Экотизим ва биологик мувозанат
  • 18 Ноябрь 2015

Экотизим ва биологик мувозанат

Халқимиз “оқ қуйруқ” деб атайдиган сайғоқлар Ер юзидаги энг қадимий жониворлардан бири эканлигини кўпчилик билмаса керак. Соҳа мутахассисларининг эътироф этишича, мамонтлар билан бир даврда яшаган кийикларнинг ушбу тури иқлим ўзгаришлари ва бошқа таҳдидлардан эсон-омон ўтиб, бугунги кунга қадар етиб келган.

Бироқ сўнгги 15 — 20 йил ичида дунё бўйича уларнинг сони кескин камайиб, атиги беш фоизигина сақланиб қолинган.
Сайғоқлар чўл шароитига мослашган бўлса-да, жаҳоннинг саноқли давлатларида муқим қўним топган. Жумладан, Ўзбекистоннинг Устюрт кенгликларида табиий шароитда яшамоқда. Республикамиз “Қизил китоб”ига киритилган бу жониворлар Оролбўйи минтақаси экотизимининг ажралмас қисми, таъбир жоиз бўлса, биологик мувозанатнинг муҳим кўрсаткичи ҳисобланади. Унинг камайиб кетиши эса ҳудуд ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу маънода, 1991 йилда “Сайгачий” буюртмахонаси ташкил этилиб, бу ерда сайғоқлар ва Устюрт ясси тоғи фаунаси алоҳида муҳофаза остига олингани айни муддао бўлди.      
 Шу ўринда айтиш жоизки, ушбу буюртмахона фаолиятини такомиллаштириш, ишлар самарадорлигини ошириш давлатимизнинг доимий эътиборида турибди. Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 27 майдаги “2013 — 2017 йилларда Ўзбекистон Республикасида атроф-муҳит муҳофазаси бўйича ҳаракатлар дастури тўғрисида”ги қарори бу борада олиб борилаётган ишлар кўламини янада кенгайтириш имконини берди. Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан ҳаётга татбиқ этилаётган лойиҳалар оқ қуйруқларнинг табиий шароитда кўпайиш имконини янада кенгайтиришга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.
“Ўзбекистон нефть-газ соҳасига биохилмахилликни сақлаш тамойилларини интеграциялаш” лойиҳаси шулардан бири бўлиб, у қўмита ва Глобал экологик жамғарма кўмагида БМТ Тараққиёт дастури томонидан амалга оширилаяпти.
— 2010 — 2015 йилларга мўлжалланган мазкур лойиҳадан кўзланган асосий вазифалардан бири йўқолиб кетиш эҳтимоли остида турган сайғоқлар хавфсизлигини таъминлашдир, — дейди лойиҳа раҳбари Халилулла Шеримбетов. — Шундан келиб чиқиб, “Сайгачий” буюртмахонаси қўриқлаш статуси юқори бўлган миллий миқёсда қайта ташкил қилиниб, ўзининг ер майдони, бошқариш органи, молиялаштириш манбаи ва браконьерликка йўл қўймаслик учун инспекторлардан иборат штатига эга бўлаяпти. Ҳозирги пайтда буюртмахонанинг моддий-техника базасини ташкил қилиш бўйича барча чора кўрилмоқда, жойларда кенг тушунтириш ишлари олиб борилаяпти. Шунингдек, биохилмахилликни асраш масаласига бағишланган тегишли нашрлар чоп этилиши баробарида, табиатни муҳофаза қилиш тизими ва нефть-газ соҳаси ходимлари учун семинар-тренинглар ўтказилаётир. Бу каби саъй-ҳаракатлар, албатта, ўз самарасини беради, жониворлар сони секин-асталик билан барқарорлашиб боришини таъминлайди. 
Сайғоқнинг ўзига хослиги шундаки, у филникига ўхшаш, аммо калта хартумга эга. Пода-пода бўлиб яшаб, ўсимликлар, чўл яримбуталари билан озиқланади. Мутахассисларнинг фикрича, сайғоқлар камайиб кетишининг кўплаб омиллари бор. Яйловларнинг қисқариши, кўчиб ўтиш йўлларида сунъий тўсиқлар ўрнатилиши, юқумли касалликлар эпидемияси ана шулар жумласидандир. Бироқ асосий сабаб сифатида браконьерликнинг авж олгани айтилмоқда.
Гап шундаки, бу чўл жониворлари, асосан, қимматбаҳо шохлари учун овланмоқда. Оқибатда уларнинг сони шунчалик камайиб кетдики, бутунлай йўқ бўлиб кетиш эҳтимоли ҳам бор. Ўзбекистонда эса қисқариб бораётган кенжа тур таснифига киритилган.
— Лойиҳа доирасида экспедиция уюштирилиб, нафақат буюртмахона ҳудуди, балки Устюрт ясси тоғининг биохилмахиллиги ва унга таъсир кўрсатаётган ташқи омиллар бўйича дастлабки маълумотлар тўпланди, — дейди Халилулла Шеримбетов. — Шу асосда буюртмахона ҳудудида сайғоқ ва бошқа камёб жониворларнинг эмин-эркин кўпайиши учун мўлжалланган олтита махсус участка ҳамда иккита ҳимоя ҳудуди ташкил этилаяпти.
Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси мутахассисларининг айтишича, юртимизда биологик ранг-баранглик таъминланишида қарийб бир миллион гектар майдонни эгаллайдиган “Сайгачий” буюртмахонасининг алоҳида ўрни бор. Сабаби, бу ерда “Қизил китоб”га киритилган ўсимликларнинг 4 тури, ҳайвонларнинг эса 25 тури (шундан 15 тури қушлар) учрайди. Ҳаётга татбиқ этилаётган бу каби лойиҳалар эса бошқа камёб турларнинг ҳам кўпайишига қулай табиий муҳит яратишга хизмат қилиши, шубҳасиз.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn