Интерфаол усуллар
  • 13 Март 2014

Интерфаол усуллар

чет тилларни ўрганиш тизимини такомиллаштиришда қўл келмоқда

Денов туманидаги 1-умумтаълим мактабига борганимизда, танаффус пайти экан. Бу ерда  ўқувчилар биз билан инглиз тилида саломлашишди. Мактаб директори Хосият Қораева изоҳ берди:
— Бугун пайшанба, мактабимизда чет тилини ўрганиш куни этиб белгиланган. Бу тажриба ўзини оқлаяпти. Қаранг, 1-синфда ўқиётган 55 нафар ўғил-қизнинг ҳар бири инглиз тилида ўз исм-шарифи, қаерда яшаши ҳамда оила аъзолари ҳақида тўлиқ маълумот бера олади.
Икки нафар чет тили ўқитувчимиз бор. Улар Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетини тамомлашган. Ҳозир замонавий педагогик технологиялар, илғор тажрибалар асосида ўғил-қизларга сабоқ беришмоқда.
Айни кунда Сурхондарё вилоятидаги мавжуд 858 та умумтаълим мактабида 1863 нафар ўқитувчи ёшларга илғор тажрибалар асосида хорижий тиллардан сабоқ бермоқда. Уларда Президентимизнинг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори талабларидан келиб чиқиб, дарс машғулотлари сифат ва самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкиллаштириш бўлими мудири Ҳайдар Сувоновнинг таъкидлашича, мазкур мактаб нафақат туман ва вилоятдаги, балки юртимиздаги илғор таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Бу ерда Халқ таълими вазирлиги томонидан мамлакат миқёсидаги кўплаб ўқув-семинарлари ўтказиб келинаётгани фикримиз тасдиғидир. Қолаверса, мактаб ўқувчилари “Инглиз тилининг энг яхши билимдони” кўрик-танловининг вилоят босқичида ҳар йили ғолиблар сафидан ўрин олиб келишаяпти.
Мактаб биноси кўркам ва замонавий. Фойега киришингиз билан кўнглингиз ёришади. Чўғдек гилам тўшалган йўлак бўйлаб юраркансиз, бу ердаги озодаликдан кўзингиз қувонади. Синфхоналар ёруғ ва шинам.
— Ўқув масканимиз қошида иссиқхона ташкил этганмиз, —  дейди мактаб директори ўринбосари Абдурасул Турсунов.— Бу ерга экилган  лимондан ҳар йили 8-10 миллион сўм даромад олаяпмиз. Бундан ташқари, 70 сотих майдонда мевали боғимиз бор. Унинг бир қисмида гул ва манзарали дарахт кўчатлари етиштирилади. Ўтган йилнинг кўкламида Термиз шаҳрини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш учун 3 минг тупдан зиёд гул ва арча ниҳоллари етказиб бердик. Олган даромадимиздан мактаб музейи ташкил қилинди. Спорт залимиз керакли жиҳозлар билан тўлиқ таъминланди. Бадиий гимнастика тўгараги фаолиятини йўлга қўйдик.
Хосият Қораева бизни инглиз тили хонасига бошлаб кирди. Бу ерда 1-“А” синфининг 24 нафар ўқувчисига машғулотлар ўтилаётган экан. Синфхона интерфаол ўқитиш учун мўлжалланган жиҳозлар ҳамда кўргазмали ўқув воситалари билан тўлиқ таъминланган. Дарс давомида болажонларга инглиз тилидаги мультфильмлар, қўшиқлар намойиш этилди. Ўқитувчининг айтишича, бундай усул болаларнинг чет тилини тез ва пухта ўзлаштиришларида қўл келаётир.
— Хорижий тил ўқитувчиларига бўлган эҳтиёж йилдан-йилга ошиб бормоқда, — дейди вилоят халқ таълими бошқармаси методика маркази директори Абдураҳмон Янгибоев. — Бу табиий, албатта. Чунки 2014/2015 ўқув йилидан бошлаб 2-синфларда ҳам чет тилларни ўқитиш жорий этилади. Шу мақсадда 119 нафар педагогни ишга жалб этиш чоралари кўрилаяпти. Ўз навбатида, олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик алоқаларимизни кенгайтираяпмиз. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, бугунги ёшлар биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта, бахтли бўлишлари шарт! Бу фаолиятимизнинг энг устувор мақсадидир.

Нормурод ТЕМИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn