Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш марказини ташкил этиш тўғрисида
  • 21 Июнь 2017

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш марказини ташкил этиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори

Мустақиллик йилларида халқимизнинг бой тарихи ва маданиятининг ажралмас бир қисмини ташкил этадиган, маънавий тараққиётимиз учун ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлган қадимий қўлёзмалар, санъат асарлари, осориатиқаларни сақлаш, уларни илмий тадқиқ этиш, юртимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида тарғиб қилиш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Ана шундай ноёб тарихий-маданий ашёлар нафақат халқимиз маданиятининг нодир дурдоналари, балки жаҳон миқёсидаги йирик коллекциялар ҳисобланади.

Шу билан бирга, мамлакатимиз тарихи ва маданиятига оид кўплаб қимматбаҳо экспонатлар хорижий давлатларнинг музейлари ва архив фондларида сақланмоқда. Ушбу маданий мерос ёдгорликларини аниқлаш ва тадқиқ этиш, имкон қадар мамлакатимизга олиб келиш юзасидан кейинги йилларда муайян ишлар қилинди.

Айни вақтда халқимиз, хусусан, ёшларимизни ана шу бебаҳо маънавий бойликдан баҳраманд этиш, тарихимиз ва маданиятимизнинг номаълум саҳифаларини чуқур ўрганиш, чет эллардаги Ўзбекистонга оид маданий бойликлар ҳақида тўлиқ маълумотлар базасини яратиш, бу йўналишдаги ишларнинг самарадорлигини янада ошириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Фанлар академияси, “Ўзархив” агентлигининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш марказини (кейинги ўринларда Марказ деб юритилади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

миллий ва хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда, чет элларда сақланаётган, мамлакатимиз тарихи ва маданиятига оид маданий бойликларни аниқлаш, уларнинг тўлиқ маълумотлар базаси — реестрини яратиш ва уни мунтазам янгилаб бориш, шунингдек, ана шу тарихий экспонатларнинг асл ёки кўчирма нусхаларини, фото ва видеотасвирларини юртимизга олиб келиш, тегишли илмий марказлар, хусусан, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти билан биргаликда илмий тадқиқотлар олиб бориб, эришилган натижаларни илмий муомалага киритиш борасидаги ишларни мувофиқлаштириш;

фаолият йўналиши бўйича хорижий давлатлардаги музей ва фондлар, архивлар, илмий-маданий муассасалар билан ўзаро маданий алоқаларни йўлга қўйиш, турли анжуманлар, конференция ва кўргазмалар ташкил этиш;

чет мамлакатларда сақланаётган маданий бойликларни юртимизга қайтариш юзасидан музокаралар олиб бориш ва зарур чора-тадбирлар кўриш, бу борада халқаро миқёсдаги илғор тажрибани ўрганиш ва амалиётга жорий этиш;

маданий бойликларнинг олиб кирилиши ва олиб чиқилиши тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиниши ва самарали бажарилишини таҳлил қилиш, уларни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, шунингдек, халқаро шартномалар ва умумэътироф этилган нормаларни миллий қонунчилигимиз нуқтаи назаридан атрофлича ўрганиш;

хориждаги мамлакатимиз тарихи ва маданиятига оид маданий бойликларни оммавий ахборот воситаларида, жумладан, глобал интернет тармоғида кенг ёритиш, улар ҳақидаги библиографик тўпламлар, каталоглар, китоб-альбомлар ва бошқа матбаа маҳсулотларини турли тилларда нашр этиб бориш;

тўпланган материалларни мамлакатимиз ва жаҳон миқёсида илмий муомалага киритиш.

3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш марказининг таркибий тузилмаси 

1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Марказ директорига, зарурат туғилган ҳолларда, Марказнинг таркибий тузилмасига ходимларнинг белгиланган умумий чекланган сони доирасида ўзгартишлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

4. Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш ишларини мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси (кейинги ўринларда Комиссия деб юритилади) 2-иловага мувофиқ таркибда тузилсин ва қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

Марказ томонидан мамлакатимиз тарихи ва маданиятига оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш юзасидан олиб бориладиган илмий тадқиқот ишларини -мувофиқлаштириш;

Марказнинг йиллик фаолият режасини тасдиқлаш ва унинг амалга оширилиши учун кўмаклашиш, шунингдек, заруратдан келиб чиққан ҳолда, Марказга юкланган асосий вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида, Марказнинг таклифига асосан унинг мутахассислари ва бошқа ташкилотлардан Марказга жалб қилинадиган экспертларни хорижий давлатларга сафарларга жўнатиш ишларини мувофиқлаштириш;

ҳар чорак якуни бўйича Марказ ҳисоботларини эшитиш, унинг фаолияти самараси ва натижадорлигини баҳолаш;

мамлакатимиз тарихи ва маданиятига оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва бу борада зарур чора-тадбирларни амалга ошириш.

5. Белгилаб қўйилсинки:

Марказ Комиссиянинг ишчи органи ҳамда Марказ директори, лавозимига кўра, Комиссиянинг масъул котиби ҳисобланади;

Марказ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Таълим, илм-фан ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаменти мутасаддилигида фаолият юритадиган, юридик шахс мақомига эга бўлган давлат муассасаси ҳисобланади;

Марказ директори ва унинг ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади;

Марказ ходимларига Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси илмий-тадқиқот муассасаларининг тегишли лавозимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари қўлланади;

Марказ Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Санъатшунослик институтининг Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, Мустақиллик майдони, 2-уй манзилидаги биносига бепул фойдаланиш ҳуқуқи билан жойлаштирилади;

Марказ фаолияти натижасида хорижда сақланаётган, мамлакатимиз тарихи ва маданиятига оид маданий бойликларнинг асл ёки кўчирма нусхалари, фото ва видеотасвирлари Ўзбекистон Республикасига олиб келинганида (қайтарилганида), зарур илмий тадқиқот ишлари бажарилганидан сўнг, улар Комиссиянинг хулосасига асосан, тегишли давлат музейлари тасарруфига бепул ўтказиб берилади.

6. Қуйидагилар Марказ фаолиятини молиялаштиришнинг асосий манбалари этиб белгилансин:

Марказни сақлаб туриш харажатлари, шунингдек, 

2017 йилда Марказнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш билан боғлиқ харажатлар учун ажратиладиган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

давлат буюртмаси асосида илмий тадқиқотларни бажариш учун Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги томонидан ажратиладиган мақсадли грант маблағлари;

Марказ мутахассислари ва бошқа ташкилотлардан унга жалб қилинадиган экспертларни хорижий давлатларга хизмат сафарларига юбориш ва чет эллик мутахассислар (экспертлар)ни жалб этиш харажатлари ва Марказ фаолияти билан боғлиқ бошқа харажатлар учун тадбиркорлик фаолиятидан, жумладан, ноширлик фаолиятидан тушадиган маблағлар, халқаро молиявий институтлар, хорижий ташкилотлар, донор мамлакатлар ва ташкилотларнинг грантлари, шунингдек, ҳомийлик хайриялари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

7. Фан ва технологиялар бўйича Давлат комиссияси Марказнинг хорижда сақланаётган, мамлакатимиз тарихи ва маданиятига оид маданий бойликларни ўрганиш ишларини ташкил этиш учун ҳар йили илмий жиҳатдан асосланган тадқиқотларга давлат буюртмасини белгиланган тартибда тасдиқласин.

Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги Фан ва технологиялар бўйича Давлат комиссияси томонидан ҳар йили тасдиқланадиган давлат буюртмасида белгиланган илмий тадқиқотлар учун давлат илмий-техник дастурлари доирасидаги илмий-техник лойиҳаларга ажратиладиган бюджет маблағлари ҳисобидан мақсадли грантлар ажратилишини таъминласин.

8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

ушбу қарорда назарда тутилган харажатлар учун зарур бюджет маблағларини 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида ижтимоий соҳа бўйича кўзда тутилган маблағлар доирасида ажратсин, 2018 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг параметрларида ушбу соҳага ажратилган маблағлар доирасида назарда тутсин;

бириктирилган битта хизмат автотранспортини сақлаб туриш учун лимит ажратсин.

9. Белгилаб қўйилсинки:

чет эллик мутахассислар (экспертлар)нинг меҳнатига ҳақ тўлаш миқдори Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг Молия вазирлиги билан келишилган таклифлари асосида меҳнат шартномасида белгиланади ва эркин конвертация қилинадиган валютада амалга оширилади;

чет эллик мутахассислар (экспертлар)га Ўзбекистон Республикасида бўлган даврида бир кунлик сафар харажатлари 20 АҚШ долларига тенг миқдорда, кундалик меъёр бўйича, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг тўлов кунидаги курси бўйича миллий валютада тўланади;

чет эллик мутахассислар (экспертлар)нинг бир ойдан ошмаган муддатга тузилган қисқа муддатли меҳнат шартномалари бўйича мамлакатимизда яшаш харажатлари Марказ томонидан миллий валютада тўланади, бир ойдан ортиқ муддатга тузиладиган меҳнат шартномалари бўйича чет эллик мутахассислар (экспертлар)нинг яшаш харажатлари учун тўловлар, тузилган шартнома шартларига мувофиқ, ойлик маошларни тўлашда амалга оширилади;

мамлакатимиз тарихи ва маданиятига оид, хорижда сақланаётган маданий бойликларни аниқлаш, улар ҳақида тўлиқ маълумотлар базасини шакллантириш ва тадқиқ этиш учун жалб этиладиган чет эллик мутахассислар (экспертлар)нинг Марказ билан тузилган меҳнат шартномаси доирасида олинадиган даромадлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлашдан озод этилади.

10. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги бир ой муддатда, белгиланган тартибда, Марказни зарур алоқа турлари ва воситалари, жумладан, Ҳукумат телефон алоқаси билан таъминласин, шунингдек, кенг қамровли интернет тармоғидан фойдаланиш имкониятини яратиб берсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва хизмат кўрсатадиган тижорат банкларига Марказнинг буюртманомалари бўйича Марказ мутахассисларининг ва унга бошқа ташкилотлардан жалб қилинадиган экспертларнинг хорижий хизмат сафарлари ҳамда чет эллик мутахассислар (экспертлар)нинг меҳнатига ҳақ тўлаш билан боғлиқ харажатлар учун маблағларни конвертация қилиш тавсия этилсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги:

Марказнинг хорижий давлатларга хизмат сафарига борадиган мутахассислари ва бошқа ташкилотлардан жалб қилинадиган экспертлар Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги элчихоналари вакиллари томонидан кутиб олиниши, кузатиб қўйилиши, визалар расмийлаштирилишида ва таржимонларни бириктиришда ҳамда Марказнинг хорижий мамлакатлардаги тегишли ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва ривожлантиришда амалий ёрдам кўрсатсин;

Марказнинг буюртманомаларига биноан, чет элдан жалб этиладиган хорижий мутахассислар (экспертлар)га кириш визалари консуллик йиғимлари ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан расмийлаштирилишини белгиланган тартибда таъминласин.

13. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Марказнинг буюртманомаларига биноан, чет элдан жалб этиладиган хорижий мутахассислар (экспертлар)га давлат божи ундирилмасдан, кўп марталик кириш визалари берилишини ва уларнинг муддати узайтирилишини, шунингдек, уларнинг яшаш жойида вақтинча рўйхатдан ўтказилишини ва вақтинча рўйхатдан ўтказиш муддати узайтирилишини белгиланган тартибда таъминласин.

14. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Марказ фаолиятини таъминлаш, шунингдек, мамлакатимиз тарихи ва маданиятига оид маданий бойликларнинг маълумотлар базаси — реестрини яратиш, уларнинг кўчирма нусхалари, фото ва видеотасвирларини Ўзбекистон Республикасига олиб келиш, турли анжуман, конференция ва кўргазмалар ташкил этиш учун имтиёзли хорижий кредитлар ва грантларни жалб қилиш бўйича халқаро молиявий институтлар ва хорижий донорлар билан тизимли ишлар олиб борсин.

15. Марказ:

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва Маданият вазирлиги билан биргаликда, бир ой муддатда, Марказга малакали мутахассислар пухта танлов асосида танлаб олиниши ҳамда кадрлар билан тўлдирилишини таъминласин;

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда, икки ой муддатда, қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ҳамда қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

16. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда Марказ ва Комиссиянинг низомини, республика муассасаларидан экспертларни, жумладан, чет эллик мутахассислар (экспертлар)ни меҳнат шартномаси асосида жалб этиш тартибини тасдиқлашни ҳамда бошқа ташкилий масалаларни назарда тутадиган Ҳукумат қарорини қабул қилсин.

17. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х. Султонов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти  Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2017 йил 20 июнь

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn