Илм-фан ютуқлари ва тараққиёт
  • 30 Апрель 2015

Илм-фан ютуқлари ва тараққиёт

Кеча пойтахтимиздаги “Кўргазма савдо маркази” мажмуасида Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ҳудудий ярмаркаси очилди. Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, “Ўзбекнефтгаз”, “Ўзавтосаноат”, “Ўзфармсаноат”, “Ўзкимёсаноат”, “Ўзбекистон темир йўллари”, “Ўзқурилишматериаллари” “Ўзэлтехсаноат” компаниялари, Ўзбекистон Фанлар академияси, Савдо-саноат палатаси, “Камолот” ЁИҲ, Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент вилояти ҳокимликлари томонидан ташкил этилди.

Ярмарка Президентимизнинг 2008 йил 15 июлдаги “Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ўтказилмоқда.
Унда саноат, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, ахборот-коммуникация технологиялари, фан ва таълим соҳаларидаги юзлаб инновацион маҳсулотлар намойиш этилаётир. Айтиш жоизки, ушбу тадбир истиқболли ғоя ва ишланмаларни амалиётга татбиқ қилиш борасида янги имкониятлар очмоқда. Бу эса ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, ички бозорда миллий маҳсулотлар улушини кўпайтириш, илм-фан ҳамда ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтиришга хизмат қилаяпти.
— Корхонамиз қуёш панеллари, гелиотизимлар, инверторлар ишлаб чиқариш, сотиш, ўрнатиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш билан шуғулланади, — дейди “Solar energy products” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Элмурод Абдуллаев. — Тадбирда ана шундай технологиялар билан қатнашаяпмиз.
Иштирокчилар бизнинг инвертор қурилмамизга катта қизиқиш билдиришмоқда. Бу қурилманинг афзаллиги шундаки, у электр токи узилиб қолганда, бир вақтнинг ўзида компьютер, телевизор ва чироқларни 7-8 соатгача қувват билан таъминлаб туради.
Ярмаркага ташриф буюраётганлар олимлар таклиф этаётган лойиҳа ва асбоб-ускуналарни синчиклаб ўрганиб, ўзларига маъқул келганларини танлаб олишаяпти ва ишлаб чиқарувчилар билан харид қилиш шартларини муҳокама этишаётир. Ўзаро манфаатли шартномалар тузилмоқда. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг илмий тадқиқот муассасалари стендлари кўпчиликнинг эътиборини ўзига жалб қилаяпти. Улар иқтисодиётнинг таянч тармоқлари, жумладан, нефть-газ, кимё, фармацевтика саноати, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, темир йўл транспорти, муқобил энергетика ва бошқа жабҳалардаги устувор вазифаларни бажаришга йўналтирилган юздан зиёд инновацион ишланма ҳамда лойиҳаларни намойиш этишмоқда.
Албатта, тақдим қилинаётган ҳар бир янгилик диққатга сазовордир. Масалан, улар орасида консерваланган “Тошкент палови”ни алоҳида таъкидлаш жоиз. Ишлаб чиқарувчиларнинг сўзларига кўра, ушбу ноодатий маҳсулотнинг таркибида ҳеч қандай консервант йўқ. Уни узоқ муддат сақлаш мумкин ва энг муҳими, мазаси эндигина пишган ошдан фарқ қилмайди. “Тошкент палови” экспортга ҳам мўлжалланган.
Ташкилотчиларнинг айтишича, намойиш этилаётган янги лойиҳалар ва илғор технологиялар 40 дан ортиқ ҳудудий саноат корхоналарида татбиқ қилиниши режалаштирилган.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn