Таълим соҳасидаги ҳамкорлик изчил ривожланмоқда
  • 14 Ноябрь 2015

Таълим соҳасидаги ҳамкорлик изчил ривожланмоқда

Япония таълим, маданият, спорт, фан ва технологиялар вазирининг ўринбосари Кихеи Маэкава раҳбарлигидаги делегация мамлакатимизга ташриф буюрди. Ташриф доирасида Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтида Ўзбекистон ва Япония университетлари ректорларининг конференцияси бўлиб ўтди. Унда икки мамлакатнинг олий таълим муассасалари раҳбарлари, профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири Алишер Ваҳобов, Япония таълим, маданият, спорт, фан ва технологиялар вазирининг ўринбосари Кихеи Маэкава, Япониянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Фумихико Като ва бошқалар Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги муносабатлар барча соҳада, жумладан, фан-таълим йўналишида изчил ривожланиб бораётгани, бунда икки давлат раҳбарларининг учрашувлари чоғида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади. Хусусан, Президентимиз Ислом Каримовнинг 2011 йил февраль ойидаги Японияга расмий ташрифи, Япония Бош вазири Шиндзо Абэнинг шу йил октябрь ойида мамлакатимизга расмий ташрифи серқирра муносабатларга янги суръат бағишлади.
Япония Ўзбекистоннинг стратегик ҳамкорларидан. Мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро муносабатлар Дўстлик, стратегик шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма баёнот ҳамда Ўзбекистон ва Япония ўртасида стратегик шерикликни чуқурлаштириш ва кенгайтириш тўғрисидаги қўшма баёнот руҳида изчил ривожланмоқда.
Бу барча жабҳа қатори фан-таълим соҳасида ҳам самарали ҳамкорликка асос бўлмоқда. Илмий тадқиқот муассасалари ва олий ўқув юртлари ўртасидаги алоқалар фаоллашмоқда. Япония Таълим, маданият, спорт, фан ва технологиялар вазирлигининг ўқув дастурлари ҳамда “Тараққиётга расмий кўмак” дастури бўйича Ўзбекистондан Кунчиқар мамлакатга талабалар юборилмоқда. Жорий йилдан Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида япон тили биринчи хорижий тил сифатида ўқитилмоқда.
Ўзбекистон ва Япония университетлари ректорларининг конференцияси илк маротаба 2011 йили Японияда ўтказилган эди. Тошкентда ўтган бу галги анжуманда икки мамлакат олий таълим тизимида амалга оширилаётган ишлар, ўзаро ҳамкорлик самаралари ҳақида сўз юритилди.
Тадбирда Ўзбекистонда таълим тизимини ислоҳ қилиш бўйича узоқни кўзлаган дастурлар, хусусан, Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан қабул қилинган “Таълим тўғрисида”ги Қонун ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ёшларнинг замонавий билим олиши, етук мутахассис бўлиб етишиши, иқтидорини тўла намоён этиши, жамиятда ўз ўрнини топишида муҳим омил бўлаётгани таъкидланди.
Ўзбекистон ёшларининг жаҳон стандартлари асосида таҳсил олиши йўлида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратилаётгани, мамлакатимизда дунёдаги кўплаб нуфузли университетларнинг филиаллари ташкил этилиб, муваффақиятли фаолият юритаётгани қайд этилди.
— Ўзбекистонда мамлакатни ҳар томонлама ривожлантириш йўлида кадрлар тайёрлаш масаласига алоҳида аҳамият берилмоқда ва бу барча соҳада ўз самарасини кўрсатмоқда, — деди  Япония таълим, маданият, спорт, фан ва технологиялар вазирининг ўринбосари К. Маэкава. — Ушбу анжуман мамлакатларимиз ўртасидаги фан-таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг тобора ривожланиб бораётганидан, бу борадаги муносабатларни янада фаоллаштиришда ҳар икки томоннинг қизиқиши юқори эканидан далолат беради.
Давлатимиз раҳбарининг 2011 йилнинг 20 майидаги “Олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори юқори таълим босқичини янада ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда. Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизими халқаро тажриба асосида такомиллаштирилаётир.
Конференцияда мамлакатимизда олий таълим тизими самарали йўлга қўйилгани, таълим мазмуни ва сифати изчил бойиб бораётгани, ёшларнинг интеллектуал салоҳияти юксалиб, уларнинг жамиятдаги ўрни ва мамлакатимиз тараққиётидаги фаоллиги ошиб бораётгани алоҳида қайд этилди.
— Университетимизда юздан ортиқ ўзбекистонлик ёшлар таҳсил олади, — деди Япониянинг Рицумейкан Осиё-Тинч океани университети проректори Кенжи Йокояма. — Улар интеллектуал салоҳияти, тарбияси, кўплаб хорижий тилларни билиши билан бошқалардан ажралиб туради. Буни мамлакатингиздаги ёшларга оид давлат сиёсати самараси, деб биламиз.
Анжуманда Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги фан-таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва бу борадаги алоқаларни янада ривожлантириш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди. Кадрлар тайёрлаш йўналишида икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, бу борада мамлакатларимиз ўртасида ўзаро тажриба ва ахборот  алмашувини янада фаоллаштиришга келишиб олинди.
Конференция доирасида Ўзбекистон ва Япониянинг қатор олий ўқув юртлари ўртасида ҳамкорликка оид битимлар имзоланди. 
Япония делегацияси Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Фанлар академияси, қатор таълим муассасаларида ҳам бўлди. Пойтахтимизда ташкил этилган “Японияда таълим — 2015” кўргазмасининг очилишида иштирок этди.

Ирода УМАРОВА,
ЎзА мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn