Мингйиллик кўллар мавжи
  • 11 Апрель 2014

Мингйиллик кўллар мавжи

Қадимда Хоразм воҳасини “Минг кўллар ўлкаси” деб аташган. Ҳозирги кунда ҳам бу ерда  80 га яқин кўллар мавжуд бўлиб, уларнинг умумий сатҳи 6 минг гектардан ошади. Кўлларга туташ қумликларда ўсадиган саксовул, қандим каби ўсимликлар, шунингдек, туронғил, жийда ва юлғун дарахтларидан ҳосил бўлган тўқайзорларда  тўнғиз, бўрсиқ, тулки, қуён, тўқай мушуги ва ҳар хил қушлар макон  қурган.

Ботқоқ ва сувли шароитга мослашган янтоқ, қамиш ва бошқа ўт-ўланларга бурканган серсув кўллар бўйлари эса айни баҳор чоғида учиб ўтадиган ёввойи қушлар учун озиқланиш, тин олиш маскани ҳисобланади. Кўлларда балиқнинг лаққа, сазан, чўртан, илонбоши каби турлари, шунингдек, мўйнали жониворлар ҳам учрайди.
Кўлларнинг тарихи минг йилларга бориб тақалади. Янгиариқ туманида жойлашган Улли Шўркўл — қадимий сув ҳавзаларидан бири. Унинг сатҳи 1 минг 300 гектардан иборат бўлиб, энига 5 километр, узунасига 15 километргача чўзилиб кетган. Энг чуқур жойи 9 метргача етади. Уни “Озёрний” коллектори мунтазам сув билан таъминлаб туради.  Кўл ноёб балиқ ва ҳайвонот турларига бойлиги билан азалдан ном чиқарган. Бундан ташқари, ўрдак, ғоз, қашқалдоқ каби кўчиб юрувчи қушлар ҳам шу ерда қўним топади. Айни пайтда вилоятдаги барча табиий ва сунъий кўллар балиқчиликка ихтисослаштирилган 285 нафар юридик шахсга бириктириб берилган. Улар бу ерда балиқ етиштириш билан шуғулланишади. Натижада ўтган йили аҳолига 5 минг тоннадан ортиқ ана шундай маҳсулот етказиб берилди.
Айтиш жоизки, 2001 —2002 йилларда воҳада юз берган сув танқислиги оқибатида баъзи кўлларнинг қуриб қолиш хавфи пайдо бўлди. Бироқ хоразмлик мелиораторларнинг изланишлари туфайли муаммонинг ечими топилди: мелиорация тармоқларидаги обиҳаётнинг маълум қисми шу ҳавзаларга йўналтирилиб, истеъмолчиларни узлуксиз сув билан таъминлашга эришилди. Бунинг самараси ўлароқ, мавжуд сув ҳавзаларига яна тириклик  неъмати қайтди, балиқчилик ривожланди, мўйнабоп ондатралар кўпайди. Дарвоқе, ҳозир вилоятдаги баъзи табиий кўллар қайта тикланиб, уларда кенг қамровли қазиш ишлари амалга оширилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар натижасида келажакда ҳудудда яна 2 — 3 минг гектарлик сув ҳавзаси ташкил этиш имконияти яратилади. Вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг жонкуяр  ходимлари кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда воҳа табиатининг бебаҳо бойликлари — кўлларни, шу жумладан, унинг ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраб-авайлаш, муҳофаза қилиш, кўпайтириш бўйича мунтазам назорат ишларини олиб боришмоқда. Зеро, табиатнинг ажралмас бўлаги ҳисобланган сув ҳавзалари  ноёб хазина ва тириклик манбаидир.

 

Ойбек РАҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn