Чет тилларни ўқитиш: Замонавий услуб, самарали ҳамкорлик
  • 15 Апрель 2015

Чет тилларни ўқитиш: Замонавий услуб, самарали ҳамкорлик

Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 10 декабрда қабул қилинган “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори навқирон авлодни замон талабларига жавоб берадиган етук мутахассислар этиб тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, чет тилларни ўқитиш бўйича давлат стандартлари ишлаб чиқилгани ёшларимизнинг хорижий тилларни пухта эгаллаш имкониятларини янада кенгайтирмоқда.

Хусусан, айни пайтда Пискент туманидаги 50 дан ортиқ умумий ўрта таълим мактабида асосан инглиз, шунингдек, немис ва француз тилларидан сабоқ берилаяпти. Масалан, инглиз тили биринчи синф ўқувчиларига ўйин ҳамда оғзаки нутқ шаклида ўтилаётган бўлса, иккинчи синфда унинг алифбоси, грамматикаси ва ўқиш қоидалари ўргатилаётир.
— Мутахассислар чет тилларни болаликданоқ эгаллаб бориш энг тўғри ҳамда самарали эканлигини кўп бора таъкидлашади, — дейди туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими услубчиси Нилуфар Ишқувватова. — Шу маънода айни пайтда 1, 4-синфларнинг ўқув режасига ҳафтасига 2 соатдан чет тили машғулотлари киритилгани айни муддао бўлди. Бундан ташқари, илгари 5, 9-синфларда ушбу фан 3 соатдан, жами 510 соат ўқитилган бўлса, эндиликда 782 соат ажратилган. Ўтган қисқа фурсатнинг ўзиёқ бу саъй-ҳаракатлар нечоғли тўғри бўлганини кўрсатаяпти.
Одатда, мактаб ёшидаги болалар табиатан ўйинқароқ бўлади. Уларнинг дарсга қизиқиши, фаол қатнашиши, уйга берилган вазифаларни мустақил, ўз вақтида тайёрлашига эришиш учун ўқитувчи интерфаол усуллардан кенг фойдаланиши лозим. Хорижий тилларни пухта эгаллаш учун қанчалик қунт ва сабот керак бўлса, педагогдан ҳам шунчалик катта маҳорат ҳамда фидойилик талаб этилади. 
Тумандаги 5-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Марям Холматова ана шундай касб фидойиларидан. Муаллима ўқувчиларига таълим беришда замонавий ахборот-коммуникация ва педагогик технологиялардан самарали фойдаланишга, ўғил-қизлар тафаккурига кўргазмали қуроллар, дарсга оид санъат намуналарини намойиш этиш орқали кўпроқ таъсир ўтказишга ҳаракат қилади. Унинг ташаббуси билан яқинда худди шу мактабда педагог кадрларнинг замонавий ахборот-коммуникация воситалари ҳамда илғор педтехнологияларни қўллаш бўйича доимий ўқув-семинарларини ўтказиш йўлга қўйилди. Машғулотларни олиб боришда Тошкент давлат педагогика университетининг етакчи профессор-ўқитувчилари билан яқиндан ҳамкорлик қилинмоқда.
— Мактабимиз инглиз тили фанидан туманимизда “Маҳорат мактаби” деб танланди, — дейди педагог. — Бу зиммамизга катта масъулият юклайди. Биласизми, ўқитувчи изланувчан ва ижодкор бўлиши лозим. Айтайлик, дарс вақтида хилма-хил интерактив усуллардан фойдаланиши зарур. Ўқувчиларимиз дарслардан ташқари тўгаракларда ҳам фаол қатнашадилар. Аслида тил ўрганиш боланинг қобилиятини тоблайди, унинг имкониятларини кенгайтиради. Шу маънода, ҳозир кўплаб шогирдларимизнинг инглиз тилида бийрон сўзлашини кўриб, ҳавасингиз келади.
Албатта, хорижий тилларни ўқитишда умумтаълим мактаблари моддий-техник базасининг яхшиланиши муҳим аҳамиятга эга. Бу ишни талаб даражасига кўтариш учун мамлакатимизда “Умумтаълим мактабларининг чет тили кабинетларини замонавий ахборот-коммуникация ва ўқитишнинг техник воситалари ва анжомлари билан жиҳозлаш” лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Мазкур лойиҳа асосида Пискент туманидаги мактабларнинг хорижий тиллар хоналари замон талабларига мувофиқ жиҳозланди. Биринчи синфларда сабоқ олаётган 1393 ўқувчига ушбу фан бўйича дарсликлар ажратилди. Бундан ташқари, таълим муассасалари марказлашган ҳолда компьютер техникалари, проекторлар, ноутбуклар, махсус доскалар, луғат ва кўргазмали воситалардан иборат жами 38 миллион 490 минг сўмлик жиҳоз ҳамда ўқув қуроллари билан таъминланди.
— Мактабимизда чет тилларни ўрганиш тарғиботига бағишланган ранг-баранг тадбирлар, ижодий кечалар, тўгарак машғулотлари ва турли танловлар ўтказишни мунтазам йўлга қўйганмиз, — дейди тумандаги 1-умумтаълим мактаби директори, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳибаси Марҳабо Қурбонова. — Булар ўқувчиларимиз билими тобора мустаҳкамланиб бориши, бошқача айтганда, “тили қотиб қолмаслиги” учун яхшигина маҳорат мактаби бўлаяпти. Ўқувчиларимиз орасида чет тиллари бўйича туман, вилоят ва ҳатто, республика фан олимпиадаси ғолиблари бор. Ҳақиқий муаллим учун шогирдлари эришаётган ютуқларни кўришдан ортиқ бахт бўлмаса керак.
Болаликда олинган билимни бамисоли тошга ўйилган нақшга менгзайдилар. Бугун мактаб остонасини илк бор ҳатлаётган ҳар бир ўғил-қиз чет тилларнинг мафтункор оламига қадам қўймоқда. Насиб этса, келгусида улар эл-юртимиз шуҳрати ва салоҳиятини бутун дунёга кўз-кўз этадилар.


Ғайрат ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn