Юксак технологияларнинг беқиёс имкониятлари
  • 23 Апрель 2015

Юксак технологияларнинг беқиёс имкониятлари

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Central Asia — 2015” — “Фан, таълим, маданият ва бизнесда ахборот-кутубхона ресурслари” IX Халқаро анжумани ўз ишини бошлади.

Тадбир Ўзбекистон Миллий кутубхонаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда депутатлар, тегишли вазирлик ва идоралар, халқаро ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари, маънавият тарғиботчилари, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Чехия, Бирлашган Араб Амирликлари, Озарбайжон каби мамлакатлардан соҳа мутахассислари ва экспертлар қатнашмоқда.
Маълумки, юртимизда аҳоли, хусусан, ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, бунинг учун энг замонавий маданий-маърифий муассасаларни бунёд этишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Жумладан, республикамизнинг барча ҳудудида аҳолига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни кенгайтириш, унинг сифатини янада яхшилашга кўмаклашадиган илғор ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда янги дастурий маҳсулотларни жорий қилиш ишлари жадаллик билан олиб борилаяпти.
Давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 23 февралдаги “2011 — 2015 йилларда ахборот-коммуникация технологиялари негизида ахборот-кутубхона ва ахборот-ресурс хизматлари кўрсатишни сифат жиҳатидан ривожлантиришни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида”ги Қонуни бу борада муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда.
Бугунги кунда замонавий технологиялар иқтисодиётнинг барча тармоғига кириб бораяпти. Айниқса, улар орасида алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари бошқа соҳаларга нисбатан изчил ривожланаётир. Ушбу хизматлар ҳажми сўнгги беш йилда 3,3 баробар, ўтган йили эса 24,5 фоиз ўсгани бунинг яққол тасдиғидир.
Иқтисодиётимиз ва жамиятимиз ҳаётида ахборот-коммуникация технологияларининг алоҳида ўрин тутишини ҳисобга олиб, бундан икки йил муқаддам 2013 — 2020 йилларда Ўзбекистон Республикасининг Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш комплекс дастури қабул қилинди.
Ҳозирги пайтда тадбиркорлик субъектларининг 98 фоизи солиқ ва статистика ҳисоботлари топширишни, божхона декларацияларини расмийлаштиришни эски усулдаги қоғоз тўлдириш йўли билан эмас, балки бевосита  электрон шаклда амалга оширмоқда.
Шунингдек, мамлакатимиз олий таълим муассасалари “ZiyoNet” электрон ахборот порталига уланган. Бу орқали минглаб талабалар ўзларига зарур маълумотлардан хабардор бўлиб боришаяпти.
Даставвал иштирокчилар Миллий кутубхонада яратилган қулайликлар билан танишдилар. Ўқув залларининг кенг, ёруғ ва шинамлиги, энг сўнгги ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозлангани, уларда ёшларимиз фан сирларини пухта эгаллаб бораётгани йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди. Айниқса, ўғил-қизларнинг бир нечта хорижий тилларда бийрон сўзлаётгани, чет эл адабиётларини мутолаа қилиб, ижодий ишлар, ҳатто, илмий изланишлар олиб боришаётгани алоҳида эътироф этилди.
— Ушбу муҳташам зиё масканини кўздан кечириш асносида Ўзбекистоннинг келажаги буюк эканлигига амин бўлдим, — дейди Чехия Республикаси Миллий кутубхонаси директори А. Кнолл. — Негаки, ёшлар чанқоқлик билан китоб мутолаа қилаяпти, ахборот-коммуникация технологияларидан оқилона фойдаланмоқда. Шунинг учун уларнинг интеллектуал салоҳиятига ҳавас қилса арзийди.
Халқаро анжуманнинг биринчи кунида “Ахборот-кутубхона макони ривожланишида кутубхоналарнинг тутган ўрни ва аҳамияти” мавзуида бундай муассасаларнинг илм-фан, маданият ҳамда таълим равнақидаги роли, нашриётлар, архивлар ва музейлар билан ҳамкорлиги, фойдаланувчиларнинг мутолаа ҳамда ахборот маданияти, медиа саводхонлигини шакллантириш масалаларига бағишланган йиғилишлар бўлиб ўтди.
Тадбирнинг иккинчи кунида ахборот-кутубхоналарда замонавий технологиялардан унумли фойдаланиш, уларга энг сўнгги янгиликларни жорий қилиш масалаларига бағишланган шуъба мажлислари, давра суҳбатлари ўтказилиши режалаштирилган. Шунингдек, анжуман доирасида семинарлар, маҳорат дарслари, давра суҳбатлари, таниқли ижодкорлар билан бевосита учрашувлар ташкил этиш, пойтахтимиздаги ахборот-кутубхона муассасалари фаолияти билан танишиш кўзда тутилган.

Дилмурод СОДИҚОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn