Бухоро: Илм-маърифат зиёси
  • 18 Февраль 2016

Бухоро: Илм-маърифат зиёси

Бухоро шаҳрига кираверишда маржондек кўзни яшнатиб турган дов-дарахтлар, маҳобатли биноларга кўзингиз тушади. “Бухоро маданий маркази” деб аталувчи бу сўлим гўшанинг барпо этилганига яқинда беш йил тўлди. Бевосита Президентимиз таклиф ва тавсиялари асосида яратилган ана шу муаззам боғ-хиёбоннинг умумий майдони 107 гектарга тенг. Бу ерда “Кўҳна ва боқий Бухоро” монументи, вилоят мусиқали драма театри биноси, ёзги амфитеатр ўрин олган. Марказ қисқа вақт ичида шаҳарнинг ташрифномасига айланиб улгурди, десак, асло муболаға бўлмайди.

— Боғда 51 турдаги 28 мингдан ортиқ дарахт кўчати ўтқазилган, — дейди шаҳар ободонлаштириш бошқармасининг маданий марказ бўлими бошлиғи, “Шуҳрат” медали соҳиби Хайриддин Қосимов. — Шундан 11 турдагиси хориждан келтирилган каштан, эман, қора қарағай каби ноёб дарахт ва буталардир. Уларнинг атроф-муҳит мусаффолигини мўътадил сақлаб туришдаги аҳамияти катта. Бу дарахтлар нафақат кўркамлиги, балки ўзидан кўп миқдорда кислород чиқариши билан ҳам алоҳида ажралиб туради.

— Дунёда маҳобатли иншоотлар, монументлар кўп, — дейди яна бир суҳбатдошимиз, меҳнат фахрийси, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Беҳбуд Жумаев. — Лекин бирорта шаҳарга бағишлаб қурилган монумент ҳақида ҳеч эшитганмисиз?! “Кўҳна ва боқий Бухоро” мажмуаси мисолида шариф шаҳримизга ҳайкал қўйилди, десам янглишмаган бўламан. Ҳар гал бу ерга невараларимни бошлаб келганимда, улар кўзида қувонч, фахр-ифтихор, ғурур ҳиссини кўраман. Негаки, мажмуада “Биз киммиз? Кимларнинг авлодимиз?” деган саволларга теран ва аниқ жавоб мужассам. Бу боғ Юртбошимизнинг биз, бухороликларга бебаҳо туҳфасидир.

Дарҳақиқат, мазкур муҳташам мажмуада элимизнинг бунёдкорлик,  яратувчилик ғайрат-шижоати мужассам. Қувонарлиси, шаҳарда бу каби гўзал иншоотлар тобора кўпайиб бормоқда. Инфратузилма ривожланаяпти. Замонавий ўқув муассасаларини айтмайсизми?! Айниқса, Бухоро муҳандислик-технология институтининг янги ўқув биноси гўзал меъморий ансамбль сифатида бу кўҳна ва боқий кентга узукка кўз қўйгандек ярашиб тушди. Бир-бирига уйғун тарзда қурилган учта бино яхлит меъморий ечимга эгалиги билан эътиборни тортади. Бу ердаги бунёдкорлик ишларига давлатимиз томонидан 2012 — 2014 йиллар давомида салкам 30 миллиард сўм миқдорида маблағ сарфланди. Айни пайтда мазкур олий ўқув юртида беш минг нафардан зиёд талаба ўнга яқин таълим йўналишида сабоқ олмоқда. Институт халқ хўжалиги, хусусан, “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси учун малакали кадрлар етиштириб бермоқда. 

Умумий майдони 6,5 гектарни ташкил этган Фавворалар майдони ҳам Бухоро кўркига кўрк қўшган иншоотлардан биридир. Мазкур гидроиншоотдан сув 20 метр юқорига наволар оҳангига мос тарзда  отилади. Тароналар репертуари асосини эса миллий мусиқамиз, жумладан, Бухоро шашмақоми намуналари ташкил этади. Сув, нур ва оҳанглар уйғунлиги киши кайфиятини янада кўтаради. Бу ерда сайр қилишнинг гашти бўлакча.  Шунинг учун ҳам майдон доимо одамлар билан гавжум. 

Дарҳақиқат, Президентимиз таъкидлаганидек, мустақиллик биз учун миллий давлатчилигимизни, ўзлигимиз, инсоний ҳақ-ҳуқуқ ва қадр-қимматимизни тиклаш, урф-одат ҳамда анъаналаримизни, муқаддас ислом динимизни, буюк аждодларимизнинг табаррук номларини улуғлаш, соғлом ва баркамол янги авлодни шакллантириш бўйича илгари тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган беқиёс имкониятлар очиб берди. Бухородаги ўзгариш ва янгиланишлар бунга яққол мисол. Зеро, дунёда шариф шаҳарлар саноқли. Не бахтки, шулардан бири Бухородир. Илму зиёси, юксак маърифати, муқаддас қадамжолари, боқий обидалари, дину диёнати, меҳмондўст ва меҳнатсевар одамлари билан шарифлик мақомига эришган Бухоро, неча юз йилларки, олам аҳлини ўзига оҳанрабодек тортиб келаяпти. Хусусан, истиқлол йилларида унинг қиёфаси тубдан ўзгарди. Замонавий уй-жойлар, маданий-маиший объектлар, ўқув муассасалари, кенг ва гўзал кўчаю хиёбонлар, боғ-роғлар барпо этилди. Қадимий обидалар таъмирланиб, асл қиёфасига келтирилди. Зиёратгоҳлар обод қилинди. Гўё Бухоро қайта туғилгандек бўлди. У дунёнинг янада тароватли ва файзли гўшаларидан бирига айланди. Бугун ана шу қадимий кентга қадам қўйган киши буни дарҳол ҳис этади.

— Узоқ йиллардан буён мусиқа санъати билан шуғулланаман, — дейди швейцариялик сайёҳ Франц Мартин Кунг. — Биласизми, архитектура билан мусиқа бир-бирига узвий боғлиқдир. Бухородаги миноралар, карвонсаройлар, масжиду мадрасалар, савдо тоқлари шу икки жиҳат ҳосиласидир. Қадимий обидалар ҳамда мустақиллик йилларида барпо этилган иншоотлар халқингизнинг юксак салоҳиятидан далолат бериб турибди. Менга, айниқса, тунги Бухорони сайр қилиш бир олам завқ бағишлади. Шаҳарни юлдузли осмон остидаги кошонага ўхшатдим.

Юртингизда барчага хайрихоҳ, қалби очиқ инсонларни кўп учратдим. Дунёда меҳр-оқибат камайиб бораётган паллада Ўзбекистон халқи самимий, меҳмондўст, танти, бағрикенг эканлигини кўриш жуда ёқимли.

Европалик меҳмоннинг эътироф этганича бор. Истиқлолнинг қадр-қиммати, халқимиз тақдиридаги аҳамияти қадим Бухоронинг миноралари каби юксакдир. Ўзининг бетакрор обидалари, осориатиқалари, минг йилларга бориб тақаладиган маданияти билан дунё нигоҳида турган ушбу кент мустақиллик йилларида мунаввар тонг каби тиниқ тортди. Қаровсиз қолган ёдгорликлар таъмирланди. Қадриятларимиз, ҳунармандчилигимиз булоқ каби қайта кўз очди. Зиёратгоҳлар обод этилди. Янги боғлар барпо қилинди. Шаҳарнинг 2500 йиллик юбилейи халқаро миқёсда кенг нишонланди. Буларнинг бари мустақиллик шарофатидандир. 

Бухоронинг қадимий кўчаларида француз, инглиз, испан, корейс,  япон, немис тилларида сўзлашиб, обидаларни ҳайрат билан кузатаётган, эмин-эркин юрган сайёҳларни кўрганингда эса кўнгилда фахр ҳиссини туясан, киши. Негаки, тинч ва фаровон юртга меҳмон келади. Дунёнинг бахтиёр одамлари яшаётган заминдан инсон қадами узилмайди.

Муҳими шундаки, бутун юртимизда бўлгани каби Бухорода ҳам  бунёдкорлик ишлари жадал суръатларда давом этаяпти. Мана, иқтисодий жабҳани олиб кўрайлик.

— Бугунги кунда 680 дан зиёд ишлаб чиқариш корхонаси фаолият кўрсатмоқда, — дейди шаҳар ҳокимлиги иқтисодиёт бўлими бошлиғи Илҳом Қиличев. — 2015 йилда улар томонидан 289,4 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Умумий қиймати 49 миллиард сўмга тенг ва 1450 минг АҚШ долларилик хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. 80,3 миллион доллар миқдорида маҳсулот ва хизматлар экспорти амалга оширилди.

Шу далил ва рақамларнинг ўзиёқ қадимий ҳамда ҳамиша навқирон шаҳар бунёдкорлик оғушида эканини кўрсатади. Бухорои шариф ҳақидаги мақоламизни эса Юртбошимиз айтган қуйидаги сўзлар билан якунламоқчимиз: “Мен ҳар гал мўътабар  Бухоро заминига қадам қўяр эканман, юрагимни чуқур фахр-ифтихор  туйғуси қамраб олади, кўнглим қандайдир равшан тортади. Заҳматкаш ва  бағрикенг Бухоро аҳли билан, томирида ота-боболаримизнинг шижоати  жўш урган, юз-кўзида илм-маърифат зиёси акс этиб турган бу юрт фарзандлари билан учрашиш, улар билан суҳбатда бўлиш менга доимо  катта мамнуният бахш этади”.

 

Истам ИБРОҲИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn