Интеллектуал салоҳиятли ёшлар — таянчимиз ва суянчимиз
  • 28 Октябрь 2014

Интеллектуал салоҳиятли ёшлар — таянчимиз ва суянчимиз

“Маънавият — инсонни руҳан покланиш, қалбан улғайишга чорлайдиган, одамнинг ички дунёси, иродасини бақувват, иймон-эътиқодини бутун қиладиган, виждонини уйғотадиган беқиёс куч, унинг барча қарашларининг мезонидир”.

Юртбошимизнинг “Юксак маънавият — енгилмас куч” номли асарида келтирилган ушбу таъкид, шак-шубҳасиз, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида бошланган “Infolib — 2014” учинчи миллий ахборот-кутубхона ҳафталигининг мазмун-моҳиятини белгилаб берди.
Ўзбекистон Миллий кутубхонаси томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси, Матбуот ва ахборот агентлиги, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур ҳафталикнинг очилиш маросимида депутатлар, турли вазирлик ва идоралар, юртимизда фаолият юритаётган хорижий ваколатхоналар вакиллари, ўқитувчи-мураббийлар, маънавият тарғиботчилари, кутубхона мутахассислари ҳамда талаба-ёшлар қатнашди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда ўсиб келаётган ўғил-қизларнинг билимини ҳар томонлама бойитиш, маънавиятини юксалтириш, энг муҳими, дарсдан кейинги бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун барча қулайлик яратилган. Жумладан, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси энг замонавий андозалар асосида бунёд этилган бўлиб, бугунги кунда унинг бағрида етти миллион нусхага яқин китоб сақланмоқда. Қўлёзма ва ноёб асарларнинг электрон муқобили ҳам мавжуд. Кутубхонада китобхонларга замонавий ва сифатли хизмат кўрсатиш учун барча имконият мавжуд. Етти юз ўринли 11 ўқув зали илғор технологиялар асосида жиҳозланган бўлиб, Wi-Fi тизимига эга. Худди шунингдек, республикамизнинг барча ҳудудларида аҳолига ахборот хизмати кўрсатишни кенгайтириш ва яхшилашга кўмаклашадиган замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда янги дастурий маҳсулотларни жорий этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётир.
Ҳафталикнинг “Очиқ эшиклар куни” деб номланган биринчи кунида республикамизнинг етакчи нашриётларида чоп этилган янги адабиётларнинг кўргазмаси ўтказилди. Мазкур кўргазмага қўйилган турли соҳага оид китобларнинг дизайни ҳамда сифати йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди.
— Энг сара китобларимизни кўргазмага олиб келдик, — дейди “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи ходими Мавлон Холиқов. — Ушбу нашрлар ёшларимизнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириши,  шу билан бирга, китобга бўлган меҳрини жўш урдиришига ишончим комил. Шу маънода айтганда, бундай тадбирлар ҳар биримиз, айниқса, ёшларимизнинг китобхонлик маданиятини юксалтиришга хизмат қилади.
Тадбир доирасида ўтказилган “Замонавий ахборот-кутубхона муҳитида рақамли макон ва медиа контент” мавзуидаги “Бетгерхонлик — 2014” давра суҳбатида эса ахборот-кутубхона муассасаларининг таълим-тарбия жараёнидаги ўрни, навқирон авлодни  ахборот хуружларидан муҳофаза этиш хусусида мулоҳазалар юритилди. Бу борада мустаҳкам ҳуқуқий база яратилганлиги қайд этилди.
Шунингдек, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳамда ЮНЕСКОнинг юртимиздаги ваколатхонаси ҳамкорлигида кутубхона иши билан шуғулланувчи мутахассислар учун маҳорат дарслари ўтказилди. Унда мутахассисларнинг китобларни таъмирлаш, муқовалаш, сақлашнинг замонавий инновацион методларига эътибор қаратилди.
31 октябрга қадар давом этиши кўзда тутилган  “Infolib — 2014” миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги доирасида зиё масканларига экскурсиялар ташкил этилиб, давра суҳбатлари, маърифий акциялар, кўргазмалар ўтказилади. Шу билан бирга, эл ардоғидаги ижодкорлар, устоз санъаткорлар, ёш ижрочилар, мусаввирлар, режиссёрлар ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида ҳам бир қатор учрашувлар уюштирилади.

Дилмурод СОДИҚОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn