«Олам аҳли билингизким, иш эмас душманлиғ...»
  • 19 Апрель 2014

«Олам аҳли билингизким, иш эмас душманлиғ...»

Навоий инсонийлик, тинчликсеварлик, маърифатпарварлик ғояларини юксак маҳорат билан тараннум этган улуғ ижодкордир. Шу жиҳатдан у жаҳон адабиётининг ёрқин сиймолари — Ҳомер ва Данте, Рудакий ва Фирдавсий, Низомий ва Саъдий қаторидан муносиб ўрин олган.

Озарбайжон шоири Фузулий Алишер Навоий ижодига юксак баҳо бериб, уни “Султони салотини шуъаро” деб атагани, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Алишербек назири йўқ киши эрди. Туркий тил била то шеър айтибтурлар, ҳеч ким онча кўп ва хўб айтқон эмас”, дегани ҳам бежиз эмас.
Маълумки, бобокалонимиз ҳаётининг охирги йилларида бутун умри мобайнида ёзган шеърларини “Хазойин ул-маоний” номи билан 4 та девонга тақсимлаган. Ушбу девонлар
XV асрдаёқ нафақат Мовароуннаҳр ва Хуросонда, балки Туркия, Эрон, Озарбайжон, Ҳиндистон, Шарқий Туркистон ва бошқа ўлкаларда ҳам катта шуҳрат қозонган. Бу шеърлар мазмун тузилиши бўйича ишқий, фалсафий, дидактик ва ижтимоий-сиёсий, шунингдек, ҳаётий тасвир руҳида бўлиб, улар бадиий юксаклиги жиҳатидан ҳам ўз даври назмининг мислсиз намуналаридан ҳисобланган.
Навоий шеърияти инсон ва инсоннинг ҳаёт тарзи ҳақидаги сабоқлар тўпламидир. Унинг деярли барча асарларида эзгулик, саховат, ҳиммат, инсофу адолат, сабру қаноат каби ахлоқий хислатлар  мадҳ этилади. Ҳасад, ёвузлик, адоват, бахиллик, хасислик, тамагирлик, ёлғончилик, дунёга ҳирс қўйиш каби иллатлар қораланади. Ул зот инсонни камолот сари интилишга чорлайди, умр абадий эмаслигига бот-бот ишора қилади ва шу боис ҳеч бир инсон ўз ҳаётида пушаймон бўлмаслик учун эзгу ишларни амалга ошириши лозимлигини уқтиради.
Алишер Навоий асарларида кўзга яққол ташланиб, барчага ибрат бўлгулик яна бир хусусият борки, у ҳам бўлса бағрикенглик ва олижанобликнинг улуғланишидир. Чунончи улуғ шоир инсониятни жинси, ирқи, миллати ёки диний эътиқодига қараб эмас, балки уларнинг  хислатларига қараб баҳолаш лозимлигини таъкидлаб ўтади. Шунга биноан, Навоий асарларида ҳар хил ирқ ва эътиқодга мансуб кишилар куйланган, у ўз қаҳрамонларини турли ўлка ва халқларнинг фарзандлари сифатида тасвирлайди:
...Кўнгулни олса малоҳат била тафовут йўқ,
Хитойи ўлсину ё армани ва ё ҳинду.
Ҳусн чун жилва қилур, оқу қорада йўқ фарқ,
Кишига келса бало-хоҳи Хито, хоҳи Ҳабаш.
Мен тилаб ҳусн, вале шоҳ тилаб аслу насаб
Менга лўли била ҳинду, анга қўнғироту қиёт.
Мана, орадан асрлар ўтибдики, қомусий билимларни ўзида мужассамлаштирган улуғ мутафаккирнинг жаҳон маданияти хазинасидан муносиб ўрин эгаллаган ўлмас асарлари янгидан-янги авлодга хизмат қилиб келмоқда. Унинг бой ва улкан мероси умуминсоний маданият хазинасига бебаҳо ҳисса бўлиб қўшилди. Уларда буюк келажак, порлоқ ҳаёт билан боғлиқ олижаноб фикрлар олға сурилган. Шунинг учун бўлса керакки, Навоий асарлари ҳам макон, ҳам замон билан доимо ҳамоҳанг, ички мутаносибликка эгадир. Шоиримиз комил инсоннинг олий вазифаси ҳақида шундай деб ёзган эди:
Одами эрсанг, демагил одами,
Они ким йўқ халқ ғамидин ғами.
Навоий ижодида ҳаётга муҳаббат инсоннинг миллатидан, ирқидан ва диний мансублигидан қатъи назар, унинг қадр-қимматини улуғлаш, халқлар ўртасида дўстлик, биродарлик, тинчлик ва ҳамжиҳатлик каби эзгу ғоялар билан суғорилган. Айниқса, ҳозирги кунимизда турли минтақаларда рўй бериб турган миллат ва элатлараро жанжалу можароларни олдиндан кўра билган буюк Навоийнинг безавол ўгитлари инсоният тарихининг барча даврлари учун ҳамоҳангдир:
Олам аҳли билингизким, иш эмас душманлиғ,
Ёр ўлунг бир-бирингизгаким, эрур ёрлиғ иш.

Саидбек ҲАСАНОВ,
ЎзР ФА Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи директори,
филология фанлари доктори, профессор.

Одоб — маънавият чироғи
Алишер Навоий асарларидаги асосий ғоя инсон камолотидир. Шоир жамият ҳаётини синчковлик билан таҳлил қилади, инсоният тарихига назар ташлайди. Шу кузатишлар асносида ниятнинг эзгулиги, комиллик сари интилиш инсонни юксалтиришига ишора қилади.
Навоийнинг эътирофича, комилликка эришиш, шарафга ноил бўлишнинг асосий шарти ёмон ахлоқни бартараф этишдир:
Бордир инсон зотида онча шараф,
Ким ямон ахлоқин этса бартараф.
Шоир “Ҳайрат ул-аброр”да инсонни мукаррам этувчи фазилатлар ҳамда тубанликка бошловчи иллатлар хусусида ҳам фикр юритади. Мансаб, мартаба, бойлик одоб ўрнини боса олмайди, дейди Навоий:
Элга шараф бўлмади жоҳу насаб,
Лек шараф келди хаёву адаб.
Одоб ва одобсизлик ўртасидаги масофа у қадар узоқ эмас. Ҳатто кулги ҳам меъёридан ошса, одобсизлик ҳисобланади:
Кулгуки ўз ҳаддидин ўлди йироқ,
Йиғламоқ андин кўп эрур яхшироқ.
Кишининг ўз ўрни ва ҳаддини билиши, ўзгалар ҳақига риоя этиши ҳам одобдан далолатдир:
Гарчи адаб шарти бағоят керак,
Ҳар киши таврида риоят керак.
Навоий оила масаласига алоҳида эътибор қаратади. Инсон оилада ҳам одоб шартларига риоя этиши лозим. Оила бошлиғи рафиқаси ва фарзандлари учун масъулдир. Фарзандларга яхши исмлар қўйиш ота-онанинг фарзи ҳисобланади. Зеро, фарзандлар исмлари туфайли уялиб юрмаслиги керак:
Бириси қўймоқлик эрур яхши от,
Ким десалар етмагай андин уёт.
Ота-онанинг фарзанд олдидаги бурчларидан яна бири унга таълим беришдир. Илмли киши яхши-ёмонни фарқлайди, умрини беҳуда ўтказмайди. Навоий бу масалага жиддий эътибор беради:
Қилмоқ эрур бири муаллим талаб,
Қилғали таълим анга илму адаб.
Пок ният, бировнинг мулкига кўз олайтирмаслик, барчага бирдек эҳтиром кўрсатиш, камтарлик, сабр-тоқат, вафо, садоқат, ҳаё ҳам баркамол инсоннинг фазилатлари эканини таъкидлаган шоир одобнинг муҳим шартларидан бири ота-онанинг ҳурматини жойига қўйиш эканига диққатимизни қаратади, улар ризосини олишга ундайди.
Навоийнинг ишқ, муҳаббат, вафо ҳақидаги фикрлари ҳам қимматлидир. Шоирнинг севги бобидаги истаги қатъиятли янграйди:
Бўлмаса ишқ, икки жаҳон бўлмасун,
Икки жаҳон демаки, жон бўлмасун.
Шоирнинг фикрига кўра, ҳақиқий муҳаббатнинг макони — кўнгил. Бу илоҳий туйғу турли ҳирслардан, турфа илинжлардан холи. Ошиқ шундай инсонки, “Эрур дарднок, Ҳам тилу ҳам кўзи-ю ҳам кўнгли пок”. Ишқ ўти ошиқни поклайди, “юзини сариғ, кўзини ариғ” қилади. Чунки ошиқнинг “жонида жонон ғамидин ўзга йўқ”. Шунинг учун севмоқ — саодат:
Кимки бу куймак анга одат дурур,
Дунё уқбода саодат дурур.
“Ҳайрат ул-аброр” достонида ростгўйлик ва ёлғончилик, илмнинг қадри, элга хизмат, одамгарчилик, сўзнинг сеҳри, тўғрилик ва ўғрилик, ҳаёт ҳикмати, умр фасллари, дунёнинг ўткинчилиги, майнинг зарари ҳақидаги фалсафий фикрлар талқини инсонни мушоҳадага ундайди. Хусусан, шоирнинг инсон умри тўғрисидаги қуйидаги мисралари кўнгилдан чуқур жой эгаллайди:
Шод ани бил даҳрда ким ғам емас,
Даҳр иши чун ғам егали арзимас.
Чунки жаҳон боғи вафосиз дурур,
Умр гули анда бақосиз дурур.
Бақосиз умр гулига кўнгил боғламаслик, ҳаётнинг ҳар лаҳзасидан самарали фойдаланиш, хайрли ишлар салмоғини орттириш, “яхшилик била от чиқариш саодати”га интилиш, мунир кунлар соғинчи, баркамоллик, эл осойишталиги Навоийнинг эзгу орзуларидир. Навоий асарлари асрлар оша яшаб келмоқда, авлодларга комиллик йўлини кўрсатмоқда.

