Бебаҳо хазина
  • 11 Апрель 2014

Бебаҳо хазина

Сурхон замини азал-азалдан одамларни ҳайратга солиб келади. Масалан, воҳа жануби — Термизда ёзнинг чилласида қум устида тухум пишса, Бойсун, Чўлбайир тоғларидаги булоқлардан ҳосил бўлган дарёларнинг сувига қўл солсангиз, нақд музлатади. Булардан ташқари, бу заминда Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоб”идан жой олган кўплаб ноёб жониворлар ва ўсимликларни ҳам учратиш мумкин.

— Она-табиат неъматларини асрашда, айниқса, “Сурхон” давлат қўриқхонаси жамоасининг хизмати катта, — дейди вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза ва назорат қилиш инспекцияси бошлиғи Раҳмиддин Қодиров. — 1987 йилда ташкил этилган мазкур қўриқхона Кўҳитанг тоғининг шарқий ёнбағирларида жойлашган. Ҳудуди Шеробод туманига қарашли, ўарбдан Туркманистон Республикаси билан чегарадош бўлган ушбу маскан воҳанинг бебаҳо бойлиги саналади. Бу ерда Кўҳитанг тизмасидаги тоғ-ўрмон экотизими, ноёб ҳайвонот ва ўсимлик дунёси муҳофаза этилмоқда. Қўриқхонанинг умумий майдони 24554 гектар бўлиб, шундан 9284 гектари тоғ ўрмонларидир. У денгиз сатҳидан 850 — 3137 метргача баландликда бўлиб, энг баланд нуқтаси — Айрибобо тоғи.
Таъкидлаш керакки, қўриқхона ҳудудидаги сой ва жилғалар суви Шеробод дарёсига қуйилади. Кўп ҳолларда бу сувлар манзилга етолмасдан сойларда қолиб кетади. Лайлагансой, Мачиллисой, Хўжақонсой, Бешболасой, Шахтасой, Қизилолмасой, Кампиртепасой йирик сойлардан саналади. Энг серсув Лайлагансой тик ва тор бўлган Тангидевол дарасидан оқиб ўтади. Ҳозирги кунга қадар олимлар томонидан мазкур ҳудудда 600 дан ортиқ ўсимлик тури ўрганилган. Улардан 20 дан зиёди камёб ва муҳофазага муҳтож бўлганлиги боис “Қизил китоб”га киритилган. Туберген лоласи, Сурхон лоласи, анзур пиёзи, илонбаргли пиёз, қизил ер астрагали, Бойсун астрагали, ширачларнинг бир неча тури шулар жумласидан. Қўриқхонанинг қуйи қисми адирликлардан иборат бўлиб, бу ерларда ранг(илоқ), қўнғирбош, майиншувоқ, қўзиқулоқ, каррак, лолақизғалдоқ, андиз, ширач, наъматак, далачой, ёввойи пиёз ўсади. Қўриқхонада сут эмизувчиларнинг 20, қушларнинг 70, судралиб юрувчиларнинг 15 дан ортиқ турларини учратиш мумкин. Ҳайвонларнинг 14 тури юртимиз “Қизил китоб”ига, 4 тури эса халқаро “Қизил китоб”га киритилган. Улар орасида морхўр ёки ўрама шохли эчки, Бухоро тоғ қўйи, бўз эчкемар, Туркистон капчабош илони, бургут, болтаютар, Туркистон силовсини ва бошқа ноёб жониворлар бор.Ўлкамизга кириб келган кўклам “Сурхон” давлат қўриқхонасига ўзгача файз-тароват бағишлади. Қўриқхона илмий ходимлари унинг гўзаллигига яна чирой қўшиш, ушбу маскандаги ҳайвонот ва наботот оламини чуқур ўрганиш ҳамда муҳофаза қилиш чора-тадбирларини янада кучайтиришган.

 

Нормурод ТЕМИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn