Чинни гужум таровати
  • 28 Февраль 2014

Чинни гужум таровати

Бухородаги сўлим оромгоҳлар, тарихий-меъморий мажмуалар, шунингдек, “Ситораи Моҳи Хоса” музейи ҳовлисида бўлган кишининг эътиборини бири-биридан салобатли ва кўркам дарахтлар ўзига тортиши тайин. Улар орасида, айниқса, чинни гужумлар алоҳида ажралиб туради.

Худди атайин қилингандек, доирасимон шаклга кирган бу дарахт киши кўзини қувонтиради. Унинг сояси эса жазирама ёзда — жоннинг роҳати.
— Гужумлар Бухорода азал-азалдан ўстириб келинган, — дейди вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг масъул ходими Шовмиддин Пардаев. — Негаки, улар қурғоқчиликка чидамли. Гужум худди янтоққа ўхшаб 10-12 метр чуқурликкача илдиз отади. Барглари тукчалар билан қоплангани туфайли қуёш иссиқлигини ўтказмайди. Ҳаводаги намликни сўриб олиб, буғлантириш хусусияти кам. Бундан ташқари, унга зарарли ҳашаротлар ҳам таъсир қилмайди.
Гужумлардан тўрт, саккиз, ўн икки қаторли иҳотазорлар барпо этиш қум кўчкиларини олдини олиш, шамоллар йўлини тўсиш, иқлимни мўътадил сақлашда қўл келади. Ота-боболаримиз ундан ёғочбоп материал сифатида ҳам фойдаланишган. Ёғочидан тайёрланган дарвоза ва эшиклар пишиқлиги, мустаҳкамлиги боис узоқ йиллар хизмат қилган. Усталар дурадгорлик жиҳозлари ясашда ҳам гужум ёғочини ишлатишининг боиси шунда.
Мутахассисларнинг фикрича, гужум баргида ошловчи модда кўп. Ўтмишда кийим-кечак ва гиламлардаги доғларни кетказишда унинг барги асқатган. Шу маънода, гужумни ҳали чуқур ўрганилмаган табиат мўъжизаси, десак, адашмаймиз.
— Гужумлар иссиқ иқлим шароитига мос, — дейди  вилоят марказий давлат ўрмон хўжалиги бош директори Абдураззоқ Бобоқулов. — Қумликларда яхши ўсади. Тупроқни эрозиядан асрайди. У кўп озуқа талаб қилмагани учун ниҳолини парваришлашда ортиқча куч талаб этмайди. Биз ана шу омилларни инобатга олган ҳолда, гужум кўчатларини кўпроқ етиштираяпмиз. Айни пайтда Хоразм, Сирдарё, Жиззах вилоятларидаги корхона ва ташкилотларга шундай кўчатлар етказиб берилмоқда.
Бу борада Қоровулбозор, ўиждувон, Шофиркон ўрмон хўжаликларида катта тажриба тўпланган. Чинни гужумга келсак, у пайвандлаш йўли билан кўпайтирилади. Август — сентябрь ойларида оддий гужумга чинни гужум пайванд қилинса, чиндан ҳам, жуда чиройли манзара касб этадиган дарахтга айланади.

Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Туйғу

Эзгу ниятларга камол бўл, баҳор
Қайдасан, бодомгул, баҳор чечаги,
Қорларни қаритди қишнинг эртаги,
Дилларда бодрайди умид куртаги,
Ой бўлиб осмонда юз очгин, баҳор,
Кун бўлиб сен кўкда кўз очгин, баҳор.

Майсалар муроди бўйламоқ бўлса,
Ирмоқлар шўху шаън куйламоқ бўлса,
Болари бол билан сийламоқ бўлса,
Кел, гуллар тўшалган из очгин, баҳор,
Меҳру муҳаббатдан сўз очгин, баҳор.

Дарахтлар шохида соғинч сарғайди,
Ариқлар бўйида овунч мудрайди,
Сен қайда юрибсан, эрка қиз, дайди,
Ҳар кифтга бир чимдим нур сочгин, баҳор,
Ҳар кафтга бир ҳовуч дур сочгин, баҳор.

Кел энди, куртаклар инжулар сочсин,
Турналар кўклардан кулгулар сочсин,
Кўнгиллар кўшкини туйғулар очсин,
Муштоқ нигоҳларга йўл очгин, баҳор,
Дуогўй момомдек қўл очгин, баҳор.

Қувонч қўша келса кўзлар ёшланар,
Элнинг баракаси сендан бошланар,
Сени чорлайверар сенга ташналар,
Жаннатий диёрга жамол бўл, баҳор,
Эзгу ниятларга камол бўл, баҳор.

Маҳмуд ТОИР,
Ўзбекистон халқ шоири.

Турналар — кўклам элчилари
Бу сафар юртимизга турналар ҳар галгидан эрта келиб, пастлаб учишди.  Кексаларнинг айтишича, бу — йилнинг яхши келишидан аломат. Зеро, турналар
пастлаб учган элда тўкинлик ва фаровонлик, тинчлик ҳамда хотиржамлик бўлади.
Турналарни “Жаннат қушлари” деб ҳам атайдилар. Чунки улар табиатнинг асл қиёфаси сақланган хилват гўшалар, тинчлик ҳукм сураётган ўлкаларда қўним топишади. Ҳар баҳорда диёримизга ташриф буюриб, тўқайзор, чакалакзор, ботқоқликлар, дарёлар соҳили ва қамишзорлар орасида уялаб, полапон очиши қалбимизда ажиб ҳисларни уйғотади.
Ер юзида мавжуд қушларнинг бешдан бир қисмигина бир жойда муқим яшайди. Қолганлари совуқ тушиши олдидан иссиқ ўлкаларга учиб кетади. Қишни Нил дарёси водийсида ўтказадиган турналар эса баҳор келиши билан қадрдон ўлкаси — Ўзбекистонимизга учиб келади.
Табиат ошуфталарининг айтишича, бу гўзал қушлар жуда ҳисобдон бўлиб, об-ҳаво исиб ёки совиб кетишини  тўғри баҳолашади. Шунинг учун ҳам, кексалар кўклам бошланганини турналар келганидан мўлжал олишади.
Шуни айтиш керакки, ҳеч қайси қуш галаси турналардек тизилиб учмайди. Улар саф бошидаги етакчи орқасидан тинмай қанот қоқиб, минглаб километр масофани босиб ўтади. Кундузи ҳам, тунда ҳам, туман ва ёмғирда ҳам учаверади. Бу жараёнда, айниқса, етакчига катта масъулият юкланади: ҳаво тўсиғини ёриб, йўлни тўғри танлаш керак. Шу боис у галадаги бошқа тажрибали турналар билан тез-тез алмаштирилади. 
Яна шундай ҳикоя қилишади: турналар сафар олдидан далалар устидан пастлаб учиб, аллақандай овоз чиқариб “чирқиллайди”. Бу чақириқ бўлиб, уни эшитган митти қушлар турналар галаси ортидан йўлга тушади. Турналар қанотлари остида қалдирғочларни олиб келади, дея бежиз айтишмайди-да!
Ҳақиқатан ҳам, турналар яхшилик ва эзгулик элчиларидир. Улар кўкда тизилиб, орзиқиб кутилган баҳорни, илиқ-иссиқ кунлар тафтини олиб келадилар.
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси мутахассисларининг айтишича, диёримизда турналарнинг энг йирик тури — оқ турна учрайди. Уларнинг вазни саккиз килограммгача етади. Асосан, Амударё ва Сирдарё ҳавзалари, шунингдек, кўл қирғоқларида қўним топиб, кўпаяди. Бироқ бу ноёб қушларнинг сони дунё бўйича тобора камайиб бораётгани ташвишланарлидир.
Ҳар йили кўклам чоғида узоқ ўлкалардан учиб келиб, дарёларнинг соҳилларига сув ичиш учун қўнар экан, шу аснода тин олиб, куч йиғишади. Сўнгра мусаффо осмонимиз узра яна парвоз қилади. Буни кўрган болалар “Арғамчи бўл, гилам бўл!” дея ҳайқириб чопишади. Бунга ҳамоҳанг қушларнинг ҳали арғимчоқ солиб, ҳали тўпланиб учиши, чиндан-да, ҳайратланарли. Бу юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик рамзидир, аслида.

С. РАҲМОНОВ.

Наботот

Шифобахш гиёҳлар ошёни
Кейинги пайтларда жаҳон фармацевтика саноатида доривор ўсимликларга бўлган талаб тобора ортмоқда. Сабаби, бундай хом ашё асосида тайёрланган дори воситалари муолажадан сўнг организмда
ҳеч қандай асорат қолдирмайди. Сунъий йўл билан олинган дори-дармонларнинг узлуксиз қабул қилиниши эса киши вужудининг фаолияти ва тузилиши бузилишига олиб келиши аллақачон исботини топган. Шу боис юртимизда қадим-қадимдан кўпгина хасталикларни даволашда ўсимликлардан фойдаланиб келинган.
Мамлакатимизда шифобахш гиёҳлар ўсадиган табиий ҳудудларни муҳофаза қилиш, унинг деҳқончилигини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани эса фармацевтика саноатини хом ашёлар билан таъминлашда муҳим омил бўлаяпти. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг, Ўрмон хўжалиги бош бошқармаси хузуридаги “Шифобахш” илмий-ишлаб чиқариш маркази фаолияти айни шу мақсадга йўналтирилгандир.
Аслида, ўлкамиз флораси ниҳоятда ранг-баранг бўлиб, ўсимликларнинг 4500 дан ортиқ тури учрайди. Шундан 600 дан зиёди шифобахш хусусиятларга эга. Марказимиз томонидан бундай наботот намуналари табиатга зиён етказилмасдан йиғиштириб олингач,  бирламчи қайта ишланади ва қадоқланиб, истеъмолчиларга етказиб берилади. Бунда республикамизнинг тупроқ-иқлим ва сув шароитлари инобатга олиниб, бешта ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалиги ташкил қилингани айни муддао бўлмоқда.
Ушбу хўжаликларда диёримиз табиатида учрайдиган доривор ўсимликларни парваришлашдан ташқари, чет эллардан келтирилган ноёб турларни иқлимлаштириш, уларни кичик-кичик сой ва булоқлар атрофларида маданий ҳолда ўстириш ишлари ҳам олиб борилади. Бундан кўзланган асосий мақсад соғлиқни сақлаш тизими ва фармацевтика саноати корхоналари учун мустаҳкам хом ашё базасини яратиш, қолаверса, доривор ўсимликларнинг табиатда йўқолиб кетиши ва табиий захиралари камайишининг олдини олишдан иборат. Масалан, бугунги кунда ўрмон хўжаликларимизда ўлкамиз табиатига хос бўлган ва чет элдан олиб келинган пол-пола, маккаи сано билан бирга, мойчечак, тирноқгул, қалампир ялпиз, арслонқулоқ, чой ўти, тоғ райҳони, бўймадарон, баргизуб, кийик ўти, наъматак, қизил дўлана, қариқиз, жағ-жағ каби бир қанча ўсимликлар маданийлаштирилган ҳолда ўстирилмоқда. Натижада йилига 300-350 тоннадан зиёд доривор ўсимликлар тайёрланаяпти. Уларнинг маълум қисми хўжаликларнинг ўзида бирламчи қайта ишланиб, истеъмолчиларга қадоқланган ҳолда тавсия этилаётгани қувонарлидир.
Таъкидлаш керакки, заминимизда учрайдиган гиёҳлар асосида тайёрланган маҳсулотларга хорижда ҳам талаб юқори. Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари ўрмон хўжаликлари томонидан етказиб берилаётган дуғбой ва алқор ўсимликларига, айниқса, эҳтиёж катта. “Salvare” масъулияти чекланган жамиятида улар асосида сафро ҳайдовчи йиғмалар тайёрланиб, маҳсулотнинг асосий қисми чет давлатларга сотилаяпти. Бундан ташқари, марказимиз билан ҳамкорликда “Протон” илмий-ишлаб чиқариш корхонасида наъматак ва бошқа 6 хил шифобахш гиёҳдан талқонсимон йиғмалар тайёрлаш йўлга қўйилган. “Double D” савдо белгиси остида чиқарилаётган ушбу воситалар эса экспорт қилинмоқда.   
Шифобахш гиёҳлар маданий ҳолда етиштирилишининг афзал жиҳатлари кўп. Бу усул, аввало, фармацевтика саноати учун бир хил ёш ва типдаги хом ашё қабул қилиб олиш имконини берадики, пировардида қайта ишлаш жараёни енгиллашади. Шу маънода, халқ табобатида кўп йиллар давомида ишлатилиб келинаётган доривор ўсимликларнинг илмий табобатда кенг қўлланилишига яқиндан кўмаклашиш катта аҳамиятга эга. Зеро, шифобахш ўсимликларни тайёрлаш ҳажми ва турининг кўпайиши халқимизнинг ҳаётбахш неъматларга бўлган эҳтиёжи тўла-тўкис қондирилиб, аҳоли соғлиғи мустаҳкамланишининг гаровидир. 

Учқун ИДРИСХЎЖАЕВ,
«Шифобахш» ИИЧМ бош директори ўринбосари.

Наврўзнафаси

Ялпиз
Баҳорнинг “илиг-узилди”сида кишининг арзимаган меҳнат жараёнида силласи қуриши кузатилади. Негаки, инсон организми қиш давомида ҳаётбахш моддаларга “очиқиб” қолади. Кўкламнинг илк кунларида табиатимиз инъом қиладиган неъматлар эса унинг ўрнини тезда қоплаш имконини беради. Ялпиз — шундай қувватбахш гиёҳлардан бири.
Дарҳақиқат, баҳор элчиси ҳисобланган ялпиз организмнинг иммунитетини ошириб, танга дармон бағишлайди. Унинг хуш бўйи эса киши асабларини тинчлантириб, кайфиятини кўтаради.
Совуқ кунлар чекиниши билан офтобрўй жойлар, ариқ, жилға ва сой четларида ялпиз қўшқулоқ бўлиб бўй кўрсатади. Ундан тайёрланган сомса, чучвара ва суюқ таомлар иштаҳангизни очиши билан бирга, танангизга тетиклик бағишлайди. Чунки унинг таркибида кўп миқдорда эфир мойлари ва органик кислоталар мавжуд.
Ялпиз нафақат зиравор, балки кўплаб хасталикларнинг давоси сифатида алоҳида қадрланади. Абу Али ибн Сино ичак оғриқларини ялпиз ёрдамида даволаган. Шунингдек, у овқат ҳазм қилишни яхшилаш, гижжа ҳайдаш, қон тўхтатиш, қайт қилишни қолдириш хусусиятига эга эканлигини алоҳида қайд этган.
Халқ табобатида ялпиз баргидан тайёрланган қайнатма тиш оғриғи, милк яллиғланишини даволашда қўлланилади. Бундан ташқари, бу кўклам неъмати бавосил, ширинча, мичал касалликларини даволашда яхши самара бериб, ошқозон-ичак йўли фаолиятини яхшилайди ва сафро ҳайдаш хусусиятини оширади.
Шундай экан, соғлиғингизни мустаҳкамлай десангиз, ялпиз истеъмол қилинг.

Доно ХЎЖАЕВА,
олий тоифали доришунос.

Энг, энг, энг…
Дельфин организмининг энг йирик аъзоси унинг мияси саналади: мия яримшарлари уйқу пайтида ҳам навбатма-навбат ишлайди. Бу эса дельфинларнинг сув остида уйқуга кетган чоғида нафас олиши билан бирга, чўкиб кетмаслигини таъминлайди.

Агар энг юқори частотали овозни итларгина эшита олади, деб ўйласангиз, адашасиз. Бу борада Ява, Суматра ва Калимантан оролларида учрайдиган қурбақалар анча пешқадам саналади. Улар 38 кГцгача бўлган овозни бемалол эшита олиши аниқланган. Бақаларнинг бу тури тезоқар дарёларда яшагани туфайли шундай хусусиятга эга.

Кенгурунинг 70 га яқин тури мавжуд бўлиб, улар орасида валлаби энг кичиги ҳисобланади. Халталиларнинг энг йириги эса қизил кенгурудир. Унинг вазни 90 килограммгача етади.

Айиқлар ичида энг кичиги — бу коала. У 3-5 грамм оғирликда туғилади. Катталарининг вазни 15 килограмм, бўйи 80 сантиметрга етади.

Денгиз жониворлари ичида энг катта юрак китларга тегишли. Уларнинг бу органи 600-700 килограммни ташкил этади. Аммо у ҳар дақиқада 
20 марта уради, холос.

Кўк кит энг кўп, яъни 120 йилгача яшаши мумкин.

«Экологик боғ»даги сабоқ
Ёш авлоднинг экологик маданияти ва билимини ошириш, уларда она-табиатга нисбатан меҳр уйғотишда мактабдан ташқари таълим муассасалари муҳим ўрин тутади. “Баркамол авлод”  республика болалар ўлкашунослик ва экология маркази ана шундай муассасалардан бири. Мажмуанинг ўзида экологик йўналишдаги бир неча фан тўгараклари ташкил этилган бўлиб, машғулотлар илғор педагогик, ахборот технологиялари асосида умумий ўрта таълим фанлари — табиатшунослик, биология, зоология, география, физика сингари қатор йўналишлар уйғун ҳолда ўргатилади.
Марказда ташкил этилган тўгаракларда ўқувчилар томонидан жонажон юртимиз тарихи, археологик ва маданий мероси чуқур ўрганилиши баробарида, табиий бойликлар билан ҳам таништириб борилади. Машғулотларнинг табиат қўйнида — марказ қошидаги “Экологик боғ”да ўтказилиши ўқувчиларнинг тасаввурлари кенгайишига хизмат қилади.  Қолаверса, ўқувчи-ёшларнинг табиат қўйнига, хусусан, юртимизнинг тоғли ҳудудларига уюштириладиган экскурсиялар, давра  суҳбатлари ҳам уларнинг экологик билимларини оширишга қаратилган.
Масалан, ўтган йили бир неча бор “Юртим тарихини ўрганаман” шиори остида мустақиллик йилларида бунёд этилган иншоот ва мажмуаларга, шунингдек, тарихий қадамжолар, табиатнинг бетакрор мўъжизалари, маданият масканларига саёҳатлар уюштирилди. Бунда ҳар бир обиданинг тарихи, маънавиятимизда тутган ўрни ҳақида тушунтиришлар бериб борилди. Бу эса, табиийки, навқирон авлодда ўз юртига бўлган ҳурматни, унинг тарихини ўрганишга, тадқиқ этишга бўлган  иштиёқни янада оширади. Бундай саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, ўқувчи-ёшлар ўлкашунослик, юртимиз тарихи ва экологияга оид кўплаб танловларда муваффақиятли қатнашиб келмоқда. Чунончи, “Обод юрт — бахтли келажак”, “Ободлик кўнгилдан бошланади”, “Оила — маҳалла — таълим даргоҳи”, “Ватан келажаги учун менинг ҳиссам” мавзуидаги танловлар, “Ёш табиатшунос”, “Ёш экскурсовод” ва “Ёш ўлкашунос” акциялари шулар жумласидандир. Қолаверса,  Ватанимиз тарихи, аждодларимизнинг амалга оширган улкан ишлари ҳамда диёримиз гўзаллиги билан таништириш мақсадида тўгараклар аъзолари иштирокида Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларига саёҳатлар уюштирилди.
Марказимизнинг ўзига хос томонларидан яна бири, бу ерда фаолият кўрсатаётган педагоглар томонидан вилоятлардаги “Баркамол авлод” марказлари учун методик  қўлланмалар ҳам тайёрланади.
Марказимизда ахборот-ресурс маркази фаолияти ҳам йўлга қўйилган бўлиб, бу ерда 3 мингга яқин ўлкашунослик ва экологик мазмундаги дарсликлар, қўлланмалар, услубий тавсияномалар, ҳайвон ҳамда ўсимликлар ҳаётига бағишланган 100 дан ортиқ видеофильмлар мавжуд.
Жорий йилнинг мамлакатимизда “Соғлом бола йили” деб номланиши марказ фаолиятини янада такомиллаштириш, мавжуд тўгаракларга ўқувчилар қатновини кенгроқ жалб этиш вазифасини юклайди. Шу  мақсадда муассасамизда муайян ишлар амалга оширилаяпти. Хусусан, “Очиқ эшиклар куни” тадбирлари доирасида юртимиз зиёлилари, ҳунармандлар иштирокида учрашувлар, касбга йўналтирувчи суҳбатлар, кечалар ўтказилмоқда.
Ўз навбатида, буларнинг барчаси баркамол авлодни миллий қадриятларимизга садоқат руҳида тарбиялаш, улар онгида Ватанга муҳаббат ғояларини шакллантиришга қаратилгандир. 

Лола ЕШМУРЗАЕВА,
«Баркамол авлод» Республика болалар ўлкашунослик ва экология маркази директори.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: Мингйиллик кўллар мавжи »