Ибодат БОЗОРОВА.

РУБОИЙЛАР
Гар ошиқ эсанг, меҳру вафо қилма ҳавас,
Дард иставу дафъиға даво қилма ҳавас,
Ҳижрону висол мутлақо қилма ҳавас,
Дилдорингдин ғайри ризо қилма ҳавас.

Кўнглумни ғаму дард ила қон айлади ишқ,
Кўз йўлидин ул қонни равон айлади ишқ,
Ҳар қатрани билмадим қаён айлади ишқ,
Бедил эканим буйла аён айлади ишқ.

Менменму висол умидидин шод ўлғон,
Бир-бир ғаму андуҳдин озод ўлғон.
Оз-озғина берган сойи гул атри насим,
Булбулдек ишим нолаву фарёд ўлғон.

«...Гулларга қўл узатсам...»
Бобокалонимиз Алишер Навоийнинг саховатпеша ва ҳимматпарварлиги, бунёдкорлиги ҳақида халқимиз орасида кўп ривоятлар бор. Шу билан  бирга, ул азиз зотнинг ҳазил-мутойибага уста эканликлари, тагдор иборалар билан давра аҳлини қойил қолдиришлари хусусида тарихий манбаларда ҳам кўпгина маълумотлар учрайди.
Хусусан,  Зайниддин Маҳмуд Восифийнинг “Бадоеъ ул-вақоеъ” (“Ажойиб воқеалар”) китобидаги мана бу ҳикоя, айниқса, қизиқарлидир: “Беҳзод бир куни Алишер мажлисига бир суратни келтирди: суратда — гулзор, хилма-хил дарахтлар; уларнинг шохларида сайраб турган ранго-ранг, гўзал қушлар; чор атрофда — шариллаб оқиб турган ариқлар, очилиб турган гуллар — дилдор бир манзара тасвирланган эди. Навоий ўзи эса бу суратда ҳассага суяниб турган ҳолда тасвирланган, унинг олдидаги табақлар олтин ва кумуш сочиқ билан тўла эди. Алишер бу суратни кўриб қувонди ва таҳсин ўқиди. Кейин у меҳмонларига мурожаат қилиб сўради: “Бу ажиб суратга баҳо ва мақтов борасида сизларнинг хаёлингизга нималар келаётир?” Алишернинг устоди ва Хуросоннинг энг машҳур кишиларидан бири Мавлоно Фасиҳиддин деди: “Бу очилган гулларни кўрганимда, қўлимни узатиб, улардан бирини узиб олиб, салламга таққим келди”. Алишернинг доимий суҳбатдоши ва надими Мавлоно Соҳиб Доро деди: “Менда ҳам шундай тилак туғилди, аммо мен, агар гулларга қўл узатсам, бу қушлар чўчиб, учиб кетмасмикинлар, деб қўрқиб турибман”. Алишернинг доимий ҳазилкаши, Хуросон латифагўйларининг пешқадами Мавлоно Бурҳон айтди: “Мен ҳам суратга қараб, жим ва қимирламай туришим лозимлигини тушундим, чунки Амир Алишер ҳазратлари ғазабга келиб, қовоқларини солиб олмасинлар”. Хуросоннинг зарифларидан (қизиқ сўз усталаридан бири), Алишер томонидан “латифатарош” деб ном олган Мавлоно Муҳаммад Бадахший айтди: “О, Мавлоно Бурҳон, агар одобсизлик бўлмаса эди, мен Алишернинг қўлидаги ҳассани олар эдим-у, шу сўзларинг учун бошингга бир солар эдим”. Алишер ҳазратлари дедилар: “Азиз суҳбатдошлар, яхши сўзлар айтдингиз ва сўз дурдоналарини сочдингиз. Миннатдорман. Агар Мавлоно Бурҳон шу дағаллик ва одобсизлигини қилмаса эди, мен шу табақлардаги олтин ва кумушларни сизларнинг бошларингизга сочмоқчи бўлиб туриб эдим”. Мажлис аҳли завқланиб кулди. Шундан кейин Алишер Беҳзодга эгар-жабдуқлари билан бир от ҳадя қилди, мажлис аҳлининг ҳар бирига эса қимматбаҳо тўнлар кийгизди”.

Отабек ИСМОИЛОВ тайёрлади.

ТЎРТ ҲИКМАТ
Илм ўқуб қилмаган амал мақбул,
Дона сочиб кўтармади маҳсул.

Ва лекин тиббу ҳикмат ҳам эрур хўб,
Ки сиҳатдур киши жисмида матлуб.

Кўп демак бирла бўлмағил нодон,
Кўп емак бирла бўлмағил ҳайвон.

Сиҳат тиласанг кўп ема, Иззат тиласанг кўп дема.
Мустазод Эй, ҳуснунгга зарроти жаҳон ичра тажалло, мазҳар санга ашё,
Сен лутф била кавну макон ичида мавло, олам санга мавло.
Ҳар ён кезарам телба сифат токи ёшундунг кўздин пари янглиғ,
Мажнундин ўзин токи ниҳон қилмади Лайло, ул бўлмади шайдо.
Урён баданим захмлари ичра эмас қон, юз пора кўнгулдур,
Бу равзаналардин қиладур ҳар бири, яъни ҳуснунгға тамошо.
Ҳар  ён  назарим тушса, сен оллимда турурсен, кўрмас вале ағёр.
Равшандурур ушбуки, эмас қобили аъмо наззорайи байзо.
Ул нодирадинким, лақабин ҳур демишлар, ҳуснунг эрур аҳсан.
Ул манзарадинким, отидур жаннати аъло, кўйунг эрур аъло.
Зуҳд ичида топмади Навоий чу мақоме, эмди  қилур оҳанг,
Ким бўлғай улу бодаву бир турфа муғанний, муғ кулбаси маъво.
Ҳар гавҳари туфроғ уза бир қатра сув янглиғ тушгач адам ўлғай,
Гар қилмаса ишфоқ этибон хусрави Ғозий назминг сори парво.

Эътироф ва эҳтиром
Алишер Навоий Саййид Ҳасан Ардашер, Паҳлавон Муҳаммад каби устозлардан таълим олган, Абдураҳмон Жомий билан ижодий ҳамкорликда бўлган.
Навоий 1480 — 1500 йиллар мобайнида ўз маблағлари ҳисобидан бир неча мадраса, 40 работ (сафардаги йўловчилар тўхтаб ўтиш жойи), 17 масжид, 10 хонақоҳ, 9 ҳаммом, 9 кўприк, 20 та ҳовуз қурдиради.
Ҳусайн Бойқаро Алишер Навоийга «Муқарраби ҳазрати султоний» («Султон ҳазратларининг энг яқин кишиси») деган унвонни беради. Унга кўра, Навоий давлатнинг барча ишларига аралаша оларди.
Алишер Навоий таржимаи ҳоли ўз даврида Хондамир, Восифий, Ҳусайний, Бобур каби тарихчи ва давлат арбобларининг асарларида акс этган.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn