Устюрт кенгликларида
  • 23 Июнь 2014

Устюрт кенгликларида

Устюрт кенгликлари азалдан ўзининг ноёб ҳайвонот дунёси билан машҳур. Бу ерда, шўрроқ бўлса-да, ичимлик сувининг мавжудлиги, аҳоли манзилларининг йироқлиги, “Сариқамиш” кўли ён-атрофларида озуқа манбаларининг мўллиги бир қатор нодир ҳайвонлар сақланиб қолиши ва кўпайишида  муҳим омил бўлмоқда. Саҳрода тўда-тўда бўлиб юрган Устюрт тоғ қўчқорлари, қулонлар, қобону сиртлонлар, қорақулоқлар галаси ана шундан дарак беради. Ҳозирги кунда саҳронинг тепа қисмидан сувлагани чангалзорлар орқали ҳавзалар томон келаётган жайрон, сайғоқларни учратиш оддий ҳолга айланган.

Оролбўйи минтақаси табиатида кузатилаётган бундай ижобий натижаларга эришишда Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тизимига қарашли инспекциямизнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Негаки, у бундан етти йил муқаддам ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ишларини янада кучайтириш, ноқонуний овчиликнинг олдини олиш мақсадида ташкил этилган. 

Ҳайвонларни ноқонуний овлашга қарши курашишда рўйхатга олинмаган транспортларни ушлаш, ҳужжатсиз ёки муддати ўтган ҳужжатли қурол-аслаҳаларни мусодара қилишда чегара қўшинлари, божхона ходимлари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган чора-тадбирлар муҳим аҳамият касб этмоқда. Зеро, биргина рейд мобайнида Устюртда 7 та мотоцикл олиб қўйилгани, “Қизил китоб”га киритилганига қарамасдан, 302 та сайғоқ шохларини қўшни мамлакатдан юртимизга олиб кираётган браконьерлар тўхтатиб қолингани бунинг тасдиғидир. Ахир 302 та шох — бу 151 бош эркак сайғоқ ўлдирилди, деганидир. Табиатда айни пайтда 10-15 урғочи сайғоққа битта эркаги тўғри келишини инобатга оладиган бўлсак, ушбу ноёб жониворнинг кўпайишига қанчалик тўсқинлик қилинганини англаш қийин эмас.

Устюрт кенглиги Ўзбекистондаги сайғоқлар яшайдиган ягона ҳудуддир. Олимларнинг фикрича, у энг қадимий жониворлардан бири бўлиб, чўл шароитига ниҳоятда мослашган. Чўл ва яримчўл экотизимини сақлаш, уларнинг асл табиий мувозанатини барқарорлаштиришда муҳим аҳамиятга эга. Бироқ жониворнинг шохлари учун овланаётгани ташвишланарлидир. Инспекциямиз фаолият бошлаганидан буён бевосита ходимларимиз саъй-ҳаракати билан сайғоқларга қирон келтирган 10 нафар қонунбузар қўлга олиниб, қурол-аслаҳалари, автомобиллари мусодара қилинди. Жорий йилнинг ўтган 5 ойида эса қонунбузарларга 800 миллион сўмликдан зиёд жарима солинди. 

Бундай қатъий, муросасиз чоралар ўзининг самарасини бермоқда. Бугун Султон Увайс тоғ тизмаларига туташган Ўғрисой атрофларида илгари Оролбўйи табиатида учрамаган жонивор — жайра тўсатдан олдингиздан чиқиб қолса, ажабланманг. Устюрт кенгликларида яйраб юрган тоғ қўчқорлари, жайрон ва сиртлонлар тез-тез кўзга ташланиши ҳам бор гап. -Зотан, бундай ажойиб ҳайвонлар “Сариқамиш” сув ҳавзасининг ажралмас бўлагига айланган.

Албатта, буларнинг барчаси мамлакатимиз раҳбарининг ташаббуси билан табиатни муҳофаза қилиш, экологик барқарорликни таъминлаш мақсадида  соҳага қаратилаётган алоҳида эътибор натижасидир. Зеро, она-табиатимизни кўз қорачиғидек асраш, унинг бағрида эркин ўсиб-унаётган ноёб турлар учун етарли шарт-шароитлар яратиш бизнинг эзгу мақсадимиз, зиммамиздаги асосий вазифамиздир.

Мақсет ҚОСБЕРГЕНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ихтисослаштирилган Амударё инспекцияси бошлиғи.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Жайронлар ошёни Ўқинг, қизиқ! »