Баъзан хаёлимдан собиқ шўролар даври мактаблари ўзи мактабмиди, деган ўй ўтади. Буни бежиз айтмаяпман. Ўша пайтларда ишлаганлар бунга қўшилса керак. Таъмирталаб синфхона, эскирган, синган парта, алмисоқдан қолган ўқув қуроллари. Ҳозирги мактаблар-чи?! Иккисининг ўртасида осмон билан ерча фарқ бордир-ов. Бугунги мактаблар нафақат таълим-тарбия муассасаси, айни чоғда ёшларимиз учун юксак парвозлар маскани сифатида ҳам ўзини тўла намоён этмоқда.
Кечагидек ёдимда. Президентимиз эски қолипдаги таълим тизимидан воз кечиб, янги, замонавий, илғор ва ўзимизга хос тизимни жорий этишга киришдилар. Дастлаб соҳанинг мустаҳкам қонунчилик асослари яратилди. “Таълим тўғрисида”ги Қонун ҳамда Кадрлар тайёрлаш миллий дастурига сингдирилган ҳаётбахш ғоялар ўқувчи-ёшларимизнинг билим ва салоҳияти, халқаро фан олимпиадаларида эришаётган ютуқларида ўзини яққол намоён этди. Энг муҳими, миллий таълим тизимимиз хорижликлар томонидан ҳам эътироф қилинди, ўзбек мактабини дунё таниди.
Аслида шундай озод ва обод юрт ўқитувчиси бўлишнинг ўзи тақдирнинг гўзал битигидир. Айни чоғда ҳар биримизнинг қалбимизда ана шу тақдирни иншо этган истиқлол кайфияти ҳукмрон. Ишончим комил: ўқитувчилар ва устоз-мураббий қўлида бугун таълим-тарбия олаётган ўқувчиларимиз эртага, албатта, она-Ватанимизнинг шон-шуҳратини бундан-да юксакларга кўтарадилар.
Зуҳра ЭРКАБОЕВА,
Қўшработ туманидаги
34-умумтаълим мактаби ўқитувчиси,
«Шуҳрат» медали соҳибаси.