Ер ости сувлари ёрдамида совитилади
  • 03 Июнь 2014

Ер ости сувлари ёрдамида совитилади

Урганч давлат университети олимлари ёз фаслида тураржой ва офис биноларини ноанъанавий усулда совитиш технологиясини яратишди. Унга кўра, ҳаво ҳарорати мўътадиллигини таъминлашда ер ости сувларидан фойдаланилади.

Маълумки, 8-10 метр чуқурликдан насос ёрдамида тортиб олинган сув цельсий шкаласи бўйича ўрта ҳисобда +15 даражага эга бўлади. Шундан сўнг у кичик вентилятор жойланган иссиқлик алмашиниш қурилмасидан ўтказилади. Натижада 15-16 даража ҳароратдаги сув махсус найлар устидан ўтган ҳавони совитиб, хонада 20-25 даражагача бўлган ҳарорат таъминланади. Эътиборлиси, мазкур жараёнда фойдаланилган сув ер остига қайтарилиши ёки экинларни суғоришда қўлланилиши мумкин.
Айни пайтда ушбу камхарж ҳамда экологик жиҳатдан безиён технология Урганч давлат университети спорт залларида қўлланилмоқда. Лойиҳа Ўзбекистонда Глобал экологик жамғарманинг Кичик грантлар дастури доирасида амалга оширилди.

Ойбек РАҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn