компьютер, видеопроектор, телевизор, DVD, монитор ҳамда кўргазмали қуроллар билан жиҳозлангани эртамиз эгаларининг сабоқларни тез ва пухта ўзлаштиришига ёрдам бераяпти. 

Айни пайтда республикамиздаги 9692 та умумтаълим мактабида чет тиллари, жумладан,  8 минг 543 умумтаълим мактабида инглиз тили фани ўқитилаяпти.  2015/2016 ўқув йили учун 1-синф ўқувчиларига мўлжалланган 641 минг нусха инглиз тили, 26 мингдан зиёд немис тили, 20 минг нусха француз тили дарслиги, машқ дафтарлари чоп этилди. Эътиборлиси, мазкур дарсликлар маҳаллий муаллифлар томонидан хорижлик мутахассислар кўмагида -болаларнинг психологик ҳамда ёш хусусиятлари инобатга олинган ҳолда яратилган. Дарсликлар Тошкентдаги Британия кенгаши, Гёте институти ва Франция элчихонаси билан ҳамкорликда экспертизадан ўтказилиб, такомиллаштириб борилмоқда. Айтайлик, 1-синф чет тили дарсликлари ҳар йили, 2-синф дарсликлари эса икки йилда бир марта ўз-гартиш ҳамда қўшимчалар киритилган ҳолда қайтадан чоп этилади. 

Анжуманда билдирилганидек, 2016 йилнинг 11 январидан 20 мартига қадар 4-синфлар учун тайёрланган чет тиллар дарслик мажмуалари, хусусан, “Kids’ English 4”, “Deutsch mit Spass 4”, “Hirondelle 4” дарсликлари 28 та таянч мактабида тажриба-синовдан ўтказилди. Қолаверса, хорижий тилларни ўргатишга оид ранг-баранг электрон ахборот-таълим ресурслари, видеодарслар, видеоқўлланмалар, интерфаол ўйинлар каби 50 дан ортиқ маърифий ресурс яратилган.

Тадбирда 4-синф ўқувчилари учун тузилган чет тили дарсликлари мажмуасининг тақдимоти ҳам ўтказилди. 

— Бошланғич синфлар учун мўлжалланган “Kids’ English” дарслигининг тўртта авлоди ҳам тажрибадан муваффақиятли ўтди, — дейди дарслик муаллифи Лутфулла Жўраев. — Унинг афзаллиги шундаки, чет тили турли расмлар, ўйинлар орқали ўргатилади. Шунингдек, ўқув қўлланма билан бирга, машқ ва уйга вазифалар дафтари ҳам яратилган.

Йиғилиш иштирокчилари пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги 90-умумтаълим мактабида бўлиб, у ерда ташкил этилган чет тили фестивалида фанларнинг ўқитилиши билан танишдилар. “Kids’ English” китоби асосида ўтилаётган дарсларни кузатишди.

— Дарслик нафақат ўқувчи, балки уларнинг ота-оналари, қолаверса, биз учун ҳам ғоят қулай, — дейди Сергели туманидаги 300-мактаб ўқитувчиси Саъдулла Музаффаров. — Бугун биз ўқувчилар билан “English in the music world” мавзуида машғулот ўтдик. Очиғи, ўйин, мусиқа, турли расмлар билан олиб борилаётган дарслар ўғил-қизлар учун мароқлидир.

 

Мавжуда ХОЛМАТОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn