Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармойиши
  • 10 Март 2015

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармойиши

2015 — 2019 йилларда Гулистон шаҳрида дренаж тизимини янада такомиллаштириш, мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва ер ости сув сатҳини камайтириш, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш тўғрисида

Ер ости сув сатҳини камайтиришга қаратилган дренаж тизимини янада такомиллаштириш, Гулистон шаҳрининг архитектура-режалаштириш қиёфаси ва инфратузилмасини тубдан яхшилаш учун зарур шароитлар яратиш ҳамда шу асосда аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш мақсадида:
1. 2015 — 2019 йилларда Гулистон шаҳрида дренаж тизимини янада такомиллаштириш, мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва ер ости сув сатҳини камайтириш, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш бўйича Республика комиссияси таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Республика комиссияси (Ш. Мирзиёев) Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Сирдарё вилояти ҳокимлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар, акциядорлик компаниялари, уюшмалар ҳамда хўжалик бирлашмалари билан ҳамкорликда уч ой муддатда 2015 — 2019 йилларда Гулистон шаҳрида дренаж тизимини янада такомиллаштириш, мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва ер ости сув сат-ҳини камайтириш, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш дастурининг қуйидаги чора-тадбирларни кўзда тутадиган лойиҳасини ишлаб чиқсин ва ўрнатилган тартибда тасдиқлаш учун киритсин:
илмий гидрогеологик тадқиқотлар ўтказиш ва улар асосида мелиоратив-ирригация тармоқлари ҳамда сув сатҳини туширишнинг бошқа инфратузилмасини такомиллаштириш, шунингдек, «Дўстлик» канали ва унга ёндош коллекторларда бетонлаш ва фильтрланишга қарши ишларни бажаришга доир чора-тадбирларни амалга ошириш, бунда бутун тизимдан фойдаланиш бўйича ихтисослаштирилган хизматни мустаҳкамлаш;
Гулистон шаҳрининг архитектура-режалаштириш қиёфасини янгилаш ва шаҳар қиёфасига мос янги майдон ва хиёбонлар барпо этиш ва мавжудларини реконструкция қилиш орқали архитектура ансамбллари ташкил этиш;
йўл-транспорт инфратузилмаси тизимини тубдан такомиллаштириш, бунда умумий фойдаланиладиган автомобиль йўллари ва магистрал кўчаларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашни кўзда тутиш;
сув таъминоти, канализация, ирригация, электр, газ ва иссиқлик таъминоти ҳамда телекоммуникация тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш орқали муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини модернизация қилиш;
мавжуд уй-жойларни реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ҳисобидан уй-жой фондини қайта ташкил этиш;
аҳоли, айниқса, ёшларга ижтимоий хизмат кўрсатиш ва уларнинг дам олишига оид масалаларни комплекс равишда ҳал этишни таъминлайдиган объектларни реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ҳисобидан ижтимоий соҳа ва бозор инфратузилмасини ривожлантириш.
3. Сирдарё вилояти ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, «ЎзшаҳарсозликЛИТИ» давлат унитар корхонаси ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар, акциядорлик компаниялари, уюшмалар ҳамда бошқа хўжалик бирлашмалари билан биргаликда бир ой муддатда Гулистон шаҳрининг 2030 йилгача бўлган давр учун Бош режасини ишлаб чиқишни якунласин ва Вазирлар Маҳкамасига белгиланган тартибда тақдим этсин, бунда шаҳар дренаж тизимини такомиллаштириш бўлимини сифатли ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратсин.
4. Мазкур фармойиш ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. Мирзиёев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти         И. КАРИМОВ

Тошкент шаҳри, 2015 йил 9 март

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn