Мамлакатимизда қизлар спортига катта эътибор қаратилаяпти. Ҳар бир юртдошимиз ўзбек қизларининг жаҳон ареналарида қўлга киритаётган ютуқларидан фахрланади. Ўзимдан мисол, ўтган давр мобайнида юртимиз ва халқаро миқёсда ташкил этилган бир қатор мусобақаларда қатнашдим.
2015 йил эса мен учун унутилмас воқеаларга бой бўлди. Жумладан, Грузиянинг Тбилиси шаҳрида ташкил қилинган жаҳон чемпионатида 2-ўринни эгаллаб, кумуш медаль билан тақдирландим.
Ота-онам илгари бундай имкониятлар бўлмаганини, айниқса, қизларнинг спортда ўз иқтидорини намоён этишига шароит яратиб берилмаганини айтиб, бугунги кунларнинг қадрига етиш кераклигини уқтиришади.
Камтарона хизматларим юксак баҳоланиб, яқинда Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори бўлдим. Бу менга олам-олам қувонч бағишлайди. Ҳозир Нукус шаҳридаги 22-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида таҳсил олиш баробарида, бир нечта тилларни чуқур ўзлаштираяпман. Қолаверса, спорт соҳасида билганларимни болаларга ўргатиб келаяпман. Улар орасидан ҳам Ўзбекистонимиз байроғини баланд кўтарадиган спортчилар етишиб чиқиши, шубҳасиз.
Азиза БОЙЖИГИТОВА,
Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори.