— Амарант шифобахш ўсимлик номи бўлиб, унинг асл ватани Жанубий Америка ҳисобланади, — дейди марказ директори, физика-математика фанлари номзоди Мўйдинжон Мўминов. — Маҳаллий ҳиндулар мазкур гиёҳнинг фойдали хусусиятларини
8 минг йил илгари билганлар. Биз уни обдан тадқиқ этганимиздан сўнг, иқлимимизга мослаштиришга қарор қилдик. Натижада ўсимлик мойига бой бўлган амарантнинг дони, пояси ва ҳатто баргидан ҳам фойдаланиш мумкинлиги аён бўлди. У доривор, тетиклаштирувчи ва озуқа хусусиятларига ҳам эга. Минерал ўғит ва кимёвий қўшимчаларсиз униб-ўсади. Суғориш учун маккажўхорига нисбатан беш баробар кам сув талаб этилади. Томир тизими тупроқ таркибини яхшилаш хусусиятига эга.
Айни пайтда Избоскан туманидаги “Оллоберди асали” фермер хўжалигига ажратилган 1 гектарли тажриба майдонида ушбу ўсимлик парвариш қилинаяпти. Шу кунгача ўсимлик пояси 2,5 метргача бўй чўзди. Ҳозирдан Германиянинг “AEN Engineering GmbH & Co” компанияси ушбу лойиҳани қўллаб-қувватлаб, яқин истиқболда етиштириладиган ҳосилни тўлиқ сотиб олишга қизиқиш билдирди.
Дарҳақиқат, гектаридан 70 центнергача ҳосил берадиган мазкур ўсимлик донининг бир килограмми жаҳон бозорида 50 долларгача сотилмоқда.
Саидаҳмад ШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.