Энг яхши ихтиролар аниқланди
  • 18 Декабрь 2015

Энг яхши ихтиролар аниқланди

Кеча пойтахтимизда энг яхши интеллектуал мулк объекти — “Yangi intellekt” анъанавий танловининг жорий йилги ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги томонидан қатор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, олимлар, тадқиқотчилар қатнашди.
Юртимизда Президентимиз раҳнамолигида илмий-техник ижодкорликни рағбатлантириш, инновация фаолиятини ривожлантириш, интеллектуал мулкни ҳуқуқий ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Бир неча йилдан бери ўтказилаётган “Yangi intellekt” танлови ҳам бу борада алоҳида ўрин тутмоқда. Бинобарин, танлов мамлакатимизнинг интеллектуал мулк соҳасидаги ютуқларини кенг намойиш этиш, иқтидорли ёшларни илмий фаолиятга жалб қилиш, янги технологиялар, товарлар ҳамда рақобатдош маҳсулотлар тайёрлашни янада фаоллаштириш, соҳага инвестициялар йўналтириш ва ишлаб чиқаришга истиқболли лойиҳаларни жорий этишга кўмаклашаяпти.
Бу галги танловда қатнашиш мақсадида кейинги уч йилда ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари учун патент олган жисмоний ҳамда юридик шахслар, шунингдек, миллий дастурий маҳсулот ишлаб чиқувчилардан аризалар келиб тушди. Ҳар бир йўналиш бўйича ўнтадан энг яхши ариза танлаб олинди ва он-лайн тарзда овоз бериш учун агентлик сайтига жойлаштирилди. Унинг якунлари бўйича “Энг яхши ихтиро”, “Энг яхши фойдали модель”, “Энг яхши саноат намунаси” ва “Энг яхши дастурий маҳсулот” йўналишларида учтадан ғолиб аниқланди.
Хусусан, Абу Райҳон Беруний номидаги Тошкент давлат техника университети олимлари томонидан яратилган “Токни кучланишга ўзгартиргич” номли ишланма жорий йилдаги энг яхши ихтиро, деб топилди. Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти тадқиқотчилари ишлаб чиқарган  “Занжирли узатма” номли лойиҳа энг яхши фойдали модель, “Совпластитал” корхонасининг “Барг” безак ликопчаси идишлар тўплами энг яхши саноат намунаси, деб эътироф этилди.
— Танловнинг “Энг яхши ихтиро” номинациясида “Ишемик инсультнинг патогенетик турларини дифференциал ташхислаш усули” номли лойиҳам билан қатнашиб, учинчи ўринни қўлга киритдим, — дейди Тошкент педиатрия-тиббиёт институтининг илмий тадқиқот лабораторияси мудири, тиббиёт фанлари номзоди Хуршидахон Расулова. — Биламизки, инсоннинг инсультга чалинишига бир неча сабаблар омил бўлади. Мазкур ишланманинг ўзига хослиги шундаки, у инсультга йўлиққан беморларга ташхисни тўғри қўйиш ва шу орқали қандай даволаш чораларини қўллашни белгилайди. Бу янгилик ҳозирги кунда МДҲнинг қатор мамлакатлари ва Европа давлатларида ҳам муносиб эътироф этилиб, биз яратган усулга қизиқиш ортиб бораяпти. Бу бизга ғурур бағишлаб, янги изланишларга ундайди. 
Мамлакатимизда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини ривожлантиришнинг долзарб жиҳатларини акс эттирадиган “Энг яхши дастурий маҳсулот” номинацияси ҳам алоҳида эътиборга сазовордир. Шу боис тадбирда Ўзбекистонда дастурий таъминот ишлаб чиқувчилар фаолиятини рағбатлантириш мақсадида улар ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани айтиб ўтилди. Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 20 сентябрда қабул қилинган “Мамлакатимизнинг дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиларини рағбатлантиришни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим омил бўлиб хизмат қилаётир.
Танлов якунларига кўра, “Энг яхши дастурий маҳсулот” йўналишида Тошкент ахборот технологиялари университети мутахассислари томонидан яратилган “Кардиологик сигналларни киритиш, қайд қилиш ва ишлов бериш” тизими биринчи ўринга муносиб кўрилди.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn