Жамоалар алгебра ва сонлар назарияси, геометрия, математик анализ, комплекс анализ ҳамда комбинаторика соҳаларидан тузилган мураккаб масалалар бўйича баҳслашишди.
Натижаларга кўра, вакилларимиздан Ҳакимбой Эгамбердиев олтин, Беҳзод Қурбонбоев кумуш медалга сазовор бўлди. Ушбу муваффақият ёшларимизга Буюк Британиянинг нуфузли олий таълим муассасаси — University College Londonнинг магистратура босқичида ўқиш имконини берди.
— Вакилларимизнинг интеллектуал салоҳияти иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди, — дейди жамоа сардори, Ўзбекистон Миллий университетининг Механика-математика факультети математик анализ кафедраси ассистенти Карим Раҳимов. — Албатта, буларнинг барчаси мамлакатимизда ёшларнинг юксак ақл-заковат эгаси бўлиб камолга етишлари йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайлидир. Негаки, юртимизда таълим соҳасини ислоҳ қилиш, замонавий талабларга мос юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга катта эътибор қаратилмоқда. Шу билан бирга, ўқув-тарбиявий ишлар изчил такомиллаштирилаяпти, жаҳон андозаларига мос таълим стандартлари амалиётга кенг жорий этилаяпти. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 20 майдаги “Олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори олий таълим муассасалари фаолиятини такомиллаштириш, уларни замонавий дарслик, ўқув-услубий қўлланмалар, илмий лабораториялар билан таъминлашда дастуриламал бўлмоқда.
Ўзбекистон Миллий университетида ўтказилган ёш математикларимизни тақдирлаш маросимида ҳам юртимиз таълим соҳасида ҳаётга татбиқ этилаётган улкан ишлар ўз мевасини бераётгани ҳамда уларнинг мазкур муваффақияти энг улуғ ва энг азиз байрамимиз — Ватанимиз мустақиллигининг 24 йиллигига муносиб совға бўлганлиги алоҳида таъкидланди.
Д. МУРОДОВ.