Замонавий билим ва интеллектуал салоҳият
  • 23 Апрель 2015

Замонавий билим ва интеллектуал салоҳият

Айни пайтда республикамиздаги 9698 та умумтаълим мактабининг барчасида чет тиллар ўқитилмоқда. Хусусан, бошланғич синфларда 94 фоиз ўқувчилар инглиз, 3,5 фоизи немис ва 2,5 фоизи француз тилини ўрганмоқда.

Мамлакатимизда ёшларнинг хорижий тилларни пухта ўзлаштириши учун барча шарт-шароит яратилган.
Мустақиллик йилларида юртимиз таълим-тарбия тизимида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар билимли, дунёқараши кенг, Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган, ҳеч кимдан кам бўлмаган баркамол авлодни, етук мутахассисларни тайёрлашда муҳим аҳамият касб этаяпти.
Президентимизнинг 2012 йил 10 декабрда қабул қилинган “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳиятида ҳам шу мақсад ўз ифодасини топган. Жумладан, унда замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда, ўқитишнинг илғор услубларини жорий этиш йўли билан ўсиб келаётган ёш авлодга чет тилларни ўқитиш, шу тилларда эркин сўзлаша оладиган мутахассисларни тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш каби устувор вазифалар белгилаб берилган.
Мазкур қарор асосида уч ярим миллион нафардан зиёд ўқувчилар чет тилларни жаҳон таълим стандартлари асосида ўзлаштиришга киришди. Республикамизнинг чекка туман ва овулларидаги мактабларда ҳам замонавий фан кабинетлари ташкил этилиб, улар зарур ўқув жиҳозлари, кўргазмали воситалар, ўқув-методик қўлланмалар билан таъминланмоқда.
Маълумки, ҳар бир фан ўқувчиларга дарслик ёрдамида ўргатилади. Унинг ҳам мазмун, ҳам шакл жиҳатидан қанчалик пухта яратилгани эса таълим самарасини белгиловчи асосий мезонлардан бири саналади.
Шу маънода, давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори ижросини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлардан бири сифатида болаларнинг ёши, дунёқараши, ақлий ва жисмоний ривожланишига мос чет тиллар дарсликлари яратишнинг такомиллаштирилган механизми йўлга қўйилганини таъкидлаш ўринлидир. Ўтган ўқув йилида 1-синф ўқувчилари чет тилларни янги Давлат таълим стандартлари асосида тайёрланган дарсликлар орқали ўрганишни бошлади. Ўқувчи китоби, ўқитувчи учун қўлланма ҳамда мультимедиали дискдан иборат “Kid’s English” (инглиз тили), “Deutsch macht spab” (немис тили) ва “Hirondelle” (француз тили) дарслик мажмуалари мактабларда илк синовдан муваффақиятли ўтди. Шу ўқув йилида мазкур дарслик мажмуалари 591 326 нусха (553 313 нусхаси инглиз тили, 21 082 нусхаси немис тили, 16 931 нусхаси француз тили)да қайта нашр эттирилиб, Президент совғаси сифатида 1-синф ўқувчиларига топширилди. 2-синфлар учун ҳам янгидан яратилган жами олти юз мингга яқин чет тили дарслик мажмуалари DVD — дисклари билан бирга мактабларга етказилди.
Шунингдек, умумий ўрта таълим мактабларининг 5, 6, 8, 9-синфларида дарс бераётган ўқитувчилар учун ҳам чет тиллар бўйича методик қўлланмалар янги Давлат таълим стандарти талаблари асосида қайта ишланиб чоп этилди. Жумладан, 22 440 нусха қўлланма ва яна шунча мультимедиа DVD — дисклари кўпайтирилиб, жойларга етказилгани ўқувчиларнинг чет тилларни ўрганиш имкониятини янада кенгайтирди.
Жорий йилда ҳам бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Ушбу жараёнда Хитой Халқ Республикаси гранти маблағлари, Жанубий Корея Республикасининг Эксимбанки кредит маблағларидан унумли фойдаланиш режалаштирилган.
Таъкидлаш жоизки, Президентимиз қарорида умумтаълим мактабларини малакали чет тили ўқитувчилари билан таъминлаш, чуқур билимга эга кадрларни тайёрлаш масаласига ҳам алоҳида урғу берилган. Бу борада мавжуд имкониятлардан келиб чиққан ҳолда муайян ишлар амалга оширилди, олий таълим муассасалари билан биргаликда яқин истиқболдаги муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Бугунги кунда умумтаълим мактабларида жами 27 342 нафар чет тили ўқитувчиси фаолият юритмоқда. Улардан 21 611 нафари инглиз тили, 3 324 нафари немис тили, 2 302 нафари француз тили ва 105 нафари бошқа чет тиллардан сабоқ беради. Ўқитувчиларнинг билим ҳамда малакасини ошириб бориш борасида зарур чора-тадбирлар кўрилаётир. Жумладан, халқ таълими тизимидаги чет тили мутахассисларининг касбий салоҳияти ва педагогик маҳоратини ошириш мақсадида туман (шаҳар) даражасида узлуксиз малака ошириш механизми жорий этилмоқда. Бунинг учун республикамизнинг барча туман (шаҳар)идан энг тажрибали, чет тилини юқори даражада биладиган, биринчи навбатда, ДТМ томонидан тегишли устама учун ўтказилган тест синовларида юқори натижага эришган ўқитувчилар салоҳиятидан самарали фойдаланилиб, улар тренер сифатида тайёрланмоқда. Бу жараён Республика малака ошириш институти базасида Британия кенгашининг юртимиздаги ваколатхонаси, Вестминстер университети, Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти, ЎзДЖТУ каби олий таълим муассасаларининг малакали мутахассислари ёрдамида амалга оширилмоқда.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, келгусида фаолиятимизни янада самарали ташкил этиш учун ҳозирданоқ 2015/2016 ўқув йилида амалга ошириладиган ишлар мазмун-мундарижаси аниқ белгилаб олинди. Бундан ташқари, келгуси ўқув йилида 3-синфларга дарс берадиган чет тиллар ўқитувчиларининг тажрибасини юксалтириш мақсадида махсус малака ошириш курсларини ташкил этиш режалаштирилган.
Албатта, бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси “Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта, бахтли бўлишлари шарт!” деган эзгу ниятнинг амалдаги ижобати изчил давом этишига хизмат қилади.

Абдураҳим НОСИРОВ,
Халқ таълими вазирлигининг Умумтаълим ва ихтисослаштирилган мактаблар бошқармаси бошлиғи.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn