Давоматни аниқлайдиган дастур
  • 02 Декабрь 2015

Давоматни аниқлайдиган дастур

Термиз ахборот технологиялари ва маиший хизмат касб-ҳунар коллежида 1600 нафардан зиёд ўғил-қизлар таҳсил олади.

Яқинда бу ерда “Давомат назорат тизими” жорий этилди. Натижада ўқитувчилар ҳамда ўқувчиларнинг ота-оналари учун қўшимча қулайлик яратилди.
— Давомат пухта билим ва касб-ҳунар эгаллашнинг муҳим кафолатидир, — дейди коллеж директори Ўрол Тошбоев. — Шу боис бу борада махсус дастур ишлаб чиқилиб, дастлаб Бухоро вилоятидаги ўнга яқин ўқув даргоҳларида жорий этилди. Мутахассисларимиз мазкур илғор тажрибани ўрганиб қайтишгач, ўзимизда амалиётга татбиқ қилишди. Бунинг учун муассасамизнинг ҳар бир ўқитувчи ва ўқувчиси учун махсус ёрлиқлар тайёрланди, ота-оналар телефон рақамлари рўйхати шакллантирилди.
Айтиш жоизки, янги дастурий тизим бир қатор афзалликларга эга. Яъни унга мувофиқ, компьютер махсус ёрлиқлардаги штрих-код ёрдамида бир дақиқа ичида 70 нафар ўғил-қизнинг коллежга қачон келиб-кетганлиги тўғрисида ахборот тўплай олади. Сўнгра ушбу маълумот ота-оналарнинг мобиль телефонига жўнатилади. Шу тариқа ўқувчиларнинг дарс машғулотларида тўлиқ иштирок этиши таъминланади. Қолаверса, фарзанди коллеж эшигидан чиққани заҳоти бундан “SMS” орқали хабар топган ота-она уларнинг бўш вақтларини назорат қилиш имкониятига эга бўлади.

Нормурод ТЕМИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn