Қураматоғда лочинлар парвози
  • 13 Декабрь 2015

Қураматоғда лочинлар парвози

Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан Оҳангарон воҳасида ташкил этилган медиатур шу йўналишдаги анъанавий тадбирлардан тубдан фарқ қилди.

Гап шундаки, мазкур экологик акция қўриқхона мутахассислари томонидан кўпайтирилган ноёб тоғ қушларининг бир гуруҳини эркинликка қўйиб юбориш мақсадида уюштирилди.
Маълумки, хилма-хил ўсимлик ва ҳайвонот олами мамлакатимизнинг бебаҳо табиий бойлиги ҳисобланади. Бинобарин, мустақиллик йилларида атроф-муҳит муҳофазаси бўйича қабул қилинган қонунлар, дастурлар юртимизда экологик хавфсизликни таъминлаш, биохилмахилликни сақлаш, ўсимлик ва ҳайвонот оламининг йўқолиб бораётган ноёб турларини кўпайтириш каби эзгу мақсадлар рўёбига хизмат қилмоқда. Хусусан, шу йилнинг ўзида ноёб жонзотларни тадқиқ этиш ва кўпайтиришга ихтисослаштирилган 7 та янги қўриқхона ташкил қилиниб, мавжудлари кенгайтирилди.
“Tugan Falconry Club” қўриқхонаси — шулардан бири. Ноёб қушларни кўпайтириш ва эркинликка қўйиб юборилганларининг табиий шароитга мослашишини кузатиш, мазкур йўналишда илмий тадқиқот олиб бориш муассаса жамоасининг асосий вазифаси саналади. Масалан, жорий йилда бу ерда Ўзбекистон “Қизил китоб”ига киритилган балобан зотли лочин полапонлари очирилди. Қисқа муддатда ушбу турдаги қушларнинг 50 таси табиат қўйнига қўйиб юборилгани эътиборлидир.
— Фаолиятимизда замонавий асбоб-ускуналар, коммуникация технологиялари ютуқларидан кенг фойдаланамиз, — дейди муассаса раҳбари Денис Цой. — Қўриқхонамиз кенг қамровли видеокузатув тизимига эга. Ҳар бир қушни идентификациялаш ва индивидуал тартибда ўрганиш мақсадида уларга махсус микрочиплар ўрнатиш лойиҳасини амалга ошираяпмиз.  
Тадбирнинг энг ҳаяжонли палласи етди. Қушлар ўзининг чинакам ошёни — тоғлар бағрига қўйиб юборилди. Озод жонзотлар баланд қоялар узра бир-икки айланиб, кўздан узоқлашди. Қураматоғнинг оппоқ қорга беланган Қизилтоғ тизмалари лочинлар парвози билан янада виқор ва салобат касб этгандек бўлди.

Ғайрат ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Ҳаётбахш неъматлар макони Биласизми? »