Келажагимиз ворислари
  • 11 Декабрь 2015

Келажагимиз ворислари

Давлатимиз раҳбари Асосий Қонунимиз қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимда ёшлар, уларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик хусусида ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.

Чунончи, бундан 18 йил олдин ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилган Кадрлар тайёрлаш миллий дастури таълим тизимини тубдан ўзгартирганлиги  таъкидланди. Чиндан ҳам, таълимни ислоҳ қилишга қаратилган бу каби ҳужжатлар фарзандларимизнинг порлоқ истиқболига қўйилган мустаҳкам пойдевордир. Айни пайтда мамлакатимизда навқирон авлодни ҳар томонлама етук қилиб тарбиялаш мақсадида турли йўналишларда мактабдан ташқари таълим муассасалари фаолияти йўлга қўйилгани бу борадаги эзгу саъй-ҳаракатларнинг яна бир ифодасидир. Хусусан, ўқувчиларнинг дарсдан бўш вақтларини  унумли ўтказиши, уларнинг фойдали меҳнат билан шуғулланишини таъминлаш ҳамда касб-ҳунарга йўналтиришда “Баркамол авлод” республика болалар техник ижодиёт марказининг ҳам ўзига хос ўрни бор.
Ушбу марказ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 28 февралдаги “Мактабдан ташқари таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ташкил этилган.
Ўтган йиллар давомида муассасамиз 6 ёшдан 16 ёшгача бўлган техникага қизиқувчи иқтидорли ўғил-қизларни ўз атрофига бирлаштирди. Айни пайтда 350 нафардан зиёд ёшлар техник, бадиий, экологик-ўлкашунослик йўналишларида “Ёш конструктор ва ихтирочилик”, “Радиотехника”, “Компьютер, графика, дизайн” сингари 21 тўгаракда сабоқ олаяпти. Шу билан бирга, улар бу ерда касб-ҳунар таълимига ҳам йўналтирилади. Тўгарак машғулотлари ёшларнинг қизиқишларига кўра, бошланғич касб-ҳунар  сирларини пухта эгаллаши ва таълимнинг кейинги босқичини тўғри танлашлари учун кўмаклашиш ҳамда меҳнатга янгича муносабат ва лаёқатни ривожлантиришга хизмат қилаётир.
Фарзандларимизни Ватанга садоқат, урф-одатлар, қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида бир қатор тадбирлар ўтказиб келинаяпти. “Биз истеъдодли ёшлармиз” шиори остида техник ижодкорлик кўргазмаси, “Соғлом авлод — соғлом келажак” мавзуида ташкил этилаётган спорт мусобақалари шулар жумласидандир. Қолаверса, йил давомида бир неча бор  шахмат-шашка, стол тенниси, қисқа масофага югуриш, шунингдек, миллий ўйинлар, расм чизиш ҳамда спорт-техника мусобақалари уюштирилди.
Айниқса, ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Варраклар сайли”, “Йилнинг энг ёш ихтирочиси”, “Ёш авиамоделчилар мусобақаси”, “Ёш фото санъати усталари” танловлари иқтидорларни аниқлаш ҳамда рағбатлантиришда муҳим ўрин тутмоқда.
Таълим тизимида ўқитувчининг иқтидори, касбий маҳорати ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларни нечоғли эгаллашида намоён бўлади. Шу боис  соҳада фаолият юритаётган тўгарак раҳбарларининг малакасини ошириш, улардаги ижодкорликни такомиллаштириш, янги педагогик технология ютуқлари билан мунтазам танишиб боришлари доимий диққат-эътиборимизда. Хусусан, улар ўртасида ўқув-семинарлари ташкил этиш, маҳорат сабоқлари ўтказиш масаласига алоҳида аҳамият берилаяпти. Бу эса назарий ва амалий машғулотлар давомида ўз самарасини кўрсатаётир. Шунингдек, марказимиз юртимизнинг шаҳар ҳамда туманларидаги “Баркамол авлод” болалар марказларининг техник йўналишдаги тўгараклари учун методик қўлланмалар, тавсияномалар ишлаб чиқади. Масалан, “Авиамодель” тўгараги раҳбари Абдунаби Ҳожибоевнинг хоналарни кўргазмали қуроллар билан жиҳозлаш, АКТ бўйича тўгарак раҳбари Дилобар Мусажонованинг мактабдан ташқари таълимни ташкил этишга оид қўлланмалари бугунги кунда республика бўйича оммалашгани эътиборга моликдир.
Зеро, буларнинг барчаси мамлакатимизда ёш авлод тарбиясига, уларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга, келгусида баркамол инсонлар бўлиб вояга етишларига қаратилган саъй-ҳаракатлар ифодасидир.

Хадича ЗОКИРОВА,
«Баркамол авлод» республика болалар техник ижодиёт маркази директори.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn